Самвел Бабаян ёпишга қийналаётган “Навбаҳор”нинг нозик нуқтаси

Суперлигада иккинчи давра бошланди. Танаффусдан кейиноқ марказий ўйинлар бошланиб кетди.

Қаршида мавсумдаги энг муҳим ўйинлардан бири ўтказилди. “Насаф” ўз уйида “Навбаҳор”ни қабул қилди. Беллашув мухлисларга манзур бўлгани бор гап. Чунки иккита тенг кучли жамоалар тўқнашуви ва уларнинг биринчи турдаги ҳисоб-китоби қолиб кетганди. Намангандаги ўйин нафақат ҳисоб жиҳатдан нурсиз, балки учрашув ҳам шунга монанд эди. Аммо Қаршидаги жавоб баҳси тамомила ўзгача ўтди.

Тўғри, томошабинлар битта гол кўришди холос. Бироқ ўйиндаги жараёнлар кўпчиликка манзур келди.

“Аждарлар” биринчи даврани кўнгилдагидек якунламаганди. Иккинчи даврани ҳам шундай бошлади. Қолаверса, ўз уйида ва чемпионлик учун курашаётган асосий рақибларидан бирига мағлуб бўлди. Ушбу 3 очко “Навбаҳор” учун жуда муҳим ва шу билан биргаликда чемпионлик йўлида ташланган қадамлардан биридир.

Лекин Самвел Бабаян олдида ҳал қилиши керак бўлган иш бор. У ҳам бўлса чап қанот ҳимояси. Замонавий футболда иккита қанотнинг ишлаши жуда муҳим. “Навбаҳор” устози бу позицияда ҳаммани синаб кўрмоқда. Аммо ҳозирча ечим топилмади. Чунки Станислав Андреевнинг ёши ўтиб қолган. Тезлик деярли йўқ. Боян Цигер ва Игорь Голбан ҳам чап қанот ҳимоясида ўйнаб кўрди. Бироқ номлар тез-тез ўзгаришидан мураббийнинг кўнгли тўлмаётганини пайқаш мумкин.

20220802164440_IMG_0331

Мирзоҳид Ғофуровнинг ўрнини тўлдириш осон бўлмаяпти. “Нефтчи”га йўл олган ҳимоячи бир неча йил Наманганда муваффақиятли тўп тепганди. Бугун унинг ўрнига номзод топилмади. Давралар оралиғида Владимир Козак олиб келинди. Бироқ унда ўйин амалиёти йўқлиги ва бундан буёғига “Навбаҳор” учун ҳар ўйин финалга тенг эканлигидан келиб чиқиб, Козак қачон тайёр бўлса шунда майдонга тушади. Чунки турнир жадвалида интрига юқори. Бироз тин олишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Акс ҳолда ўз ўрнини бошқаларга бўшатиб беради.

“Навбаҳор”даги бу муаммо “Реал”да ҳам кузатилганди. 2020 йили “қироллик клуби”нинг чап қаноти иш бермаганди. Винисиус ўзини кўраса олмаганди. Чунки ёши ўтгани учун Марсело асосий таркибга киритилмаганди. Унинг ўрнида ҳаракат қилган Ферлан Менди эса Винисиус билан боғлам ҳосил қилолмаган. 2021-2022 йилги мавсумда Винисиус барчасини ўз зиммасига олди ва яна бу қанотни жонлантирди.

“Лочинлар”да чап қанотнинг эгаси чиқмаяпти. Олдинги чизиқдаги бошқа футболчилар бор. Аммо ҳимояланишда бу панд бермоқда. “Насаф”га қарши ўйин фикримизга яққол мисол.

Қаршиликлар иккинчи бўлимда ташкил этган ҳужумларининг 90 фоизи шу қанотдан уюштирилди. Хатто гол уриши ҳам мумкин эди. Фақатгина омад улардан юз ўғирди. Ален Машович деярли бўш дарвозага тўпни йўллай олмади. Қаршиликларнинг қанотдаги тезкор футболчилари 32 ёшли Голбанга имкон бермади.

20220802173455_IMG_0423

“Навбаҳор”даги бу муаммодан “Насаф” фойдалана олмагандир. Бироқ “лочинлар”ни ҳали бошқа кучли жамоалар ҳам кутмоқда. Уларга қарши ўйинга қадар Самвел Бабаян чап қанот ҳимоясидаги муаммони ҳал этиши керак. Бу позициянинг эгаси ким бўлиши жуда қизиқ. Балки бошқа марказий ҳимоячилардан ёшроқ Рустам Ашурматовни синаб кўрилар. Ҳар ҳолда марказий ҳимояда яна бошқа футболчилар бисёр.

20220802174910_IMG_0484

 

Бекзод ИСАЕВ

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!