Сардор Рашидов - Купер, Абрамов, Қатар ва термага чақирилмаётгани ҳақида
Яна Қатар юлдузлар лигасига қайтиб, «Қатар СК» шарафини ҳимоя қилаётган ҳамюртимиз Сардор Рашидов кутилганидек жамоасининг етакчиларидан бирига айланди. Охирги пайтларда эса ушбу футболчининг терма жамоага чақирилмаётганлигини собиқ мураббий Эктор Купернинг услубига тўғри келмаётганлиги билан ҳам изоҳланаётганди. Кейин эса Купер кетди ва ўрнига Вадим Абрамов тайинланди. Хабарингиз бор, янги мураббий 10 ва 15 октябрда ўтадиган учрашувлар учун кенгайтирилган таркибни эълон қилган ва улар билан машғулотларни олиб бормоқда. Бироқ бу сафар ҳам Рашидовга таркибдан жой тегмаган. Бу ҳолат эса мухлисларни ҳайрон қолдирган бўлиши ҳам мумкин.
«Мени термага чақиришмаганидан таъсирланганим йўқ»
Қатар юлдузлар лигасида фаолият олиб бораётган ҳамюртимизнинг ўзига яраша мухлислари бор, албатта. Дарҳақиқат, терма жамоамизда эса бош мураббий ўзгарганидан кейин Рашидовни яна таркибга чақиришларини кутганлар бўлганди. Лекин Вадим Карленович Сардорни четлаб ўтди. Дастлабки мусоҳабамиз шу ҳақида бошланди.
- Миллий терма жамоа ҳақида гапирадиган бўлсам, тўғри, мени бу йиғинга жалб этишмади, - дея гап бошлади, Рашидов. - Лекин мен бу ҳолатдан таъсирланганим йўқ. Чунки терма жамоа ҳеч қачон бир футболчига боғланиб қолмайди. Қолаверса, кўп ўйинчиларимиз термада яхши ҳаракат қилишяпти. Агарда мени чақиришса, шубҳасиз қўлимдан келганича ёрдам беришга ҳаракат қиламан. Аммо мени термага жалб этишмаса, у ҳолда бор эътиборимни фақат клубимга қаратаман ва бу билан ҳаёт тўхтаб қолмайди. Менга ишонч билдирган клуб раҳбарларининг ишончини қозонишга ҳаракат қиламан. Шу ўринда терма жамоага таклиф қиладиган бўлишса, уларнинг ишончини оқлашга бор кучимни сарфлайман. Албатта, бўлажак баҳсларда терма жамоамизга омад тилайман. Қолаверса, бизнинг гуруҳимизда осон рақиблар йўқ. Кўрдингиз, ютишимиз керак бўлган учрашувда Фаластинга мағлуб бўлдик. Бу дегани Осиёда ҳамма яхши футбол кўрсатмоқда ва бошқалар ҳам ривожланишда давом этишмоқда.
«Мураббий ўзгаргани футболимиз учун яхши бўлди»
Охирги пайтларда миллий терма жамоамиз асосий мавзуга айланди. Айниқса, ўша Фаластинга ютқазишгани шармандали ҳолат деб баҳоланди. Бунинг фонида эса бош мураббий ўзгарди. Рашидов эса термамиздаги бундай ўзгаришларга ўз муносабатини билдирди.
- Ўйлашимча, бу ўзгариш футболимиз ва футболчиларимиз учун яхши бўлди. Вадим Абрамов Ўзбекистон чемпионатини ва ўйинчиларни жуда яхши билади. Бу ўзгариш қанчалик тўғри ёки нотўғрилигини кўрамиз. Олдинда эса бизни Яман ва Сингапурга қарши ўйинлар кутиб турибди. Бироқ мана шу иккала учрашув билангина биз кейинги босқичга чиқамиз дегани эмас. Гуруҳимизда ҳали кучли рақиб – Саудия Арабистони ҳам бор. Аввало гуруҳ баҳсларидаги барча учрашувларни ўтказиб бўлганимиздан сўнг бу ўзгаришга қандайдир баҳо берса бўлади. Ҳозирча эса бир нима дейиш қийин. Шунинг учун кутамиз ва кузатамиз. Бундан бошқа иложимиз ҳам йўқ.
