Самвел Бабаян: "Олдимизга қўйилган вазифани бажара олмадик, бу - факт!"
“Олимпик” – “Навбаҳор” (2:1) ўртасидаги учрашувдан кейин ташкил этилган матбуот анжуманида меҳмонлар бош мураббийи Самвел Бабаян журналистларнинг саволларига жавоб қайтарди.
- Ассалому алайкум! Бугун бизни яхши ўйинимиз бўлмади, айниқса, биринчи бўлимда. Чемпионатдаги тўхталишлар бизга қийинчилик туғдирди. “Бунёдкор” билан учрашувда нисбатан яхши ўйин кўрсатгандик. Бугун эса биринчи бўлимни кўнгилдагидек ўтказа олмадик. Бу нима билан боғлиқ? Биласизми, менимча психологик муаммо билан боғлиқ деб ўйлайман. Иккинчи таймда яхши ўйнаган бўлсак-да, афсуски, тўп дарвозага киришни хоҳламади. Нима ҳам дейишим мумкин? “Олимпик”ни ғалаба билан табриклайман. Рақиб яхши ҳимояланди ва яхши ҳужумга ўтди. Умуман, яхши футбол кўрсатди. Ҳар томонлама сифатли ўйин намойиш этди. Ўрни келганда айтишим мумкинки, голлар ҳам чиройли даражада бўлди. Бугун “Навбаҳор”нинг куни эмас экан. Нима ҳам дердим? Чемпионатдаги интрига тугади. Бу мавсумдаги натижаларни таҳлил қилиб чиқишга яна озгина вақт бор деб ўйлайман. Аввало, олдимиздаги учта ўйинни яхши ўтказиб олишимиз керак. Шундан сўнг 2023 йилги натижаларни таҳлил қилсак бўлади.
- Жасур Яхшибоев жамоа ўйинларида кўринмаяпти. Аммо у терма жамоага чақирилди. Аслида бу вазиятда нима бўлди? Очиқ айта оласизми?
- Жасур ҳозирги кунда даволаняпти ва айни пайтда реабилитация жараёнини ўтаяпти. Уни терма жамоага чақиришганини сабаби, Машарипов кутилмаганда терма жамоа билан сафарга бормайдиган бўлиб қолганди. Шу боис Яхшибоевни термага чақиришган.
- “Навбаҳор” чемпион бўлолмади, Кубокни ҳам ютолмади. Ҳеч нимани қўлга кирита олмаган мавсум ҳақида нима деб ўйлайсиз?
- Мавсум бошида олдимизга қўйилган вазифани бажара олмадик. Бу аниқ факт. Мавсумдаги охирги ўйинимизни ўтказиб олганимиздан кейин ҳаммасини кўриб чиқамиз. Нимага эришдик ва нимага эриша олмадик, ана шунда барчасини таҳлил қиламиз. Кубок ҳам, чемпионлик ҳам бизга насиб қилмади. Нима учун мақсадимизга эриша олмадик? Буни албатта ўрганиб чиқамиз.
- Кейинги учрашувда жамоангизда жиддий йўқотишлар бор. Мураббийлар штаби, жисмоний тайёргарлик бўйича ва шифокорларни ишини қандай баҳолайсиз?
- Тан оламан, бизда тажрибали мураббий Алекса Бошкович ишлади. Афсуски, у ҳозир клубда йўқ. Уни кетиши оилавий сабаблар билан боғлиқ. У билан кеча астойдил гаплашиб олдик. Ўйлайманки, “Навбаҳор” футболчиларининг ҳозирги жисмоний тайёргарлиги аъло даражада. Агар бу борада муаммо бўлганида жамоамиз бугун 98 дақиқа давомида ҳужум қила олмасди. Айтишим керакки, Бошкович ўрнида маҳаллий мутахассис Шерзод Жўраев ҳам яхши ишлаяпти. Унинг ўрнини билдирмасдан юқори даражада меҳнат қиляпти.
Фикрлар
Olishdan ham savab quyishyapti