Русланбек Жиянов "Навбаҳор"да қолгани, янги мавсумдаги режалари ҳақида гапирди

TIGGO 2 PRO

"Навбаҳор" клуби ҳужумчиси Русланбек Жиянов янги мавсумга тайёргарлик жараёнлари, қуръа ва терма жамоа ҳақида ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

"Навбаҳор" жамоасида янги мавсумга тайёргарлик қандай кечмоқда?

Дастлаб, Тошкентда уч ҳафталик йиғин ўтказдик. Биринчи ҳафтада тўпсиз, кўпроқ жисмоний тарафдан ишладик. Иккинчи ҳафта эса майдонга қайтдик. Тошкентдаги йиғинни ажойиб тарзда якунлаб ҳозир Дубайга келдик. 

Мен ва Саидазамат Мирсаидов терма жамоа билан бўлганимиз сабабли кеча клуб сафига келиб қўшилдик. 

Ўтган мавсум "Навбаҳор"да ўтказган мавсумингиздан қанчалик қониқдингиз. Мавсумга ўзингиз учун неча балл қўясиз?

Мавсум бошида чемпионликни мақсад қилган эдик. Афсуски, бунга эриша олмадик. Мавсум сўнггига келиб, кучли учликка кириш муаммога айланди. Охирида эса учинчи ўринни эгалладик. Ўтган мавсумдан қисман қониқдим. Янги мавсумда ҳали қилинмаган ишлар, айтилмаган гаплар бор. Бу мавсумда ўзимни кўрсатишга ҳаракат қиламан. Бу мавсум "Навбаҳор" мухлисларини, раҳбарларини ва ҳокимни хурсанд қиламиз. 

Нима сабаб "Навбаҳор"да қолиш вариантини танладингиз. "Нижний Новгород" билан шартномангиз бор эди?

Таъкидлаганимдек, ҳали "Навбаҳор"да қилинмаган ишларим бор. Клуб, мураббийлар ва ҳамма менга ишонч билдирди. Мухлисларни меҳри, ишончи ҳам бунга сабаб бўлди. 

Тимур Кападзе қўл остида терма жамоанинг Қатардаги йиғини қандай ўтди?

Терма жамоа билан яхши йиғин бўлди. Кунига икки маҳал машғулот олиб бордик. Юкламалар етарли даражада бўлди. Таркибда кўпчилик термага энди борганлар эди. Тимур акани бутун Ўзбекистон халқи қанақа мураббийлигини билади. Тарихда биринчи марта Олимпиадага олиб чиқди. Замоновий футбол тарафдори ва жуда кучли мураббий.

Суперлига янги  мавсумига қуръа ташланди. 1-турида "Навбаҳор" "Динамо" билан ўйнайди. Янги мавсумнинг илк ўйинидан нималар кутяпсиз?

"Қўръа ўтган йилга ўхшаш бўлди. Ўтган мавсум ҳам биринчи турда "Динамо" билан ўйнаганмиз. Янги мавсум ҳам улар билан ўйнаймиз. Қизиқарлик ўйин кутяпман. Янги мавсумни ғалаба билан бошлашга ҳаракат қиламиз", - деди 23 ёшли футболчи.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!