Сайфиддин Эрматов: Равшаннинг мундиал финалини бошқариш вақти келди
Ads

Россияда ўтаётган жаҳон чемпионатида доимгидек тажрибали ФИФА рефериси Равшан Эрматов ҳам жалб этилган. Бугун ҳамюртимиз "D" гуруҳидан ўрин олган Аргентина ҳамда Хорватия терма жамоалари ўртасидаги баҳсни бошқариб боради. Айтиш лозимки, ўзбекистонлик мухлислар Эрматовни мундиалда кўришни муштоқлик билан кутишмоқда. SPORTS.uz мухбири эса Равшан Эрматовнинг отаси, тажрибали назоратчи Сайфиддин Эрматов билан боғланиб бир қатор масалалар ҳақида суҳбатлашди.

- Жаҳон чемпионатидаги ҳакамликни диққат билан кузатиб бораётганингизга шубҳа йўқ. Шундай экан, айтинг-чи, сизда қандай таассурот қолмоқда?

- Кўриб турганингиздек, видеотакрорлар ҳакамларнинг хатоларини тўғрилаб турибди. Ҳакамлар масаласида кўзга ташланаётган асосий жиҳатлари шу. 2-турдан янада жиддий ўйинлар бошланади. Жаҳон чемпионатидаги асосий ўйинлар ҳали олдинда. Бундай беллашувлар энди бошланяпти. Шу боис асосий ҳакамлар ҳам энди ишга киришишади.

- Умуман олганда, бу сафарги мундиалнинг шиддати борасида нима деган бўлардингиз?

- Ўйинлар ёмон эмас. Кутилмаган натижалар ҳам бошланди. Масалан, Германиянинг Мексикага ютқазиб қўйишини ҳеч ким кутмаганди. Бразилия билан Аргентинанинг дуранг ўйнаб қўйгани ҳам кутилмаган натижалар сирасига киради. Жаҳон чемпионати мана энди қизғин палласига кириб боради.

- Ўғлингиз Равшан Эрматов билан доимий алоқада бўлиб турибсизми?

- Ҳа, ҳар куни кечки пайт гаплашяпмиз. Ҳаммаси яхши. Уни иккинчи тур баҳсларидан ўйинларга тайинлашса керак деб ўйлаб тургандим. Мана, айтганимдек, унга жуда жиддий бўлган Аргентина ва Хорватия терма жамоалари ўртасидаги ўйинни топширишди.

- Ҳа, биздан ҳам кўпчилик Равшан Эрматовнинг нега ўйинларни бошқармаётгани ҳақида сўрашаётганди. Ҳозирги кунда бутун халқимиз унинг тезроқ мундиалда ҳакамлик қилишини кутишмоқда...

- Буни хавотирли жойи йўқ. Тажрибали ҳакамлар аста-секин ўз ўйинларини бошлашади. Чунки ҳозир айтдим-ку, асосий учрашувлар энди бошланади. Ҳозир эса ФИФАнинг ҳакамлар департаменти бошқа ҳакамларни кўриб чиқяпти. Чунки жаҳон чемпионатида янги ҳакамлар ҳам кўп. Равшан ўйинларни бошқаришга 100 фоиз тайёр. Унга тўлиқ ишонаман. Шунинг учун ҳам унга муҳим беллашувни ишониб топширишди.

- Умуман олганда, ота сифатида ўғлингиздан жаҳон чемпионатида нимани кутяпсиз?

- Яхши ҳакамлик қилиб, халқимизни хурсанд қилса бўлди. Бундан бошқа яна нимани ҳам кутардим? Худоим уларнинг омадини берсин. Албатта, бошқарадиган ҳар бир учрашувини адолатли ва ортиқча эътирозларсиз ўтказишини истайман.

- Жаҳон чемпионатлардаги энг кўп ўйинни бошқарган рекордчи ҳакам сифатида бу сафарги мундиалнинг финалини Равшан Эрматов бошқаришини кўпчилик кутяпти. Бу борада унинг имкониятларини қандай баҳолайсиз?

- Ҳа, менимча ҳам Равшаннинг финал учрашувини бошқариш имконияти юқори. Тан оламан, мен ҳам ҳамма қатори унинг финалга тайинланишини интизорлик билан кутяпман. Ҳаммасини вақт кўрсатади. Мен ҳам, Равшан ҳам буни яхши ҳис қилиб турибмиз. Худо хоҳласа, умидларимиз ва режаларимиз бўйича финални бизга беришлари керак.

