Самвел Бабаян: "Ғалабани вилоят ҳокимига бағишлаймиз"

“Насаф” – “Навбаҳор” (0:1) ўртасидаги ўйиндан кейин наманганликлар бош мураббийи Самвел Бабаян матбуот анжуманида қатнашди.

- Ўйиндан олдин айтганимдек, бу учрашув ҳеч кимни беэътибор қолдирмайди. Охирги пайтларда “Насаф” ва “Навбаҳор” ўртасидаги учрашувда жуда қизиқарли ва жанговар кечмоқда. Шунинг учун ҳам голларга бой, қизғин тарздаги ўйинлар бўляпти. Бугун ўзимиз учун муҳим бўлган ғалабага эришганимиздан жуда хурсандмиз. Бугунги ғалабани “Навбаҳор”га жон куйдираётган ҳамда қулай шароит, имкониятлар яратиб бераётган вилоят ҳокимига бағишлаймиз. Шавкат Шакиржанович нафақат “Навбаҳор” клубининг ривожига балки, Наманган футболининг ривожига катта куч сарфлаяпти.

Бевосита учрашувга келсак, биринчи даврада Намангандаги очилиш учрашувида ўйинни 55 фоизга назорат қилган бўлсак, (бу вазиятда мен тўпни эмас, ўйинни назорат қилишни назарда тутяпман) бугунги учрашувда эса бошидан охиригача ўйинни тўлиқ назоратимиз остида ушлаб турдик. Ўйиндаги интрига эртароқ якунланиши керак эди. Лекин охиригача сақланиб турди. Шунга қарамай, рақибни ҳам эътироф этиб ўтмасам бўлмайди. Бу жуда яхши ва сифатли жамоа.

Чемпионатнинг қолган қисмига келадиган бўлсак, бу ёғига бизни жуда қизиқарли ўйинлар кутиб турибди. Яна 12 та ўйин бор. Фикримча, қолган барча учрашувлар мана шундай жанговар, кескин курашларга бой кечади. Ишқибозлар бу йил ажойиб чемпионатга гувоҳ бўлишяпти. Чемпионат аввалида олдимизга қўйилган мақсадларга эришиш учун биз ўз тарафамиздан қаттиқ ҳаракат қиламиз. Яъни, “Навбаҳор”нинг аввалги мавқеини тиклашга ҳаракат қиламиз. Бугунги кунгача олдимизга қўйилган мақсадларнинг маълум қисмини бажариб бўлдик. Маркетинг томонидан олиб бораётган изланишлар натижасида “Навбаҳор ишқибозлар орасида энг эсда қоладиган ва энг томошабоп жамоалардан бири бўлиб турибди. Шундай экан, биз асосий вазифани деярли бажардик. Бундан буёғига ҳам ишқибозларимизни хурсанд қилиш учун бор кучимизни сарфлаймиз. Катта ишонч билан айта оламанки, бизни яна 1-ўринга қайтганимиз мухлисларимизни қувонтирди.

- Нима деб ўйлайсиз, “Насаф”га бугун нима етишмади?

- Нима десам экан? Мен баҳо бера олмайман. Чунки ўз жамоамни кузатдим. Чемпионатда яхши ўйнаб келяпти, барқарор жамоа. Бундай барқарорликка эришиш учун биринчи навбатда кадрлар масаласига боғлиқ. Таркибдаги ўйинчилар жамоанинг ўзаги ҳисобланади. Бундан ташқари, мураббийга ўзини кўрсатиш учун узоқ йиллар мобайнида имконият беришди. Шу сабаб жамоанинг натижалари ҳам шунга мос.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!