Сардор Рашидов: Қатарни соғинган эдим
Бунга қадар Португалиянинг “Насьонал” клуби сафида ўйнаб келаётган маҳоратли ўйинчи яна ўз фаолиятини Қатар Юлдузлар Лигасида давом эттирадиган бўлди. 28 ёшли футболчи ЎФА расмий сайтига янги жамоасидаги илк таассуротлари ва режалари хусусида гапириб берди.
"Португалия чемпионатида ўйнаш орқали Европа футболи ҳавосидан нафас олишга эришдим ва бундан хурсандман. Ана энди бор диққат-эътиборимни “Қатар СК” билан муваффақиятларга эришиш ва гранд клубларга етарлича қаршилик кўрсатишга қаратаман.
Айни пайтда “Қатар СК” Мадридда йиғин ўтказмоқда. Ушбу йиғин 8 август куни якунига етади. Ҳали бир нечта ўртоқлик ўйинларида майдонга тушамиз. Мақсадимиз – имкон қадар тезроқ яхши формага кириш. Зеро яқинда Қатарда янги мавсум старт олади.
Қатарда мазмунли ўйин кўрсатиш орқали ўзимга янада ишонч олиб, терма жамоамизга яқинда бошланадиган саралаш баҳсларида ёрдам беришга ҳаракат қиламан.
Қатар чемпионати мен учун бегона эмас, бу ерда тўп суришни рости соғинган эдим. “Қатар СК”га ўтишимда илгари мен фаолият олиб борган “Ал Жаиш”даги танишларимнинг ҳам хиссаси катта бўлди. Насиб этса, ушбу клуб сафида мазмунли ўйин намойиш этишга ҳаракат қиламан", - деди футболчи.
Таъкидлаб ўтамиз, жиззахлик ярим ҳимоячи фаолияти давомида “Сўғдиёна”, “Бунёдкор”, “Ал Жаиш” (Қатар), “Ал Жазира” (БАА), “Локомотив”, “Насьонал” (Португалия) клублари сафида фаолият олиб боришга улгурган.
Фикрлар