«Купернинг ҳеч қайси услуби бизга тўғри келмади»
Кўпчилик томонидан Эктор Купернинг услуби ва тактикалари футболимиз учун ёт эканлиги ҳамда бизга умуман мос тушмаганлиги ҳақида кўплаб танқидлар айтилди. Чиндан ҳам Купер ишлаган даврда барибир ҳимоявий ўйин биринчи ўринга чиққанди. Сардор ҳам ушбу мутахассис қўли остида ўйнади ва унинг услубларини кўрди. Купер бизга ростдан ҳам тўғри келмадими, дея сўраганимизда «Қатар СК» аъзоси шундай жавоб қайтарди:
- Гапнинг очиғи, бир сўз билан айтганда, Эктор Купернинг ҳеч қайси услуби ўзбек футболига тўғри келмади. Унинг қилган ҳеч бир иши бизга мос келмади. Нафақат, майдон ва машғулотда, балки ундан ташқари ҳолатларда ҳам. Тўғри, Эктор Купер Мисрда ишлаган ва уларни жаҳон чемпионатига олиб чиқа олган. Лекин Ўзбекистон футболчилари ва шароитидан келиб чиқиб айтганда, унинг бирор-бир иши ўзини оқламади.
«Фаластиндаги мағлубият мени таажжубга солди»
Айниқса, унинг тактик услубларининг бизга мос тушмаётганлигининг энг катта даражаси ўша Фаластинга қарши учрашувда ҳам яққол билинди. Юқорида айтиб ўтганимиздек, айнан ушбу мағлубиятнинг фонида у истеъфога чиқарилди. Рашидов эса ўша ўйин уни ҳам ҳайрон қолдирганини айтди.
- Албатта, айниқса, Фаластинга мағлуб бўлганимиз мени таажжубга солиб қўйди. Чунки эндиликда биз гуруҳда охирги ўриндамиз. Энди қолган барча ўйинларда ютишимиз шарт ва кейинги босқичга чиқишимиз лозим.
«Абрамовнинг услубига тўғри келаманми-йўқми, буни айта олмайман»
Кўпчиликка яхши маълумки, Вадим Абрамов ҳужумкор, томошабоп ўйин услубини хуш кўрувчи мутахассислар қаторига киради. Бу борада эса Сардор Рашидовнинг ўйин услуби гўёки Вадим Карленовичнинг тактикасига мос тушадигандек. Лекин шунга қарамасдан, у бу футболчини ўзининг дастлабки йиғинига жалб этмади. Қизиқ, Рашидовнинг Абрамов билан муносабати қандай экан ва унинг услуби хусусида нимадир дея олармикин? Бу масалада ўзига мурожаат қилдик.
- Тўғрисини айтсам, мен ҳали Вадим Карленовичнинг қўли остида тўп сурмаганман. Шунинг учун бу борада бирор нима айта олмайман. Лекин 2011 йили Қатардаги Осиё Кубогида унинг бошчилигидаги ўйинларни кўрганман. Ўшанда Ўзбекистон терма жамоаси ҳозиргига қараганда ҳужумкор ва чиройли ўйинлар намойиш эта олганини биламан. Қолаверса, мен бу мураббийнинг ўйин услубига тўғри келаманми ёки йўқми, буни ҳозирча қизиғи йўқ. Чунки мен терма жамоага чақирилганим йўқ. Қачонки, мени термага чақириб, бирор-бир ўйинда иштирок этганимдан кейингина бу масалада фикр билдиришим мумкин.
