Самвел Бабаян "Динамо"га қарши ўйиндан сўнг: "Бугун кучли жамоа ғалаба қозонди!"
Ўзбекистон Суперлигаси 8-туридан ўрин олган "Динамо" - "Навбаҳор" ўйинининг сўнгги дақиқаларида гол урган меҳмонлар ғалабани илиб кетди. Беллашувдан сўнг "лочинлар" бош мураббийи Самвел Бабаян матбуот анжуманида иштирок этиб, қуйидаги фикрларни билдириб ўтди.
"Чемпионатимиз муросасиз курашларга бой ўтмоқда. Бугун биз классда бироз юқорироқ ҳаракат қилдик. Сўнгги дақиқалар кучли босим остида кечди. Ўйин сифати, ижро маҳорати, ҳужумларни якунлаш ва бошқа жиҳатларда биз яхшироқ эдик. Мухлисларимизни ғалаба билан табриклайман. Бугун майдонда тер тўккан шогирдларимга миннатдорчилик билдирмоқчиман. Ўйлайманки, ўйиндан ўйинга ўйинимиз яхшиланиб бормоқда.
Самарқандда эканимдан мамнунман. Бу футбол шаҳри ва унга катта футбол қайтгани билан барча томошабинларни қутлайман. Бу ерда яхши жамоа йиғилган. Томонларнинг турнир жадвалидаги ўрни ҳам катта аҳамият касб этмайди. "Динамо" кўрсатаётган футболда мураббийнинг имзоси яққол сезилиб турибди. Бу биринчи навбатда ҳимоя чизиғида билинди. Тўғри, баъзи футболга оид айёрликлар ҳам бўлди. Аммо бу ҳам тажриба.
Умуман олганда, жуда кўп вазиятлар яратдик. Ўйин интригасига анча эрта нуқта қўйишимиз ҳам мумкин эди. Бироқ бу футбол. Шуни айтишим мумкинки, бугун кучли жамоа ғалаба қозонди!
Ашурматов кўрсатаётган ўйиндан кўнглим тўқ ва унинг учун хурсандман. У кучли футболчи ва Ўзбекистон МТЖнинг потенциал аъзоси ҳисобланади".
Фикрлар