Самвел Бабаян: "Бундай футбол ўзбек футболи ривожига туртки беради"
“Навбаҳор” бош мураббийи Самвел Бабаян “Пахтакор”га қарши ўйиндан кейинги матбуот анжуманида қуйидагиларни айтди:
- Ҳаммага салом. Биринчи навбатда барчани Мустақиллик байрами билан табриклайман. Ҳаммага соғлик-саломатлик ва бахт тилайман. Ғалабамизни Буюк мустақиллигимиз байрамига бағишлайман. Ўйинга келсак, битта жамоага қарши кетма-кет икки марта ўйнаш қийин. Умуман, обьектив баҳо берадиган бўлсак, биринчи учрашувда ҳам бизда яхши имкониятлар бўлди. Дарвозани ишғол қилиш учун кўплаб имкониятлар юзага келди. Айнан ғалаба учун вазиятларимиз етарли бўлган. Бугун эса йигитлар 3-4 марта жуда қулай имкониятлардан фойдаланишлари мумкин эди. Айниқса, учрашув тугашига оз фурсат қолганида ҳам ҳисобни ўз томонимизга оғдиришимиз учун яхши имкониятларга эга бўлдик.
Шунга қарамай, иккала жамоа ҳам бир-бирига қарши муносиб ўйин кўрсатди ва муносиб жамоалар тўқнашуви бўлди. Жуда сифатли ўйин кўрсатдик. Бундай футбол Ўзбекистон футболи ривожига туртки беради. Мана шундай ўйинлар қанча кўп бўлса, ёшларимиз шунча сифатли бўлиб ўсиб бораверадилар. Шунингдек, ўз ишларини сифатли бажарган ҳолда миллий терма жамоага ҳам чақириладилар.
Бугун терма жамоанинг кўплаб аъзолари майдонда ҳаракатланишди. Шу билан кимнинг қандай формада эканлигини кўриб олишга яхши имконият туғилди. Умуман олганда, мавсум аввалида айтилганидек, асосий мақсадимиз клуб брендини янада ривожлантириш ва анъаналарни тиклашдан иборат. Клубнинг шонли тарихини қайтармоқчимиз. Бу йўлда жуда кўп ишлар олиб борилди ва натижаларини кўриб турибмиз. Мен буни бугунги ўйиндан ёки турнир жадвалидан келиб чиққан ҳолда гапирмаяпман. “Навбаҳор”га қанчадан-қанча ёш ўйинчиларнинг қўшилаётгани ҳақида гапиряпман. Бу юқори натижа. Улар клуб тизимида шаклланади. Ҳақиқий ватанпарвар бўлиб етишадиган йигитлар. Тўғри, тарбияли бўлиб вояга етадилар.
Бизнинг вазифамиз терма жамоаларимизга муносиб ўйинчиларни етказиб беришдан иборат. Аммо бу биргина бизга тегишли эмас, барча клублар масъулдир. Албатта, терма жамоага қайси футболчиларни таклиф қилиш бу аввало мураббийга боғлиқ. Жамшид Искандеров эса терма жамоа даражасидаги ўйинчи. Айтайлик, уни Элдор Шомуродов, Жалолиддин Машарипов ёки Отабек Шукуровдан кам жойи йўқ.
Бундан ташқари, бизнинг муваффақиятларимизга ўз ҳиссасини қўшаётган инсон ҳақида ҳам гапирмасам бўлмайди. Вилоят ҳокими ҳар доим бизни қўллаб-қувватлаб келмоқда, жамоа аъзолари билан мулоқотга киришяпти. Жамоанинг ривожланишида ўрни жуда катта. Биз албатта ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз, - дейди Бабаян.
Фикрлар