Самвел Бабаян

"Навбаҳор" - "Олимпик" жамоалари ўртасидаги учрашувдан сўнг ўтказилган матбуот анжуманининг иккинчи қисмида "Навбаҳор" бош мураббийи Виктор Жалилов учрашув борасидаги фикрлари билан ўртоқлашади.

- Кўриб турганингиздек, ҳамма ўйинларимиз осон кечмаяпти. Бугун гуруҳ етакчилари учрашишди. Ҳозир осон рақибнинг ўзи йўқ. "Олимпик" жамоаси анча уюшқоқ, ўйини шаклланган, бу футболчилар Суперлигада ҳам ўзларини кўрсатишга қодирлар. Уларнинг маҳорат, тезкорлик, тўп билан тўғри ҳаракатланишини алоҳида эътироф этишим мумкин. Бизда эса турли сабабларга кўра, барқарорликка эга бўлолмаяпмиз. Баъзилар жароҳат олишган, айримларнинг ўйини қовушмаяпти.

Жамоамизда муҳит яхши. Айрим футболчилар қароримизни тўғри тушунишади, айримлар эса йўқ. Кимдир уни фақат мақташларига ўрганиб қолган, бу ҳам психология масаласи. Аввалги жамоаларимда терма жамоа даражасидаги жуда кўплаб футболчилар тўп тепишган, улар танқидни тўғри қабул қилишарди. Голбан ёки Аҳмедовга ниманидир баланд овозда тушунтирсам, тўғри тушунишади. Бу болалар футболи эмас, бу профессионал футбол, бу ерда очколар учун кураш боради. Шу боис, футболчиларимизга керакли талабларни қўямиз. Нимадир ўхшамаса, ўйиндан кейин таҳлил қилиб, футболчиларга хатоларини кўрсатамиз. Ҳакамга эмас, рақиб жамоа мураббийига эътироз билдирдим. Захира ўриндиғида ўтириб, ҳадеб ҳакамга босим қилавериш яхши эмас, ахир.

Чемпион бўлган "Навбаҳор" билан бугунги таркибнинг ўртасидаги фарқ ҳақида айтсам, у пайтлари терма жамоага номзодлар жуда кўп эди. Улар номзод эмас, миллий жамоанинг асосий футболчиларига айланиб улгуришганди. Ҳозир эса Аҳмедов, Голбан ва Паншанбе бор, холос. Бундан кўринадики, футболчилар термага торта олишмаяпти. Футболчиларимизни кучсиз демайман, шунчаки, 1996 йилги "Навбаҳор" даражасига етиш учун янада кўпроқ ишлашга тўғри келади.

Футболчиларимиз бир-бирларини тушунишлари, мен уларни тушунишим учун вақт керак. Бугунги таркибдан ўрин олганлар "Навбаҳор"га тасодифан келиб қолишмаган. Суперлигага мос эканлар, жамоада тўп тепишмоқда.

Миш-мишларга изоҳ бермайман. Бабаян билан тез-тез гаплашиб, маслаҳатлашиб турамиз. У ҳам мендан тавсия олиб туради. Муносабатларимиз яхши. Бошқа ҳар қандай гап-сўзлар ҳақида ҳеч нарса билмайман.

"Олимпик" ўйинидан кўриниб турибдики, Кападзенинг футболга ўз қараши бор. Мураббийлар штабидаги ўзгаришлар ҳақида гап борганда, бу масала ҳар икки жамоа раҳбариятининг фикрларига қараб ҳал қилинади.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)