Сардор Раҳмонов: "Ал Ҳилол" билан Саудия Арабистонида дуранг ўйнаш ёмон натижа эмас

АГМК ҳимоячиси Сардор Раҳмонов "Ал Ҳилол" билан кечган учрашувдан кейинги фикрларини билдириб ўтди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар берди.

- Ўйин мураккаб ўтишини билардик ва шунга яраша баҳсга тараддуд кўргандик. Мураббийларимиз рақибнинг кучли ва кучсиз тарафларини ўрганиб чиқиб, тегишли кўрсатмаларни беришди. Кўрсатмалар асосида ҳаракат қилдик ва ўйлашимча, кучли рақибга нисбатан муносиб қаршилик кўрсатдик. Ҳеч бир жиҳатдан улардан қолишганимиз йўқ. Вазиятлар яратишда ҳам нисбатан голли имкониятлар бизда кўпроқ яратилди. Ғалабага ҳам яқин келгандик. Лекин муросасиз ўтган баҳс жанговор дуранг билан тугади. Рақиб сафида жаҳон даражасидаги легионерлар тўп тепди. Уларда кучли номлар бор ва "Ал Ҳилол"нинг ўйинини айнан легионерлар белгилаб беради. Бизда эса аҳил жамоа шаклланган ва бирлашиб ҳар қандай рақибга қарши ўйнаш мумкинлигини исботладик. Адашмасам, Ар-Риёдда "Ал Ҳилол"дан очко олган илк ўзбек жамоасига айландик. "Ал Ҳилол" билан Саудия Арабистонида дуранг ўйнаш ёмон натижа эмас. Лекин биз ҳар бир учрашувга ғалаба илинжида майдонга тушамиз.

photo_2021-04-16_05-23-59

Катта мусобақадаги илк ўйин ўтди. Ҳали ҳаммаси олдинда ва бизни муҳим баҳслар кутмоқда. Мақсадимиз гуруҳ босқичидан муваффақиятли ўтиш ва бу йўлда бор имкониятларимизни ишга соламиз. Шу ўринда бизни қўллаб-қувватлаб турган ўзбекистонлик барча футбол ишқибозларига миннатдорчилик билдираман ва келгуси ўйинларда уларни янада хурсанд этишга уринамиз, - деди футболчи. 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!