Сервер Жепаров: Темур Мамасидиқов қаттиқ ҳаракат қилаяпти
Cоcа-Cола Суперлига 20-турида ўз уйида “Насаф”га мағлуб бўлган “Олимпик” клуби мураббийи Сервер Жепаров ўйин ҳақида фикр билдирди.
“Ўйинни анча ёмон бошладик. Ўтказиб юборилган тезкор гол йигитларга руҳий зарба бўлди. Ўйин давомида бу сезилди. Футболчилар ўзларига келишлари учун анча вақт кетди. Иккинчи тайм биринчисига қараганда қизиқарлироқ кечди. Ўзимизни қўлга олдик, ҳатто ҳисобни тенглаштиришга ҳам яқин келгандик. Мамасидиқовнинг зарбаси голга айланганда, барчаси бошқача кечарди. Рақибни ғалаба билан табриклайман. “Насаф” анча кучли жамоа.
“Олимпик”ни жамоалар анча ўрганишгани рост. Бу йил, бизга қийинроқ бўлаяпти. Таркибда анча ўзгаришлар бўлди. Бир неча нафар футболчилар кетди. Янги келиб қўшилганларга адаптацияга вақт керак. Жамоамизнинг асосий ўзагидан 10 нафари Осиё ўйинларида. Шунга қарамай, қолган ўйинчилар билан жамоани шакллантиришга ва чемпионатда муносиб ўйнашга ҳаракат қилаяпмиз”.
“Ҳозирги таркибга кучли жамоаларга қарши ўйинларда тажриба этишмаяпти. Бугунги баҳсда рақибга жиддий қаршилик кўрсатдик. Мағлуб бўлган бўлсакда, бугун жисмонан рақибга ютқазмадик. Бу ҳолатдан кўнглим тўқ. Хатолар эса футболчиларни янада кучли қилади”.
“Темур Мамасидиқов қаттиқ ҳаракат қилаяпти. Ўйлайманки, ўз устида ишласа, албатта ундан ажойиб футболчи чиқади”, деди Жепаров.
Фикрлар