Санжар Шоаҳмедов: "Зенит"га ютқазишга ютқаздик, аммо..."

Самарқанднинг “Динамо” клуби БААдаги ўқув-машғулот йиғини доирасида Россиянинг номдор “Зенит” жамоасига қарши баҳс олиб борганидан хабарингиз бор. Бу тўқнашувда тажриба ўз сўзини айтди ва “Зенит” самарқандликлар жамоасини 5:1 ҳисобида доғда қолдирди.

“Динамо” сафига янги қўшиб олинган футболчилар ҳам бор. Жумладан, ярим ҳимоячи Санжар Шоаҳмедов бўлажак мавсумни самарқандликлар таркибида бошлайди. У “Зенит”га қарши беллашувнинг иккинчи бўлимида майдонга тушди. Футболчи аввало ўйиндан олган таассуротлари ҳақида гапирди.

- Ўзингиз биласиз, “Зенит” кучли жамоа. Россиянинг ҳам чемпион жамоаси. У ерга кучли ўйинчлар ва кучли легионерлар йиғилган. Албатта, бизнинг жамоага бундай рақиб билан ўйин ўтказиш анча яхши. Айниқса, ёшларни ўсишига анча ёрдам беради ва тажриба олишади. Тўғри, “Зенит”га ютқазишга ютқаздик. Аммо тажрибали футболчиларга қарши ва тактика томонлама ҳам “Динамо”га фойда бўлади.

- Айтинг-чи, "Зенит" фаолиятингизда сиз қарши ўйнаган энг номдор клубми ёки...

- Ҳа, тўғри, мени фаолиятимда кучли рақибларга қарши баҳсларда “Зенит” ҳам бор. “Боруссия” Дортмунд ҳам. “Локомотив”да ўйнаганимда уларга қарши майдонга тушгандик. “Ал-Садд”, “Краснодар”, “Локомотив” (Москва) каби жамоалар ҳам бор. Адашмасам, “Локомотив”да тўп суриб юрган чоғимда Дубайда ҳам “Зенит”га қарши ўйнагандим. Менимча, уларга қарши бу иккинчи ўйиним.

шоаҳмедов3_1

- Ўйиндан кейин рақиб ўйинчиси билан футболка алмашиш имкони бўлдими?

- Йўқ, футболка алмашмадим.

- Умуман, "Динамо"ни танлашингиз нима билан боғлиқ бўлди?

- “Динамо” билан боғлиқ? Бу ерда ўзим олдин бирга ўйнаган футболчилар бор. Салим Мустафоев, Хусниддин Ғофуров, Дилшод каби ўйинчилар ҳам клубга келишди. Қолаверса, мураббийни ўзи ҳам мени жамоага таклиф қилган.

шоаҳмедов1_1

- Вадим Абрамов сиз учун фаолиятингиздаги энг яхши мураббийми?

- Фаолиятимда бир қанча мутахассислар билан бирга ишлаганман. Ҳар бир мураббийни ўзига яраша яхши тарафлари бор. Табиийки, Абрамов ҳам фаолиятимдаги яхши мутахассислардан бири.

- “Динамо”ни бу йилги мақсади нимадан иборат?

- Бу йил иложи борича юқори ўринлардан бирини эгаллаб, 2024 йилги Суперлигани кўтаринки кайфиятда тугатишни истаймиз. Шунга яраша клубга жиддий мақсадлар қўйилган.

Шуҳратбек Жўраев.  

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!