Сафарда "Барса"ни йирик ҳисобда ютган "Юве" пешқадамликни тортиб олди
Чемпионлар Лигаси 6-тур ўйинлари давом эттирилмоқда. Турнир марказий учрашуви "Камп Ноу" стадионида бўлиб ўтди. "G" гуруҳи пешқадами номига ойдинлик киритиб бериши лозим бўлган баҳсда "Барселона" ва "Ювентус" ўзаро беллашди. Якунда туринликлар 3:0 ҳисобида ғалаба қозонди.
Дастлаб, Криштиану Роналду тезкор голи билан жамоасини ҳисобда олдинга олиб чиқди. Ўзи ишлаб олган пенальтини португалиялик юлдуз голга айлантирди. Орадан 7 дақиқа ўтиб, Уэстон МакКенни ҳисобни ишончи кўринишга келтирди. Иккинчи бўлимда ҳакам "Барселона" дарвозасига яна бир пенальти белгилади. Тўп қаршисига яна Роналду келди ва ҳисобни йирик кўринишга келтирди.
Ушбу ғалаба "кекса сеньора"га гуруҳ пешқадамлигини тақдим этган бўлса, "Барселона" 2-ўрин билан плей-оффга йўл олди.
- 90+4'
Учрашув якунланди. Матнли трансляция Жавоҳир Азимов томонидан олиб борилди!
- 90+2'
Криштиану Роналду захирага олинди. Унинг ўрнига Федерико Кьеза ўйинга қўшилди.
- 90'
Ўйиннинг асосий вақтига 4 дақиқа қўшиб берилди.
- 90'
Месси 90 дақиқа давомида Буффон олдида ожиз қолди. Леонинг бу сафарги зарбасини ҳам тажрибали посбон қайтарди.
- 87'
"Кўк-анорранглилар" босимни оширмоқда.
- 85'
Куадрадо ва Мората захирага олинди. Улар ўрнига Бернардески ҳамда Дибала ўйинга қўшилди.
- 84'
Мессининг узоқ бурчакка тўпни айлантириб берган зарбаси бироз ноаниқ кетди.
- 82'
Рональд араухо ўз ўрнини Оскар Мингезага бўшатиб берди.
- 81'
Пьяничнинг зарбаси анча ноаниқ кетди. Айни пайтда "Барса"га бундай зарбалар мутлақо керак эмас.
- 79'
Мессининг жарима майдонига оширган тўпини Буффон ушлаб олди.
- 77'
Хуниор Фирпо ҳам майдонни карточкасиз тарк этмайдиган бўлди.
- 75'
Бонуччининг голи офсайд туфайли инобатга олинмади.
- 73'
"Юве" дарвозасига белгиланган пенальти Гризманнинг офсайдда қолиб кетганлиги туфайли бекор қилинди.
- 72'
Артур ва Рэмзи захирага олинди. Уларнинг ўрнига ўйинни Родриго Бентанкур ва Адриен Рабьо давом эттиради.
- 70'
Рики Пужнинг зарбаси дарвозага аниқ бормади.
- 69'
Карточкалар бироз кўпайиб кетди. Бу сафар Данило огоҳлантирилди.
- 67'
Мезбонлар бурчак тўпини комбинацилг тарзда ўйинга киритди. Қулай позициядан Гризманнинг берган зарбаси ноаниқ кетди.
- 65'
Буффон 4-бор Мессининг зарбасини қайтарди! Жарима майдони чизиғидан тўпни тепган Леонинг уринишидан кейин "Жижи" яхши ҳаракат қилди.
- 62'
Меҳмонларнинг ҳужуми Моратанинг ноаниқ ҳаракати туфайли узилиб қолди.
- 60'
Рақибидан кўра чаққонлик кўрсатган Моратани Умтити йиқитди. Ҳакам уни огоҳлантирди.
- 58'
Марказга узатилган тўпни Нризманн боши билан дарвозага йўллади. Тўп тўсинга тегиб, майдонни тарк этди.
- 57'
Жарима майдони яқинида Данило қоида бузди. "Барса" яна бир стандарт юзага келди.
- 55'
Альба ва Лангле захирага олинди. Улар ўрнига Фирпо ҳамда Умтити ўйинни давом эттиради.
- 54'
Рақибга нисбатан қоида бузган Альваро Мората огоҳлантирилди.
- 52'
ГООООООООООЛЛЛЛЛЛЛ! "Юве" ҳисобни йириклаштирди!
