Сергеев танлаган “Актобе”да футболимиз юлдузлари порлаган!

Ўзбекистоннинг бугунги кундаги энг кучли ҳужумчиларидан бири Игорь Сергеев фаолиятини УЕФА аъзоси – Қозоғистонда давом эттиришга қарор қилди. “Пахтакор” билан чемпионликни нишонлаган футболчи шартномаси якунлангани боис “Актобе” сафига эркин агент сифатида қўшилди.

“Актобе” ўзбек футболи мактаби тарбияланувчилари учун омадли жамоа саналади. Бу клубда мустақиллик йилларидаги энг ёрқин ўйинларини намойиш этган машҳур футболчиларимиз тўп тепган.

100382_680

Sports.uz портали “Актобе”да ўйнаган ўзбекистонлик футболчилар ҳақида маълумот беришни лозим топди.

Жаъфар Ирисметов (ҳужумчи)

unnamed

Моҳир тўпурар 2004 йилда “Қайрат” сафида Қозоғистон чемпиони бўлганди. 2008 йилги мавсум олдидан “Актобе” га қўшилди. Жаъфар бу жамоада 15 та учрашувда иккита гол урди. Шунингдек, Ирисметов қўшни мамлакатда “Олма-ота” шарафини ҳам ҳимоя қилган.  

Алексей Николаев (ҳимоячи)

2002-2008 йиллар давомида Ўзбекистон миллий терма жамоасида ўйнаган Алексей Николаев “Актобе”га 2006 йилги мавсумда борган эди. Унгача, истеъдодли ҳимоячи “Қизилқум”, “Пахтакор” ва Россияда “Шинник”да ўйнаган. Николаев Қозоғистон чемпионатида икки мавсумдан камроқ вақт мобайнида жами 31 та беллашувда қатнашиб, учта гол урди ва 2007 йили чемпионликни қўлга киритди. Кейин юртимизга қайтиб, ўша пайтда “Қурувчи”, деб номланган ҳозирги “Бунёдкор”га ўтди.

Тимур Кападзе (ярим ҳимоячи)

unnamed (1)

Тимур Кападзе 2012 йилги мавсум ўрталарида “Шаржа”дан “Актобе”га келган эди. Икки ярим мавсум давомида тажрибали  ярим ҳимоячимиз мамлакат чемпионати олтин медали ва Суперкубогига эга чиқди. Барча турнирларда “қизил-оқлар” таркибида 95 та ўйинда майдонга тушиб, 17 та гол урди. 2015 йили Тошкентга қайтиб, “Локомотив”ни танлади.

Марат Бикмаев (ярим ҳимоячи)

8eOqIRhZQMxB

Россияда “Алания” шарафини ҳимоя қилган Марат Бикмаев Қозоғистонга келиб, “Актобе”га қўшилди. Икки йил давомида барча турнирларда 34 та ўйин ўтказиб, тўртта гол урган ҳужумкор футболчимиз  кейинчалик Тошкентнинг “Локомотив” жамоасига кўчиб ўтди. Бикмаев 2013 йилги Қозоғистон чемпионати ғолиби ҳисобланади.

Александр Гейнрих (ҳужумчи)

113837_680

Ўзбекистон миллий терма жамоаси порлаган Гейнрих ҳам “Актобе”га Бирлашган Араб Амирликлари чемпионатидан ўтган. 2012 йилда “Эмирейтс” клубида еттита ўйинда иккита гол урган ҳужумчимиз ўзи тегишли бўлган “Пахтакор”га қайтмасдан, фаолиятини “Актобе”да давом эттиришга қарор қилди. 2014 йилги мавсумнинг ярмигача ушбу жамоада тўп тепган ҳужумчимиз Қозоғистон чемпиони ва Суперкубок соҳиби бўлди. “Актобе”да 78 та ўйинда 24 та гол урди. Кейинчалик Гейнрих “Актобе”да жамоа бошлиғи ва селекционер-мураббий лавозимида ҳам фаолият юритди.

Бобир Давлатов (ярим ҳимоячи)

CstP0osXEAAYZwj

Ўсмирлар ва ёшлар терма жамоаларида етакчилик қобилияти билан ажралиб турган Бобир Давлатов жуда эрта легионерга айланган. 2012 йилни “Машъал”да якунлаб, кейин “Рубин”га кетган футболчини қозонликлар икки марта Қозоғистон чемпионатига ижарага жўнатади. Аввал “Жетису”, кейин “Актобе”да ўйнаган ёш ярим ҳимоячи 2017 йилда “Нефтехимик” билан шартнома имзолаб, яна Россияга қайтган. Кейинроқ юртимизда “Локомотив” ва “Насаф” шарафини ҳимоя қилган Бобир 2020 йилнинг кузидан “Нефтехимик”да ўйнаяпти.

Игорь Сергеев (ҳужумчи)

sC6S9B16136482331772_b

Игорь Сергеев Қозоғистон чемпионатига айни кучга тўлган пайтида йўл олди. Ўтган йили Сергеев “Пахтакор”нинг Ўзбекистон чемпионатлари тарихидаги энг зўр тўпурари бўлди. Моир ҳужумчи ўзини тарбиялаган клуб учун чемпионатда 180 та учрашув ўтказиб, голлари сонини 101 та етказди. Шунингдек, Игорь Сергеев  Ўзбекистон миллий терма жамоасида 53 та учрашувда рақиблар дарвозасини 17 марта аниқ нишонга олган.

Игорь фаолияти давомида Хитой чемпионатида “Бэйцзин Гоань” (14 та ўйин, битта гол) ва Бирлашган Араб Амирликларида “Аз-Зафра” (6 та ўйин, битта гол) шарафини ҳимоя қилган.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Минбар

Барча блоглар