Самвел Бабаян: "Наманганда илк турдан бошлаб барча рақиблар вақт чўзишга уринмоқда"
Ўзбекистон Coca Cola Суперлигаcининг 9-туридан ўрин олган “Навбаҳор” – “Нефтчи” (0:0) учрашувидан кейинги матбуот анжуманининг иккинчи қисмида “лочинлар” бош мураббийи Самвел Бабаян иштирок этиб, ОАВ ходимларининг саволларига жавоб берди. Самвел Вячеславович одатга кўра, ўз сўзини ўйин ҳақидаги фикрлари билан бошлади.
- Кутилганидек учрашув юқори савия, кескин курашларга бой тарзда ўтди. Шогирдларим зафар қучиш учун қўлларидан келган барча ишни қилишди. Аммо бир неча қулай вазиятлардан фойдалана олишмади. Чемпионатимизнинг қизиқарли тарафи ҳам шундаки, Суперлиганинг охирги ўриндаги жамоаси ҳам шундай кучли ўйин кўрсатиши мумкин. Шундай бўлса-да, рақибни мақтамоқчи эмасман. Шунчаки йигитлар бугун ўз имкониятлари даражасида ўйин намойиш эта олмаганликларини таъкидламоқчиман, холос.
Гарчи бугунги натижадан қониқмаган бўлсак-да, бир очкога эга бўлдик. Олдинга интилишда давом этамиз. Ҳали амалга оширилиши лозим бўлган ишларимиз бор. Бугунги рақибимиз сингари ҳимоявий тактика танлайдиган, Наманганда очко қўлга киритишни ижобий натижа деб ҳисоблайдиган жамоалар ҳимоясини ёриб ўтиш учун ҳам кўпроқ ишлашимиз, ғалаба қозонишимиз учун улардан сезиларли даражада кучлироқ бўлишимиз керак. Бизда ижрочилар етарли. Аммо ҳали тўлиқ кучимизни кўрсата олмадик. Нима бўлганда ҳам йигитларга раҳмат айтаман. Улар зафар қучиш мақсадида, сўнгги дақиқагача ҳаракат қилишди, стандарт вазиятлар яратишди. Ўтган ўйинда гол ургандик, бу сафар эса бунинг уддасидан чиқа олмадик. Нима бўлганда ҳам ишлашда давом этамиз.
- “Нефтчи” бош мураббийи “Навбаҳор” асосан стандарт вазиятларда хавфли экани ҳақида гапирди. Шу ҳақда фикрингиз...
- Албатта, биз бугун стандарт вазиятлардан жуда хавфли вазиятлар яратдик. Бир марта тўп дарвоза тўсинига тегди. Аммо ўйиндан ҳам биз бир неча вазиятлар яратдик. Шунчаки, унумли фойдалана олмадик. Умуман олганда, ҳа, стандартлардан кўп имкониятлар яратамиз. Лекин, ўйиндан ҳам вазиятлар ярата оламиз. Фақатгина, бугун улардан фойдалана олмадик.
- Асад Собиржоновни деярли майдонда кўрмаяпмиз. Бунга сабаб нима?
- Асад катта cалоҳиятга эга футболчи ва бир неча ўйинларда майдонга тушди. Аммо Асаднинг майдонга тушиши унчалик ҳам омадли кечмади. Бироқ, Собиржоновда ҳам бошқалар сингари асосий таркибда ўйнаш имконияти мавжуд.
- Ўйин давомида “Навбаҳор” бироз чарчаб қолгандек кўринди...
- Биринчи бўлимда ўйинимиз бироз ўхшамади. Албатта, биринчи бўлимдаёқ ўйинчилар чарчаб қолишмайди. Катта эҳтимол билан бу футболчиларнинг психологияси билан боғлиқ. Қайсидир вазиятда биз ўйинни бор кучимизни ишлатмаган ҳолда ютишимизга ишониб қолдик. Ҳозиргина йигитлар билан гаплашганимизда эса бунга ҳали эрта эканлигини тушундик. Умуман олганда, бунга чарчоқ эмас, ўйинга бор тезликни бермаганимиз сабаб бўлди. Иккинчи бўлимда эса темпни оширдик. Аммо рақиб футбол айёрликларини ишга солган ҳолда, вақтни чўзишга уринди. Бу эса шогирдларимнинг эмас, рақибнинг кучи камлигидан далолат. Умуман олганда, Наманганда илк турдан бошлаб, барча рақиблар вақтни чўзишга уринмоқда. Бу эса рақибнинг кучсизлигини кўрсатадиган ҳолат. Шогирдларимда жисмоний томонлама муаммолар йўқ. Бироқ шунчаки биринчи бўлимда ўйинимиз ўхшамади. Танаффус пайтида йигитлар билан гаплашдим ва 2-бўлимда шогирдларим кўплаб хавфли вазиятлар яратишди. Лекин, афсуски, улардан фойдалана олишмади.
- Ушбу ўйинда VAR тизимидан фойдаланилмади. Бу ўйинга қанчалик таъсир қилди?
- Бунга муносабат билдириш қийин. Бу бизга алоқаси бўлмаган мавзу. VAR бўлганда ҳакамга осонроқ бўлган бўларди. Умуман олганда, бугун ҳакамлик ҳақида ортиқча гапириш ортиқча. Ҳакам ўйинни яхши савияда бошқарди ва курашишга йўл қўйиб берди.
“Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати.
Фикрлар