Бу сафар ўзидан чап томонга аниқ зарба берган Роналду дарвозабонга имконият қолдирмади.
- 50'
Жарима майдони ичида тўп Лангленинг қўлига тегди. Видеотакрорларга мурожаат қилган ҳакам пенальти белгилади.
- 48'
Бўлимни Пирло шогирдлари фаол ҳужумлар билан бошлади.
- 46'
Иккинчи бўлим бошланди!
- 46'
Футболқилар майдонга қайтмоқа. Биз ҳам қайтамиз!
- 45+2'
Танаффус!
- 45+2'
"Барселона" футболчиси ҳужумда қоида бузди.
- 45+1'
Мессининг яқин масофадан йўллаган зарбасини яна Буффон ушлаб олди.
- 45'
Биринчи бўлимга 2 дақиқа қўшиб берилди.
- 43'
"Барса" тайм сўнгида хавфли вазият туғдира олди: Дест узатган тўпга Гризманн бироз ета олмади.
- 42'
Мессининг кучли зарбаси ҳимоячидан ўтмади.
- 41'
Месси Тринкауни қулай позицияга чиқариб юборишни режалаштирганди. Бироқ Бонуччи вазиятни ўқиди.
- 38'
Жарима майдони ичидаги тўп учун курашда Педри рақибига имкониятни бой берди.
- 36'
Мессининг навбатдаги зарбасини Буффон ушлаб олди.
- 33'
Тўп назорати "кўк-анорранглилар"да. Орқа чизиқда игончли ўйнаётган "Юве" қарши ҳужумларга таянмоқда.
- 31'
Тезкор қарши ҳужумга ўтаётган Моратага қарши тирсагини ишлатган Лангле ҳам сариқ карточка ишлаб олди.
- 30'
Пьяничнинг зарбаси ноаниқ кетди.
- 28'
Иккинчи қаватдаги тўп учун курашда Рэмзи Ланглега нисбатан қоиду бузди. Ҳакам уни сарик карточка билан жазолади.
- 27'
Ҳакамга эътироз билдирган Альба огоҳлантирилди.
- 24'
Кескин курашлар бошланмоқда. Буёғига кимнинг асаблари мустаҳкам бўлса, ўшанинг қўли баланд келади.
- 22'
Мессининг узоқ масофадан йўллаган аниқ зарбасини Буффон қайтарди.
- 20'
ГООООООООООЛЛЛЛЛЛЛ! "Юве" ҳисобни ишончли кўринишга келтирди!
Жарима майдонига оширилган тўпни МакКенни дарвозага жойлаб қўйди.
- 17'
Дест Мессини тўп билан таъминлашда хатога йўл қўйди. Бироқ тўпни олиб қўйган Мората ҳам уни тезда олдирди.
- 15'
Гол ўтказиб юборган каталонияликлар дарҳол олдинга интилмоқда.
- 13'
ГООООООООООЛЛЛЛЛЛЛ! Роналдууууууууууу!
Нуқта қаршисига келган Криштиану марказга зарба бериб, ҳисобни очди!
- 12'
Роналдуга нисбатан жарима майдони ичида Араухо қоида бузди. Ҳакам нуқтага ишора қилди.
- 11'
Жарима майдонига узатилган тўпга Роналду етиб боролмади. Дарвозабон тўпни эгаллаб олди.
- 9'
Бу сафар Данило ўз омадини синаб кўрди. Зарбага бироз аниқлик етишмади.
- 8'
Илк зарба "Юве"да: Роналдунинг уринишини Тер-Штеген ушлаб олди.
- 7'
Рақибга тўпни топширган туринликлар эрта прессинг уюштирмоқда.
- 5'
Майдон марказида Де Йонг Моратага нисбатан қоиду бузди. "Юве"нинг қарши ҳужуми шу тариқа тўхтатилди.
- 4'
Туринликлар дастлабки дақиқалардан тўп назоратини қўлга олишга ҳаракат қилмоқда.
- 2'
Илк дақиқалардан жамоалар бир-бирини ўрганмоқда.
- 1'
Ўйин бошланди!
- 0'
Чемпионлар Лигасининг оҳангдор мадҳияси янгради! Старт учун барчаси тайёр!
- 0'
Футболчилар майдонга тушиб келмоқда. Роналду ва Месси яна бир яшил майдонда ҳаракат қилади!
Фикрлар