"Сассуоло" "Наполи" дарвозасига 4 та гол урганига қарамай, мағлубиятга учради

Италия А Сериясининг 36-туридан ўрин олган "Наполи" - "Сассуоло" учрашуви мезбонларнинг 2:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди.

Эътиборлиси, Роберто Де Дзерби шогирдлари ўйин мобайнида устунлик намойиш этиб, 4 бор рақиблари дарвозасини ишғол қилишга эришганди. Бироқ ВАР тизими ушбу голларнинг барчаси ўйиндан ташқари ҳолатдан киритилганлигини аниқлади.

Шу тариқа, неаполликлар ҳисобидаги очколар сони 59 тага етди. Гаттузо шогирдлари турнир жадвалининг 7-поғонасида боришмоқда, 6-ўриндаги "Милан" билан ўртадаги фарқ 1 очкони ташкил этмоқда.

  • 90'

    Учрашув ўз якунига етди. Матнли трансляцияни Абдулвосид Валихонов олиб борди.

  • 90+'

    ГОООООООООООООООЛЛЛЛЛЛЛЛЛЛ!!! Аллан Мертенс қолдирган тўпни Консильи ета олмайдиган бурчакка йўллади.

  • 90+'

    "Наполи"нинг кетма-кет иккита бурчак зарбаси муваффақиятсиз якунланди.

  • 90+'

    Ҳакам учрашув асосий вақтига 6 дақиқа қўшиб берди.

  • 90'

    Элмас узоқ масофадан "Сассуоло" дарвозасини ўққа тутди. Консильи тўпни қийинчилик билан ушлаб олди.

  • 89'

    Тўп назорати: 45-55. "Сассуоло" фойдасига.

  • 88'

    Рожерио ўрнига Манцари майдонга ташланди.

  • 87'

    Политано майдонга тушгандан бери кўринмаётганди. Мана, у Инсиньенинг қанотдан узатган тўпига биринчи бўлиб зарба берди. Тўп устунга тегиб қайтди.

  • 84'

    Локателли ва Журичич майдондан олинди. Криакопулос ва Араслин уларнинг ўрнида ҳаракат қилади.

  • 83'

    Чап қанотдан узатилган тўпга Распадори кўнгилдагидек зарба бера олмади.

  • 80'

    Жароҳатланган Зелински ва Фабиан Руиз захирага олинди. Улар ўрнига Элмас ва Аллан майдонга тушди.

  • 78'

    Петр Зелински майдон марказидаги тўқнашувдан сўнг тиббий ёрдам олишига тўғри келмоқда.

  • 74'

    Марлон майдон марказида қоидани бузиб, сариқ карточка ишлаб олди.

  • 73'

    "Сассуоло"нинг бурчак зарбасидан сўнг Феррари боши билан зарба беришга уринди. Зарба ўхшамади. Тўп майдонни тарк этди.

  • 73'

    Траоре ўрнига Распадори майдонга тушди.

  • 71'

    Сув ичиб олиш учун танаффус берилди.

  • 71'

    Берардининг жарима зарбаси жонли деворга тегиб майдонни тарк этди.

  • 69'

    Мертенс рақибини ҳакамнинг кўз ўнгида йиқитди.

  • 69'

    Журичич ҳам огоҳлантирилди.

  • 68'

    Милик ва Кальехон захирага олинди. Улар ўрнини Политано ва Мертенс тўлдирди.

  • 66'

    Хюсай қанотдан узатма амалга ошириб, тўпни Милик бошига "қўндириб" қўйган эди. У яна ўз имкониятидан фойдалана олмади.

  • 64'

    "Наполи"нинг тезкор қарши ҳужуми Миликнинг жарима майдони ташқарисидан берган зарбаси билан якунланди. Консильи ишончли ҳаракат қилди.

  • 64'

    Берардининг қанотдан узатган тўпи ҳимоячига тегиб ўз йўналишини ўзгартирди ва Оспинанинг қўлларига бориб тушди.

  • 61'

    ГОООООООООООООООЛЛЛЛЛЛЛ!!! "Сассуоло" барибир ўз мақсадига эришди. Доменико Берарди ажойиб тарзда Оспина дарвозасини ишғол қилди... Наҳотки?! Дўстлар, бугун "Сассуоло"нинг ҳамма голлари офсайддан уриладиганга ўхшайди. Нималар бўляпти?!

  • 59'

    Костас Манолас ўйинни давом эттира олмайди. Унинг ўрнини Максимович тўлдирмоқда.

  • 58'

    Манолас тиббий ёрдам қабул қилмоқда.

  • 57'

    Фабиан Руиз ярим майдонни бир ўзи босиб ўтиб, зарба берди. Тўп йўлига ҳимоячилар ғов бўлишди.

  • 56'

    Майдон марказида тўп учун аёвсиз кураш кечмоқда. Футболчиларнинг аксарияти бир ерга йиғилиб қолди.

  • 54'

    Рожерио ҳужумда қоидани бузди.

  • 53'

    "Сассуоло"нинг ажойиб комбинациясидан сўнг Берарди якуний зарбани берди. Оспина тўпни қайтарди.

  • 49'

    ГОООООООООООЛЛЛЛЛЛ!!! Мураббий танаффусда шогирдларини руҳлантира олгани аниқ. Капуто ажойиб имкониятдан унумли фойдаланиб, ҳисобни тенглаштирди... Нима?! Наҳотки?! Яна офсайд! Учинчи марта бундай ҳолат юзага келди.

