Самвел Бабаян: "Кейинги мавсумда жамоамизни ёшартирамиз"

“Навбаҳор” клуби сўнгги турда Наманганда “Нефтчи”ни қабул қилди ва унда 1:1 ҳисоби қайд этилди. Шу тариқа, “Навбаҳор” Самвел Бабаян бошчилигида бронза медалига эга чиқди. “Нефтчи”га қарши баҳсдан кейин Бабаян бир қатор саволларга жавоб қайтарди.

- Бугун “Нефтчи” билан принципиал ўйин бўлди. Бу водий дербиси эди. Ўйинчиларимга миннатдорчилик билдираман. Бундай тиғиз графикда ўйнаш осон эмас. Чемпионлар лигасида максимал даражада ҳаракат қилишяпти. Ҳақиқий ватанпарварлик кўрсатишди. Жисмоний, руҳий ва ўйинга тайёргарликни футболчилар яхши даражада олиб бордилар. Ҳар бир учрашувга жиддий тайёрланишяпти ва бугунги ўйинга ҳам. Тўғри, биз бугун ютмадик. Дуранг ҳам ёмон натижа эмас. Жамоада характер бор. Биринчи таймда мағлубиятга учраётиб иккинчи таймда вазиятни ўзгартириб, назоратни ўз қўлига олган йигитларимга миннатдорчилигимни билдираман. Шу ўринда жамоамиз ишқибозларига ҳам алоҳида раҳмат. Ўз вақтида сабр қилиб, бизга мухлислик қилишгани учун жуда мамнунман. Осиё Чемпионлар лигаси доирасида яна битта ўйинимиз бор. Шундан сўнг мавсум якунлари ҳақида тўхталсак бўлади. Нима ўхшадию, нима ўхшамаганини йил якунида таҳлил қилсак бўлади.

- Сизга ва жамоангизга катта раҳмат. “Навбаҳор” учун оддий мавсум бўлмади. Жамоа яхши ҳаракат қилди. Бугунги ўйинда клубга нима етишмади, деб ўйлайсиз? Чарчоқми ёки бошқа ҳолатми?

- Эътибор берган бўлсангиз, захирамизда асосий таркибнинг фақат иккита ўйинчиси бор эди, холос. Булар – Азимов ва Собиржонов. Қолганлар эса ёш футболчилар. Улар эса бундай юқори савиядаги ўйинларга тайёр эмаслар. Захирамиз чегараланиб қолганлигини ҳам айтиб ўтиш керак. Учта фронтда жанг қилиш бироз оғирлик ҳам қилди. Тан оламан, бизга охирида тажрибали футболчилар етишмай қолди. Жамоани кучайтирадиган, ўз қўлига оладиган йигитлар камлик қилди. Бугун Остон Ўрунов жароҳати билан ўйнади. Ечиниш хонасида у ҳатто юра олмай қолди. Мухлислар бизни қўллаб туришди. Уларнинг олдида мағлубиятга учрамаслигимиз ҳам керак эди. Рақиб Кубокдан чиқиб кетган, халқаро майдонда ўйнамайди ва шу сабабли биздан кўра анча кўпроқ дам олган. Лекин биз “Нефтчи”дан олдинда бўлишимиз керак эди ва буни уддаладик. Футболчиларимизга чуқур миннатдорчилигимни билдираман. Мухлисларимиз эса бу жамоамиздан ҳар қанча фахрланса арзийди. Улар “Навбаҳор”нинг янги тарихини яратишмоқда. Ўйлайманки, халқаро майдонларда ҳам узоққа бора оламиз. Ишқибозларимизни хурсанд қилиш учун қўлимиздан келган барча ишни қиламиз.

бабаян14_6

- Наманган футболини кўтаришга ва маҳаллий футболчиларга кўпроқ эътибор қаратман деб айтгандингиз. Кейинги мавсумдаги режаларингиз қанақа?

