Сергей Арслонов: "Навбаҳор" билан ўйин қийин бўлди
Ўзбекистон Coca Cola кубоги чорак финалидан ўрин олган “Навбаҳор” – “Сурхон” (2:0) учрашувидан кейинги матбуот анжуманининг биринчи қисмида термизликлар бош мураббийи Сергей Арсланов қатнашиб, журналистларнинг саволларига жавоб берди.
“Учар тулпорлар” устози одатдагидек, ўз сўзини ўйин ҳақидаги фикрлари билан бошлади.
– Барчага хайрли кеч! Аввало, “Навбаҳор”ни навбатдаги ғалаба ва Ўзбекистон кубогида кейинги босқичга йўл олгани билан табриклайман. Ўйинга келсак, аламли мағлубият. Ҳаракатларимиз яхши бўлди. “Навбаҳор”дек яхши ташкил қилинган жамоага қарши ўйнаш жуда қийин бўлди. Биз мухлисларнинг “Навбаҳор”ни қандай қўллаб-қувватлаб туришганини жуда яхши ҳис қилдик. Йигитлар бунга дош бера олишди ва яхши ўйин кўрсатишди. Афсуски, натижа ижобий бўлмади.
– “Сурхон” жамоаси мухлисларга ёқадиган ўйин кўрсатмоқда. Бироқ, бугун негадир узоқдан зарбалар кўрмадик?
– Бизнинг ҳаракатларимиз ҳар доим рақиб жамоаникидан келиб чиққан. Бугун ҳаммамиз кўрдикки, “Навбаҳор” жуда тартибли ва яхши ташкиллаштирилган ҳимоя намойиш қилди. Шу сабаб ҳам бизга узоқдан зарба бериш ва жарима майдончасига кириш қийин бўлди. Ўтказиб юборилган тўпдан кейин бўш ҳудудлар пайдо бўла бошлади. Биз бундан фойдаланишга ҳаракат қилдик, аммо реализация масаласи оқсади.
Баъзи вазиятларда ҳакамнинг қарори бизнинг фойдамизга бўлмади. Буни муҳокама қилмоқчи эмасман. Саволга қайтсак, рақиб бизга узоқдан зарба беришга имкон қолдирмади.
– “Сурхон” олдига жорий мавсумда қандай мақсад қўйилган?
– Жуда оммабоп ва қизиқ савол. Жамоамиз таркиби асосан ёш футболчилардан иборатлигидан келиб чиқсак, мақсад ҳар доим юқори қўйилади. Тўғри, совринли ўринларни эгаллаш бўйича аниқ бир мақсад қўйилмаган, аммо ҳар бир учрашувда ғалаба қозонишни мақсад қилганмиз. Бу ёшда энг муҳими шу. Йигитларимиз ёш, уларни ёрқин келажак кутиб турибди", - деди Арсланов.
Фикрлар