«Оиламга ҳам Қатар ёқади»
Яқинда Қатар юлдузлар лигаси ҳам бошланди. Бироқ Рашидов тўп сураётган «Қатар СК» мавсумни муваффақиятли бошлай олмади ва бирин-кетин мағлубиятларга учради. Ҳамюртимиз эса бунинг сабаби ва Қатардаги ҳаёти ҳақида шундай дейди:
- Ҳа, биз тўртта учрашувда мағлубиятга учрадик. Чунки биз айниқса охирги дақиқаларда дарвозамиздан гол ўтказиб юборяпмиз. Негадир жамоамизга омад етишмаяпти. Ваҳоланки, ўйинлардаги ҳаракатларимиз яхши, ёмон эмас. Тўпни назорат қилиш бўйича ҳам устунлик жамоамиз томонида. Кетма-кет мағлубиятлардан сўнг жамоамизда бош мураббий ўзгарди. Янги мураббий қўли остида эса дастлабки учрашувни ўтказиб ғалабага эришдик. Қатар чемпионати менга бегона эмас. Оиламга ҳам Қатар ёқади, тўғриси, бу ерда бахтлимиз. Қатарда ҳамма нарса менга тўғри келади. У ерда кўп нарсаларга эришдим, кўплаб голлар уришга муваффақ бўлдим. Худога шукр, Худо менга кўп нарса берди.
«Терма жамоа мураббийлари клубнинг эмас, менинг ўйинларимни кузатишади»
Шу ўринда бир савол туғилади. Рашидов ўз жамоаси билан мавсумни кўнгилдагидек бошлай олмади ва ўзи таъкидлаганидек, кетма-кет мағлубиятлар қайд этилди. Балки «Қатар СК»нинг чемпионатни қониқарсиз бошлагани Сардорнинг терма жамоага чақирилишига тўсқинлиқ қилгандир? Айнан ушбу масала бўйича футболчимизга мурожаат қилганимизда қуйидагича муносабат билдирди:
- Гапингиз тўғри, биз бирин-кетин мағлубиятларга учрадик. Аммо, ўйлашимча, менинг термага чақирилмаганимга бу нарса таъсир қилмади. Жамоамиз мағлуб бўладими-бўлмайдими, менинг ўйинларим ва ҳаракатларимни мураббийлар кузатишади. Улар клубнинг нимага эришишини эмас, аввало ўз футболчисининг ўйинларига эътибор қаратишади. Албатта, мен «Қатар СК» билан мағлубиятларга учраганим рост. Лекин деган савол туғилади. Мен ва бошқа мутахассислар учун ҳам Қатар чемпионати Осиёда ўз ўрнига эга. Буни қитъадаги кучли чемпионатлар билан ҳам таққосласа бўлади. Нимага? Чунки Осиё Кубогида айнан Қатар терма жамоаси чемпион бўлди. Осиёнинг етакчиларини мағлуб этиш ўз-ўзидан содир бўлгани йўқ. Осиё Чемпионлар лигасида эса Қатарнинг «Ал Садд» клуби ярим финалгача келди. Биласизми, клубим қандай натижага эришишидан қатъий назар Қатар чемпионати кучли.
«Қатарга икки йилдан сўнг қайтганимда ўзгаришларни кўриб ажабландим»
Чиндан ҳам Қатар футболи катта ўсишга эришмоқда ва буни охирги Осиё Кубогида ҳам кўрдик. Сардор эса Қатар футболи ва унинг чемпионатини яхши билади. Шу маънода айтганда, унда Қатар билан ўзбек футболини бир-бирига яхшигина таққослаш имконияти мавжуд. Биз улардан нималарни ўрганишимиз мумкин? Рашидовнинг жавоби эса шундай бўлди:
- Қатардан нимани ўрганишимиз мумкин? Аслида бизнинг улардан кам жойимиз йўқ. Ҳаттоки, улардан кўра яхшироқ ўйнашимиз мумкин. Буни 2011 йилги Осиё Кубогида ҳам исботлаганмиз. Қатар эса ўша 2011 йилдан кейин анча ривожланди. Қатарда футболга эътибор топ-даражага кўтарилган. Қатар чемпионатида VAR тизими бор. Бу тизим Осиёнинг яна қайси чемпионатларида қўлланилаётганини очиғи билмадим. Бундан ташқари, ҳозирги кунда Қатарда жаҳон чемпионатига жуда катта тайёргарлик ишлари олиб бориляпти. Испаниялик кўплаб мутахассислар Қатарга келиб ишлашяпти. Мана, Хави ҳам шу ерда ишлаяпти. Тўғриси, у ерда бундан икки йил аввал ўйнаганимда ҳам бунчалик ривожланишга эришишмаганди. Орадан икки йил ўтиб келганимда эса бу ердаги ўзгаришларни кўриб ажабландим. Европа стандартларига жавоб берадиган майдонлар, умуман ҳаммаси юқори даражада. Жаҳон чемпионатида фойдаланадиган биринчи стадион тайёр бўлди. Бу «Ал Вакра» ўйингоҳи ва биз у ерда ўйнадик. Жуда оптимал ҳолатда. Иссиққа ҳам жуда мослашган. Ҳар бир ўриндиқнинг тагида кондиционерлар жойлашган.
