Рустам Ашурматов: "Стадионда "Навбаҳор" деб бақирган мухлисларни тўғри тушуниш керак"
Ўзбекистон миллий терма жамоаси Наманган шаҳрида машғулотларни давом эттирмоқда. Бугун SPORTS.uz сайти жамоамиз ҳимоячиси Рустам Ашурматов билан интервью уюштирди.
– Танаффусдан сўнг яна терма жамоага қайтдингиз. Айни дамда муҳит қандай?
– Яна термага қайтганимдан хурсандман. Муҳит аъло даражада. Тўғри, Қирғизистон билан ўйиннинг дастлабки дақиқаларида озгина қийинчилик бўлди. Кейин ўйинни ўз қўлимизга олишга ҳаракат қилдик. Айрим хатоларни инобатга олмаса, учрашув чиройли ўтди. Муҳими керакли ғалабани қўлга киритдик.
Қирғизистон терма жамоаси ҳам анча ўсишга эришибди. Ҳозирда нафақат Қирғизистонда, балки бутун дунёда футбол жадаллик билан ривожланяпти. Шунинг ҳисобига осон ўйиннинг ўзи йўқ.
– Терма жамоада ҳимоя чизиғидаги рақобат анча кучаймоқда. Бу ҳақда нима дейсиз?
– Термада рақобат ҳар бир позицияда бор. Бунга футболчиларнинг ҳаммаси кўникиб кетган. Терма жамоами ёки клубми, рақобат бўлгани яхши.
– Финалда Уганда термасига қарши ўйнаймиз. Тожикистон билан баҳсда кўриндики, рақиб сафидаги футболчилар жисмонан анча кучли. Бу футболчиларимизга ноқулайлик туғдирмайдими?
– Айтиб ўтганимдек, ҳамма жамоалар ўсишга эришган. Уганда ҳам шулар сафидан. Бу ўйин ҳам осон кечмаслиги аниқ. Ҳар қандай ҳолатда биз ўз устунлигимизни кўрсатишга ҳаракат қиламиз. Сабаби, биз ўз майдонимизда ўйнаяпмиз ва таркибда етарлича тажрибали футболчилар бор. Уларнинг тезкорлиги бизни қўрқита олмайди.
– Умуман олганда, "Navruz Cup" турнири қандай ўтмоқда? Ташкилий ишлар яхши йўлга қўйилганми?
– Мусобақа яхши кайфиятда ўтмоқда. Турнир Наманганда бўлаётгани нафақат футболчилар учун, балки мухлислар учун ҳам анча қизиқ. Биласиз, бу ерда футболни севишади. Умид қиламан, финалда мухлислар стадионни тўлдиришади.
– Қирғизистон билан ўйиндан кейин терма жамоа бош мураббийи Сречко Катанец мухлисларнинг стадионда "Навбаҳор" деб бақиришганига эътироз билдирди. "Лочинлар" футболчиси сифатида бунга қандай қарайсиз?
– Тўғри, орада мухлислар "Навбаҳор", дея бақиришди. Менимча, буни тўғри қабул қилиш керак. Буни шу жамоа футболчиси бўлганлигим учун айтмаяпман. Ўша ўйиндаги 90 фоиз мухлислар "Навбаҳор"ни қўллаб-қувватлайдиган инсонлар. Аммо ич-ичларидан барибир терма жамоамизни яхши кўришади. Ўйин пайтида "Навбаҳор"ни ҳам эслаб ўтишди, холос. Муҳими, бутун учрашув давомида бизни чиройли тарзда олқишлаб туришди. Финалда ҳам мухлисларни хурсанд қилишга ҳаракат қиламиз.
Ж.Қ. суҳбатлашди
Фикрлар