Сергей Арслонов: "Рақиб футболчиларимизни яхши қўриқлади"
Cоcа-Cоlа Суперлига 12-турида “Пахтакор”га мағлуб бўлган “Сурхон” клуби бош мураббийи Сергей Арслонов мағлубият сабаблари, Нимелининг ўйини, чарчоқ ва рақиб ҳақида гапирди.
“Бу фикрни қайтаришни унча истамайман, аммо яна қайтараман – яна икки хил тайм кўрдик. Жамоам дастлабки таймда мазмунлироқ ўйнади. Тепа блокда яхши ҳаракат қилдик. Аммо, вазиятлардан фойдаланишда бироз оқсадик. Рақиб тажрибали ва тартибли жамоа эканини билардик. Дарвозамиздан гол ўтказиб ҳам олдинга интилдик. Шунчаки, рақиб бугун бизга гол уришга бермади.
Нимели анча тиришқоқ ва ҳужумда имконият излайдиган футболчи. Бугун шунчаки, рақиб унга қарши қаттиқ ҳимояланди. Уни яхши қўриқлашгани учун вазиятлар деярли яратмади. Шундай бўлсада, ҳаракатларидан қониқдим. Рақибларга доим босим уюштириши анча фойда берди.
Асилбек Жумаевга ҳам “Пахтакор” футболчилари алоҳида бириктирилгани учун бугун ўйини қовушмади. У жуда талабчан ва тўпни назорат қилишга ҳаракат қиладиган футболчи. Уни ҳам қаттиқ ва жиддий тарзда қўриқлашгани учун ўзини кўрсата олмади.
Бугун юқорида бораётган жамоалар билан пастдаги жамоалар даражаси орасида фарқ олдингидек эмас. Барча жамоаларда савияли ва даражаси юқори футболчилар йиғилган. Барчанинг ўз услуби ва қарашлари бор. Биз ҳам лигада бошқаларга бемалол қийинчилик туғдирадиган, ўз услубимизга эга клуб сифатида шаклланишни режа қилаяпмиз.
“Пахтакор” ҳозир бизга ҳам уй стадиони вазифасини бажариб келаяпти. Шундай бўлсада, стадионга келиб бизни қўллаб-қувватлаб келаётган мухлисларимизга рахмат”, - деди термизликлар устози.
Фикрлар