- Айнан қандай хусусиятлар эвазига ўғлингизнинг финални бошқаришига ишончингиз юқори?

- Аслида ўтган сафарги жаҳон чемпионатидаёқ финал учрашувини бошқариши керак эди. Лекин айрим сабабларга кўра бундай бўлмади ва ярим финал ўйинини бошқарганди. Энди фақат финални бошқариш қолди холос. Агар шуни ҳам уддалай олса, мақсадига эришган бўлади.

- Юқорида айтиб ўтганингиздек, бу сафарги мундиалда видеотакрорлардан фойдаланиляпти. Бунинг футболимизга қанчалик фойдаси бор?

- Ҳар бир ишнинг ўзига яраша плюс ва минус жиҳатлари бор. Албатта, видеотакрорлардан фойдаланиш жараёнида вақтдан йўқотишяпти. Швеция ва Жанубий Корея ўртасидаги учрашувда ҳакам ўйин қоидаси бузилганида пенальти белгиламаганди. Аммо видеотакрордан кейин қарорини ўзгартириб 11 метрли нуқтани кўрсатди. Натижада Швеция ўша пенальти туфайли ютиб кетди.

- Ҳакамларнинг видеотакрордан кейин қарорини ўзгартириши натижага таъсир қиляпти. Бундай пайтда ўша ҳакамнинг савиясига таъсир кўрсатмайдими?

- Албатта, таъсир кўрсатади. Ҳакамнинг ўйин давомида видеотакрорлардан қанча кам фойдаланса, маҳорати ҳам шунга яраша юқори бўлаверади.

- Айтинг-чи, Равшан Эрматовнинг жаҳон чемпионатидаги асосий рақобатчилари деб кимларни айтган бўлардингиз?

- У ерда рақобат йўқ. Ким тайёр бўлса ўша ҳакамлик қилаверади. Мундиалга ФИФА ҳакамлар департаментининг ишончини қозонган реферилар йўл олишган. Ҳаммаси бир-бири билан дўстона муносабатда. Ҳозирча ФИФА бошқа ҳакамларни кўриб чиқяпти. Кимнинг қандай хато қилаётганини кўриб оляпти.

- Бугунги кундаги ўзбек ҳакамларининг мавқеи ҳақида нима дея оласиз?

- Ўзгаришлар катта. Ҳакамларимизда ижобийлик кўпроқ кўзга ташланяпти. Бу албатта бизни хурсанд қиляпти. Ўзбек футболининг ҳакамлар мактаби ҳар доим ўз даражасини юқори ушлаган. Мақтаниш эмас, аммо чиндан ҳам ҳакамларимизнинг савияси юқори. Буни хорижликлар ҳам эътироф этишади. Муҳими, ўсиш бўляпти. Яна яқин орада бир қатор ҳакамларимиз халқаро мусобақаларга боришади.

- Равшан Эрматовнинг вориси деб сизни кимни кўрсата оласиз?

- Иқтидорли ёшларимиз кўп. Масалан, Шерзод Қосимов. Биз ҳам уларга қўлимиздан келганича ёрдам бериб турибмиз. Улар бизни уялтириб қўйишмайди. Хатолар қилмасликка ҳаракат қилишяпти. Оғир учрашувларни яхши бошқараётганини кўриб турибмиз.

- Суперлига баҳсларини “Спорт” телеканалида жонли равишда эфирга узатаётгани ҳакамларга қанчалик таъсир кўрсатяпти деб ўйлайсиз?

- Буни қўрқинчли жойи йўқ. Ҳаммаси ижобий. Ўз устида олдингидан ҳам кўпроқ ишлашяпти. Хатога камроқ йўл қўйишга ҳаракат қилишяпти. Жисмоний тайёргарлиги ҳам шуни тақозо қилиши лозим. Ўйинга зўр тайёрланган бўлса, хато ҳам ўз-ўзидан камаяди. Ҳакамларимизда ҳар томонлама ўсиш бор. Айнан шуниси қувонарли. Чемпионатимизда ҳар икки-учта турдан кейин ҳакамлар ва назоратчилар иштирокида семинарлар ташкил этиляпти. Йўл қўйилган хато ва камчиликлар нимадан келиб чиққани таҳлил қилиниб, келажакда бундай ҳолатлар такрорланмаслигининг олдини олишга ҳаракат қиляпмиз.

Шуҳратбек Жўраев суҳбатлашди.