Купер билан Қатар мураббийнинг катта фарқи бор»
Бизда ҳам хориждан мутахассис олиб келиниши керак деб кўп гапирилганди ва шунга асосан аргентиналик Эктор Купер таклиф этилганди. Лекин бу ўзини оқламади. Балки биз мураббий танлашда адашганмидик? Сардор эса шундай жавоб қайтарди:
- Купер Миср терма жамоасининг жаҳон чемпионатига чиқишига катта ҳиссасини қўшган. Билмадим, Ўзбекистонда нима учун яхши ишлаб кета олмади экан? Балки омади келмадимикин, тўғриси, буни омадга ҳам йўйиб бўлмайди. Чунки ўзим унинг қилаётган ишларига гувоҳ бўлганман. Купер бизга тўғри келмади. Биласизми, Купернинг Қатар терма жамоаси мураббийи билан катта фарқи бор. Қатарнинг испаниялик мураббийи ёш ва у ёшлар билан ишлашни билади. Шу билан бирга замонавий футболни ўргатади.
«Термага яхши ўйинчилар чақирилган»
Абрамов терма жамоа бошқарувини ўз қўлига олгач, таркибни эълон қилди ва кутилганидек янги футболчилар кўпчиликни ташкил этмоқда. Рашидов эса бу масалада ҳам ўз фикрини билдирди.
- Таркибга жалб этилган футболчиларнинг барчаси яхши. Улар Ўзбекистон чемпионатида ўзларини кўрсатиб келишяпти. Албатта, уларни кузатамиз ва терма жамоада ўзларини қай даражада кўрсата олишларини кўрамиз.
«Купер даврида ўз ўйинимни топа олмадим»
Сардор Рашидовнинг терма жамоамиздаги охирги ўйинларини ёдга оладиган бўлсак, унинг ўзи ҳам ҳатти-ҳаракатларидан қониқмаганлиги аниқ. Бу борада мухлисларнинг айрим эътирозлари ҳам бўлганди. Бу эса Купернинг услубига мослаша олмаганлиги билан ҳам боғлиқ бўлиши мумкин…
- Эктор Купер пайтида ўз ўйинимни кўрсата олмаслигимга сабаблар бўлган, - дейди Рашидов. – У доим ҳимоявий ўйинни маъқул кўрди. Менимча, ҳам ҳимояда, ҳам ҳужумда бирдек ўйнай оладиган футболчи дунёда бўлмаса керак. Тўғрисини айтадиган бўлсам, мен Эктор Куперда ўз ўйинимни топа олмадим. Бу ҳолат Осиё Кубогида ҳам сезилди. Энди янги мураббий қўл остида мухлисларни хурсанд қила оламиз, деб умид қиламан.
Фикрлар
Sardor Rashidovni eng yaxshi 3 futbolchi ichiga kiradi O'zbekiston bo'yicha tan olish kerakda chaqirish kerak edi. Bo'ldi endi oradagi xusumatlatni unutish kerak.