Санжар Қодирқулов: "Нефтчи" билан чемпион бўлмоқчиман!"

Фарғонанинг “Нефтчи” клуби селекцида яхши олиб боряпти. Шу кунгача бир қатор ўйинчилар билан шартномалар имзоланди ва бу жараён давом этмоқда.

Яқинда “Нефтчи” аъзосига айланган Санжар Қодирқулов ҳам ишқибозларга жуда яхши таниш. Иқтидорли ярим ҳимоячи “Нефтчи”нинг ўйинини кучайтириши кутиляпти. Футболчи эса клуб матбуот хизматига интервью берди.

- Авваламбор, Санжар сизни жамоа аъзосига айланганингиз билан табриклайман!

- Табригингиз учун раҳмат. Мен ҳам Ўзбекистоннинг беш карра чемпиони бўлган жамоа аъзосига айланганимдан жуда ҳам хурсандман!

- "Нефтчи" клубига ўтишингиз ҳақида сўзлаб берсангиз?

- Ўтган мавсумда Ўзбекистон Про лигаси вакили "Локомотив" шарафини ҳимоя қилдим. Олдимизга эса Суперлигага қайтиш вазифаси қўйилган эди. Бу режани амалга оширгач, якунланган мавсумдан сўнг "Нефтчи" жамоаси вакиллари менга алоқага чиқишди ва улар билан кўришдим. Аниқ мақсад ва режалар ҳақида гаплашиб олганимиздан сўнг менинг "Нефтчи"га ўтишим ойдинлашди.

- Жамоага мослашиш жараёни қандай кечмоқда?

- Жамоага мослашиш жуда яхши ўтди. Чунки клуб таркибидаги кўплаб футболчилар билан аввал ҳам йўлларимиз кесишган. Мисол учун, Анвар Ғофуров ва Шароф Муҳитдиновлар билан турли ёшдаги терма жамоаларимизда бирга ўйнаганмиз. Бундан ташқари, Диёр Туропов ва Ғулом-Ҳайдар Ғуломов билан ҳам  илгари бирга тўп сурганмиз. Энг асосийси, шуни тушуниб етдимки, клубда ҳамма бир-бирлари билан жуда аҳил ва бир оиладек экан. Шу ҳолат менга манзур бўлди.

- Хабарингиз бор, "Нефтчи" Суперлиганинг ўтган мавсумида  анча кучли ўйин кўрсатди. Шу хусусида нима дея оласиз?

- Албатта, имкони борича "Нефтчи"нинг ўйинларини кузатиб бордим. Айтиб ўтиш жоиз, анча тартибли ва томошабоп ўйинларнинг гувоҳига айландим. Бундан ташқари, мураббий фалсафаси жамоа ўйинларида яққол сезилди. Футболчилар майдонда мураббий кўрсатмаларини аниқ бажара олишга эришдилар. Ушбу омиллар жамоани юқори ўринларда ва узоқ вақт мағлубиятсиз юришини таъминлади. Шунингдек, ЎзПФЛ сайтида юқори ўринларни эгаллаган беш жамоа ичида ўзаро учрашувлардаги кўрсаткичи бежизга эмаслиги яққол кўринди. Шу аснода, Виталий Григорьевич бежизга ўтган мавсумнинг энг яхши уч мураббийи қаторида кўрилгани йўқ. Ўтган мавсумда ҳақиқатан ҳам бош мураббий тактик жиҳатдан анча кучли кўриниш олди. 

- Йиғинлар давом этмоқда, машғулотлар ҳақида фикрларингизни билсак.

- Қишда машғулотлар қийинроқ ўтиши табиий ҳол. Лекин ушбу машғулотлар орқали янги мавсумга пухта тайёргарлик кўрмоқдамиз.

санжар1_1

- Қачонлардир "Нефтчи" жамоаси таркибида ўйнаш ҳақида ўйлаганмисиз?

- Азалдан Фарғонада футболни жуда севишади. Адашмасам, "Истиқлол" стадионидаги ўйинларга бу йил ҳар бир ўйинда ўртача 12000 дан ошиқ мухлислар ташриф буюришди. Ҳозирги кунда республикамизда бу аъло даражадаги кўрсаткич ҳисобланади. Мен қачондир стадиони мухлислар билан тўлиб-тошган жамоада ўйнаш истагида эдим ва бу нарса Худо хоҳласа Фарғонада рўёбга чиқиши мумкин. Ҳолбуки, "Нефтчи" жуда катта тарихга эга бўлган клуб. Мен ҳам ушбу жамоанинг бир бўлагига айланганим албатта ёқимли ҳолат. Шуни аниқ айта оламанки, "Нефтчи"да чемпионлик руҳияти мавжуд. 

- Танлаш имкони берилганда қайси рақамда ҳаракат қилар эдингиз?

- Имкони бўлса, ўзимга қадрли 17-рақамда ҳаракат қилган бўлар эдим.

- Жамоа таркибида янги мавсум учун қандай мақсад қўйдингиз?

- Насиб қилса, чемпион бўлмоқчиман! Бу албатта яхши ниятларимдан биридир. 

- Фарғоналик мухлислар ҳақида фикрларингиз ва тилакларингиз?

- Фарғоналик мухлислар билан ҳали танишиб улгурганим йўқ. Хабарим бор, ўтган мавсумда "Нефтчи" мухлислари Фарғонада ҳам, сафар учрашувларида ҳам  жамоани ажойиб тарзда қўллаб-қувватлаб туришди. Буни ТВ орқали кузатганимда уларнинг  ҳайқириқлари эшитилиб турар эди. Шундай ашаддий ва жонкуяр мухлисларни келаси мавсумда ғалабалар орқали хушнуд қилишга ҳаракат қиламиз.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!