Самвел Бабаян: "Ҳар бир ғалабанинг қиймати ўта юқори"

Coca-Cola Суперлига 2-туридан ўрин олган “Сурхон” – “Навбаҳор” (1:2) учрашувидан кейин дастлаб “лочинлар” устози Самвел Бабаян ўйин ҳақидаги фикрларини билдирди.

- Рақибни яхши ўргангандик, бугунгидек кураш бўлишини билардик. Шунга кўра тайёрлангандик, ўйлашимча, режамиз иш берди. Гарчи учрашув 2:1 ҳисобида якунланган бўлса-да, биз кўплаб имкониятлар яратдик ва ўйин тақдирини анча аввалроқ ҳал қилишимиз ҳам мумкин эди. Ушбу ғалабани мухлисларимизга бағишлаймиз. Шуни алоҳида таъкидлашим керакки, “Мавсум-2022”да мураббийлар штаби, футболчилар ишқибозларни хурсанд қилиш учун баҳснинг дастлабки дақиқасидан охиригача астойдил курашадилар. Бу йил ўткинчи ўйинлар бўлмайди, чемпионат қизиқарли кечишини аввал ҳам айтгандим. Ҳар бир ғалабанинг қиймати ўта юқори бўлади. Биз танлаган йўлимиздан олға бориб, очколар ишлашда давом этамиз, - деди Самвел Вячеславович.

- “Навбаҳор”нинг бугунги таркибини жорий мавсум учун асосий таркиб десак бўладими?

- Ихтиёримизда жуда кўплаб футболчилар гуруҳи бор, уларнинг барчаси асосий таркиб аъзолари. Кейинчалик вазиятга қараб ротация қилишимиз мумкин. Бугун шундай таркиб тузишимизга тўғри келди, кейинги учрашувларда рўйхат бошқача кўриниш олишини истисно қилмайман. Муҳими, бизда майдонга тушиб, “Навбаҳор” шарафини муносиб ҳимоя қила оладиган футболчилар етарли.

“Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!