Самвел Бабаян: "Насаф" ҳақиқий кубок жамоасига айланди

Ўзбекистон кубоги финалидан ўрин олган "Навбаҳор" - "Насаф" ўйини якунига етди. Асосий вақт 1:1 ҳисобида якунланди. Қўшимча таймларда эса номинал меҳмонлар 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди. 

Қарши клуби сафида голларга Акмал Мозговой ва Матеус Лима Круз муаллифлик қилди. Наманганликларнинг голи Дониёр Абдуманнопов номига қайд этилди: 

Беллашувдан сўнг ҳар икки жамоа бош мураббийлари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Қуйида "лочинлар" устози Самвел Бабаяннинг фикрлари билан танишиб чиқишингиз мумкин: 

- Биринчи навбатда рақибни Ўзбекистон Кубогини қўлга киритгани билан табриклайман. "Насаф" ҳақиқий Кубок жамоасига айланди. Кетма-кет иккинчи йил улар турнирда ғолиб чиқди. Мухлисларга бизни қўллаб-қувватлагани учун раҳмат айтаман. Йигитлар ҳам бор кучи билан ҳаракат қилди. Афсуски, натижа биз кутгандек бўлмади. Нима қолди? Суперлигада 3 та ўйин. Бу учрашувларда концентрацияни йўқотмаган ҳолда, тайёргарлик кўрамиз. 

"Навбаҳор" биринчи бўлимда атиги битта зарба йўллади. Шу зарба ҳам ноаниқ кетди. Жамоа бугун иккинчи планда ўйнашни режа қилганмиди? 

- Иккинчи жамоа бўлиб ўйнаш режамиз йўқ эди. Кўрган бўлсангиз, рақибга босим уюштирдик. Афсуски, майдон марказида бироз камчиликлар бўлди, иккинчи таймда эса йигитлар бошқача ҳаракат қилди. Бу ҳақиқий позицион баҳс бўлди ва биз иккинчи бўлимда майдон марказида ҳукмронликни ўз қўлимизга олдик. 



 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!