  • 46'

    Милик зарбаси ҳимоячиларга тегиб қайтди. Қайтган тўпга Зелински тўхтатмасдан зарба берди. Бироз ноаниқ.

  • 46'

    Иккинчи таймга старт берилди.

  • 46'

    Тайм аввалида Тольян майдонга тушди. У Мюлдерни алмаштирди.

  • 45'

    Танаффус! Ҳозирча ҳисоб 1:0, "Наполи" фойдасига.

  • 45+'

    Кальехоннинг ўнг қанотдан ҳаволатиб узатган тўпига Милик мослаша олмади.

  • 45+'

    Журичичнинг жарима майдони ташқарисидан йўллаган зарбасини Оспина қайтарди.

  • 45+'

    Биринчи бўлимга 3 дақиқа қўшиб берилди.

  • 45'

    Журичичга тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.

  • 44'

    Локателли қанотда барчасини ажойиб бажарди. Аммо узатмага келганда техник хатога йўл қўйди. 

  • 42'

    Чап қанотдан тезлик билан жарима майдонига кириб борган Хюсай ўткир бурчакдан бўлса-да, зарба беришга қарор қилди. Консильи ўз ўрнида.

  • 40'

    Доменико Берарди рақибга нисбатан ишлатган қўполлиги учун огоҳлантирилди.

  • 37'

    Журичич эса эплайди!!! ГООООООООЛЛЛЛЛЛЛЛЛЛ!!! Траоре чап қанотдан кириб бориб зарба берди ва Оспина тўпни қайтарди. Журичичнинг такрорий зарбаси олдида колумбиялик дарвозабон ҳам ожиз... Яна офсайд?! Ҳа, Траорегаа тўпни узатишда "Сассуоло" футболчилари бир неча доллисекундга кечикишган экан.

  • 36'

    Инсинье чап қанотда фаоллик кўрсатиб, юқоридан тўпни Кальехонга етказиб берди. Хосе тўпни дарвозага жойлаб қўйишни уддалай билмади.

  • 35'

    "Сассуоло"нинг ҳужумларига "Наполи" ҳимоячилари бехато жавоб беришмоқда. Бирорта ҳам тўп ҳужумчиларга ўтмаяпти.

  • 32'

    ГОООООЛЛЛЛ... Журичич... Йўқ, офсайд бор экан. ВАР ҳам буни тасдиқлади.

  • 31'

    Журичичнинг навбатдаги узоқдан берган зарбаси Оспинага қийинчилик туғдирмади.

  • 30'

    Милик ҳужумда қоидани бузди.

  • 28'

    Ўйин давом этади.

  • 26'

    Футболчилар чанқоқларини босиб олишлари мумкин.

  • 25'

    Шерикларининг бош билан ташлаб берган тўпини яна Зелински тўхтатмасдан дарвозага тепди. Консильи ўз ўрнида ишончли ҳаракат қилди.

  • 23'

    "Наполи" футболчиларининг қанотдан жарима майдонига узатган тўпи ҳимоячилар томонидан қайтарилди. Қайтган тўпга Зелински берган зарба ўхшамади. Тўп футболчининг оёғига яхши ўрнашмади.

  • 22'

    "Сассуоло"нинг сўнгги дақиқалардаги камёб ҳужумларидан бири муваффақиятсиз якунланди. Ҳужумчи офсайдда қолиб кетган экан.

  • 20'

    Зелински кесувчи пас билан Инсиньени бирга-бир вазиятга олиб чиқди. Бироқ яна 27 ёшли футболчининг зарбаси ноаниқ кетди.

  • 19'

    Инсинье чап қанотдан тезлик билан ёриб кирди ва унга тўп ўз вақтида етказиб берилди. Аммо Лоренцонинг зарбаси бироз кучлилик қилди.

  • 18'

    "Наполи" яхши қарши ҳужум ташкил этиши мумкин эди. Аммо Милик ўйиндан ташқари ҳолатда қолган экан.

  • 15'

    Инсинье ўнг қанотдан узатилган тўпни ўз қанотида қабул қилиб олди ва Миликка узатди. Польшалик футболчи қийинчилик билан тўпга зарба берди. Ноаниқ.

  • 14'

    Энди устунлик неаполликларда. Бироқ вазияталар зарбагача етиб бормаяпти.

  • 11'

    Журичич ҳаводаги курашда Маноласга тирсаги билан зарба бериб юборди. Ҳакам ҳозирча кечирди.

  • 8'

    ГООООООООООООЛЛЛЛЛЛЛЛЛ!!! Хюсай Инсиньенинг ортга узатган тўпига бироз ўйлаб тургач зарба беришга қарор қилди. Тўп дарвозанинг ўнг пастки бурчагидан жой олди.

  • 6'

    "Наполи"нинг дастлабки ҳужуми Инсиньенинг зарбаси билан якунланди. Бироқ италиялик ҳужумчининг тепган тўпи трибунага томон кетди.

  • 4'

    Журичич рақиб жарима майдонигача бўлган масофани ажойиб босиб ўтди. Унинг 20 метрлар чамасидан берган зарбаси юқорилаб кетди.

  • 2'

    Дастлабки дақиқалардаёқ "Сассуоло" рақиб жарима майдончасига штурм уюштирди ва бурчак зарбаси ишлаб олди. Ҳимоячилар ишончли ҳаракат қилиб, бурчак тўпини қайтариб юборишди.

  • 1'

    Ўйинни "Сассуоло" футболчилари бошлаб беришди.

  • 0'

    Стадион узра Италия А Серияси мадҳияси жаранг сочмоқда.

  • 0'

    Жамоалар майдонга тушиб келишмоқда.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!