Санжар Қодирқулов: БАА билан ўйинда бошқача терма жамоани кўрасизлар
Ўзбекистон олимпия терма жамоаси қийинчилик билан бўлса-да, гуруҳда иккинчи ўрин билан кейинги босқичга чиқди. Энди эса чорак финалда вакилларимиз БАА термаси билан куч синашади. Ғолиб жамоа эса ўз-ўзидан ярим финал йўлланмасини қўлга киритади. Бу билан эса Олимпиада сари яна бир қадам ташланади. Терма жамоамизнинг етакчиларидан бири Санжар Қодирқулов гуруҳдаги беллашувлар ва бўлажак рақиб ҳақида фикр билдирди.
- Терма жамоамиз чорак финалда БАА билан куч синашади ва бу ўйин биз учун жуда муҳим аҳамият касб этади. Айтинг-чи, чорак финалда қайси рақибни кутаётгандингиз?
- Ўзим ҳам бизга БАА термаси рақиб бўлишини тахмин қилгандим. Тўғриси, ҳали уларнинг ўйинларини кўрмадим. Албатта, учрашув кунига қадар бўлажак рақибнинг ўйинларини кўриб, ўрганиб чиқамиз.
- Ўзбекистон қийинчилик билан бўлса-да, гуруҳдан эсон-омон чиқиб олди. Аммо гуруҳдаги беллашувлар турлича таассурот қолдирди…
- Кўрдингиз, чиндан ҳам осон бўлмади. Бу «ўлим» гуруҳи бўлгани учун ундан бизни чиқа олишмайди деб ҳам ўйлашганди. Лекин ҳайриятки, биз биринчи вазифани уддаладик, гарчи қийинчилик билан бўлса-да. Энди барча диққат-эътиборимизни бир жойга жамлаб кейинги ўйинга тайёрланяпмиз.
- Жанубий Кореяга ютқазиб қўйганимиздан кейин футболчиларимизнинг ҳозирги кайфияти қандай? Бу БАА билан учрашувда салбий таъсир кўрсатмайдими?
- Кайфиятга келадиган бўлсак, бундан ҳам ёмони бўлиши мумкин эди. Тўғри, ўша баҳсдан кейин биз тушкунликка тушиб қолдик. Футболда эса ҳамиша ғалаба билан мағлубият ёнма-ён юради. Шуни яхши тушунган ҳолда навбатдаги беллашувга жиддий тайёргарлик олиб боряпмиз.
- Жанубий Кореяга қарши баҳснинг охирги дақиқаларида Хитой – Эрон ўртасидаги натижадан бохабар эдингларми ёки ҳаммасини ўйиндан кейин билдингларми?
- Ҳисобни ўйин пайтида билгандик. Шу боис олдинга ўтиб кетмасдан ҳеч бўлмаса ўша ҳисобни катталашиб кетмаслигига ҳаракат қилдик деса ҳам бўлади. Барибир биз ҳужумга зўр бериб ҳисобни тенглаштирган ҳолатимизда ҳам гуруҳда иккинчи ўринни олган бўлардик. Қаердадир айёрлик ишлатдик десак ҳам бўлади.
- Умуман олганда, терма жамоамиз Хитойга қарши ранг-баранг ўйин кўрсатган ҳолда мухлисларни хурсанд қилганди. Кореяга қарши учрашувда ҳам жамоамиздан ўша ўйинни кутгандик. Лекин ўз ўйинимизни кўрсатишимизга нима ҳалақит берди?
- Бу гуруҳдаги учинчи ўйин бўлгани учун йигитларда бироз чарчоқ аломатлари ҳам сезилган бўлиши мумкин. Қисқа фурсатлар ичида учта ўйин ўтказдик. Кореяда эса ҳар битта учрашувда асосий таркибида ўйинчилар ўзгариб турди. Қолаверса, уларда босим бўлмади. Натижада рақиб бемалол ўйнади. Биз эса эхтиёткорлик билан ўйнадик. Балки тўпни йўқотишдан чўчигандирмиз. Жамоамизда бироз босим бўлгани учун ўз ўйинимизни кўрсата олмадик. Тўғри, булар баҳона бўла олмайди. Лекин шундай жиҳатлар ҳам катта роль ўйнади деб ўйлайман.
- Кореяга қарши учрашувдан кейин жамоамиз танқидга учради. Эндиликда ўша танқидлардан қандай хулосалар чиқаряпсизлар?
- Албатта, танқидлардан ўзимиз учун тўғри хулосалар чиқаряпмиз. Инкор этмайман, Жанубий Корея билан учрашувда жуда ёмон ўйин ўтказдик. Буни ўзимиз ҳам яхши тушуниб турибмиз. Ушбу хатоларимиз устида ишлаяпмиз. Худо хоҳласа, БАА билан бўладиган учрашувда бошқача терма жамоани кўрасизлар.
Фикрлар