- Бу саволга келсак, раҳматли устозимиз Виктор Жалилов иқтидорларни топиш бўйича кўп ишларни амалга оширди. Академиямиз раиси Ғанишер Исмоилов тасдиқлайди. У билан анча ишларни амалга оширдик. Ҳудудларга бориб 10-11 ёшли иқтидорларни қидириб топиш бўйича бир қатор самарали ишларни амалга оширдик. Албатта, бу келажакда ўз мевасини беради. Мўминовни жароҳати бор ва у Ҳиндистонда даволаниб келади. Яна бошқа иқтидорли маҳаллий ёшлар ҳам бор. Улар “Навбаҳор”нинг келажагини таъминлаб беришади. Ўз ўрнида таъкидлашим керакки, ёшларга берилаётган эътибор сабабли яқинда Индонезиядаги ўсмирлар ўртасидаги мундиалда 4 нафар “Навбаҳор” тарбияланувчилари бор эди. Асосий ишларимиздан бири Наманганда болалар футболига эътиборни кучайтириш, янги иқтидорларни топишдан иборат ҳисобланади. Ҳар куни истеъдодларни излаб топишимиз керак. “Навбаҳор”да янада иқтидорли маҳаллий футболчилар тўп суради, деб айта оламан. Клуб келажаги ҳақида гапирадиган бўлсам, келгусидаги режалар хусусида вилоят ҳокими билан гаплашганимизда асосий эътиборни маҳаллий ёшларга қаратишимиз кераклигини алоҳида айтиб ўтди. Келгуси мавсумда асосан маҳаллий ёшларга эътиборни қаратамиз. Биз керак бўлса, бутун Ўзбекистон бўйича иқтидорларни излаб топамиз ва уларни ривожлантириш, ўсиши учун барча имкониятларимизни ишга соламиз. Терма жамоаларимизга “Навбаҳор” қатор ажойиб ўйинчиларни етиштириб беряпти. Шу боис бемалол айта оламанки, жамоамиз ўйинчилари ҳар томонлама ривожланяпти. Кейинги мавумда жамоамизни ёшартирамиз.

- Энди Ҳиндистонда “Мумбай Сити” билан ўйнайсизлар. Бўлажак учрашув олдидан фикрларингиз қандай?

- “Мумбай Сити” яхши шаклланган. Уларга қарши илк учрашув қандай қийин бўлганлигини ҳамма кўрди. Анча шаклланган. Охирги турда Эронда тўлиқ таркиб билан ўйнашмади. Бизга қарши барча легионерлари майдонга тушади. Шу сабабли анча жиддий ўйин бўлади. Бизда йўқотишлар бор. Масалан, Филип асосий футболчимиз. Сафарга бормайди, Йўлдошев ҳам биз билан кетмайди. Уни қизил карточкаси бор. Мўминовни жароҳати бор. Бизда йўқотишлар анча кўп. Оғир бўлади. Нафақат наманганлик, балки юртимиздаги барча ишқибозлар бизга мухлислик қилишади, деб ўйлайман. Мамлакатимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишга ҳаракат қиламиз. Шу ўринда футболимизни тўғри, ҳалол, виждонан ёритган барча журналистларга ҳам ўз миннатдорчилигимни билдираман.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Кахрамонжон Сафаров
02/12/2023 12:12
Бу каламуш Баба хар сафар янги эртаклар айтиб юраверади Намонгон мухлислари кандай чидаб юрибди факат узинини чунтагини шиширяпти холоску ёки нотугри айтдимми
Akbarshox Abdulxayev
02/12/2023 00:46
Juda ajoyib fikrlar , omad Navbahor Ochl da faqat ğalaba buyogiga
&
Камбарали дехконов
01/12/2023 23:25
Баба яна коладими иштахаси баланду
Эргашев Файзулло
01/12/2023 23:19
Нефтчи про лигадан чикиб яхши уйин курсатди биз нефчидан олдин булшимиз деган гап