Сергей Ильин: "Нефтчи" футболчиларининг техникаси яхши, улар майдонда кўп югурдилар"

“Нефтчи” жамоаси Туркиянинг Анталия йиғини доирасида Россия биринчи дивизион вакили “Ленинградец”га қарши беллашувда 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Учрашувдан сўнг “Ленинградец”га янги қўшилган қанот ярим ҳимоячиси Сергей Ильин ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

- Ўзингларни қандай ҳис қиляпсиз лар, нима сабабдан рақибга ютқазиб қўйдинглар?

- Умуман олганда, йиғиндаги илк ўйин бўлгани учун ҳис-туйғулар ўзига яраша. Бир томонлама олиб қараганда, яна бирга эканлигимиз хурсанд қилмасдан қўймайди. Бошқа томонлама эса, гарчи ўртоқлик учрашуви бўлса-да, ютқазиб қўйганимиз бироз кўнгилни хижил қилди. Рақиб ўйин маромини ўз қўлига олишни уддалай олди, ҳимояланган пайтда эса жуда зич жойлашди. Бундай пайтда ҳимоя қўрғонини ёриб ўтиш осонмас. Шу боис унинг жарима майдончаси ичига кириб олишга қаратилган ҳаракатлар зое кетди. Натижада тўпни бу қанотдан, у қанотга ошириш билан машғул бўлдик, холос.

- Кўпчиликни алмаштиришди. Сиз бўлсангиз, бутун ўйинни майдонда ўтказдингиз. Ўзингизни қандай ҳис қиляпсиз, чарчаб қолмадингизми?

- Йўғе, ҳаммаси жойида. Агарда иложи бўлса, яна бир таймни ҳам бемалол ўтказган бўлардим.  Ўзимни жуда яхши ҳис қиляпман, майдонни соғиниб қолган эканманми, чарчаганим умуман сезилмаяпти. Тўғри, аксар шерикларимнинг умумий ҳолати оптимал кўринишда бўлмагани учун ҳам алмаштиришлар сони кўпайиб кетди. Аммо бу вақтинча ва ҳаммаси ўтиб кетади.

- Рақиб ҳақида нима дейсиз?

- Яхши жамоа, футболчилари техник томонидан яхши шаклланишган. Улар майдонда кўп югурдилар, хавфли вазиятларни юзага келтирдилар ва биздан фарқли равишда ўз голини ура олдилар.

- Гарчанд бу ўртоқлик учрашуви бўлса-да, мағлубиятдан ранжиганингиз юзингиздан сезилиб турибди...

- Ҳа, гапингиз тўғри. Футболчи қандай мақомдаги баҳс бўлмасин, ҳар қананасига уни ютишни хоҳлайди. Нима ҳам дердим, бугунги баҳсни бой бердик, аммо ўз устимизда яхши ишласак, ҳаммаси ўз изига тушиб кетади.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!