Сардор Абдунабиев: "Чиройли голимни оддий урилган 5 та голга алмашган бўлардим"
“Андижон”нинг жорий йилги мавсумдаги дастлабки голи муаллифи – Сардор Абдунабиев деярли чемпионат якунида ўзининг иккинчи голини киритишга муваффақ бўлди.
Сафарда “Турон” билан бўлиб ўтган баҳсда қўшиб берилган дақиқанинг охирида яккама-якка ҳолатга чиқди ва бундан усталик билан фойдалана олди.
Эътиборлиси, у иккинчи голини собиқ клуби дарвозасига киритди. Ўтган йили про лигада айнан “Турон” шарафини ҳимоя қилган. Сардорга айрим саволлар билан мурожаат қилдик.
- Сардор, "Андижон"нинг ушбу мавсумдаги илк голи муаллифисиз. Қаршида "Насаф"га чиройли гол ургандингиз. Деярли чемпионат якунида яна гол урдингиз. Буни қандай изоҳлаган бўлардингиз?
- “Турон” билан ўйинда қўлга киритилган ғалаба билан жамоадошларим ва мухлисларимизни табриклайман. Тўғри, мавсумнинг биринчи ўйинида киритган голим балки чиройли чиққан бўлиши мумкин. Лекин ўша биргина гол билан қолиб кетдим. Бу мен учун ёмон натижа эди. Оддий гол бўлса ҳам, голларим кўпроқ бўлса яхши. Ўша чиройли голимни оддий урилган 5 та голга алмашган бўлардим. Бу мен учун афзал. Аммо “Андижон” сафида гол уриш ҳам осон эмас.
- Шунингдек, ўтган йили ижара ҳисобида "Турон"да тўп сургансиз. Сиз эса собиқ жамоангизга гол урдингиз. Буни кутганмидингиз?
- Мавсум бошида гол ургандим ва мен учун иккинчи гол жуда зарур эди. Аммо буни амалга оширишим анча қийин кечди. Аксига олиб менда голли вазиятлар ҳам кам бўлди. Ҳа, имкониятлар бўлди десам ҳам бўлади. Лекин айрим пайтларда омад етишмагандир ёки ўзим панд бергандирман. Мен учун битта гол қониқтирмасди. Чиройлиги мен учун қизиқ эмас, муҳими, кўпроқ гол уриб жамоамга ёрдам бериш. Ҳар доим голларимни кўпайтириш ва бу орқали “Андижон”га ёрдам бериш ниятида бўлганман. Ҳа, илгари “Турон” шарафини ҳимоя қилганман. Бу клубда яхши хотиралар қолган. У ердаги шароитлар футболга хос. “Турон”даги имкониятлар юқори ўринлар учун курашадиган даражада. Аммо футболда омадсизликлар бўлиб туради. “Турон” яхши жамоа.
- Қизиғи, сизга дарвозабон Элдор Адҳамов ассист вазифасини бажарди. Ўшанда тўп рақиб ҳимоячисидан ўтиб сизга келишини ва яккама-якка чиқишингизни ўйлаганмидингиз?
- Ўша вазиятда дарвозабонимиз Элдор Адҳамов тўпни яхши тепиб берди. Шаҳбоз Эркинов эса маҳоратини ишга солди ва мени олдинга югураётганимни ҳис қилиб, тўпга тегмасдан ўтказиб юборди. Ўшанда Эркиновни тажрибаси қўл келди. Яккама-якка вазиятдан фойдаланмасам бўлмасди.
- Бу мавсумда "Андижон"нинг иштирокини қандай баҳолайсиз?
- “Андижон” клубида ажойиб футболчилар йиғилган. Жамоамиз бундан ҳам юқори ўринлардан бирини эгаллашга қодир. ОКМК билан ўйин финалга хос бўлганди. Ўша бир учрашув билан янада юқорига ёки пастга тушиб кетиш мумкин эди. Балки ўша баҳсда ютганимизда ҳозир кучли учталик ёки тўртталик учун курашаётган бўлардик. Лекин ҳозирги натижамиз ҳам ёмон эмас, ҳамиша мухлисларимизни хурсанд қилиш учун ўйнаймиз ва биз мавсумни ғалаба билан тугатмоқчимиз.
Фикрлар