Шаҳбоз Эркинов: "Жиддий рақибларга қарши баҳсларда ўз ўйинимизни намойиш этишга ҳаракат қиламиз"

Фарғонада давом этаётган «Ҳоким кубоги» доирасида чорак финалга йўл олган «Бунёдкор» эртага Қирғизистоннинг «Нур Баткен» жамоасига қарши майдонга чиқади. "Қалдирғочлар" ҳужумчиси Шаҳбоз Эркинов клуб матбуот хизматига ўз фикрларини билдириб ўтди.

«Нефтчи-2»га қарши ўйин қизиқарли кечди, дея оламан. Рақиб сафида ёш футболчилар ҳаракат қилган бўлса-да, бизга жиддий қаршилик кўрсатишга интилишди. Ҳаяжон билан тўп суришгани кўринди, аммо болалар борларини бериб югурди. Менга уларнинг интилувчанлиги, ҳаракатчанлиги ёқди. Эътибор берган бўлсангиз, «Навбаҳор фарм» билан бўлган беллашувда ҳам ўйинимиз бироз қовушмаганди, «Нефтчи-2»га қарши баҳсда ҳам шу ҳолат такрорланди. Буни руҳият билан боғлиқ, деб биламан. Футболчилар рақибга қарши тайёргарлик кўради. Бу ўз-ўзидан содир бўлади. Оддий мисол, «Турон-2» аралаш таркибни майдонга туширди. Жамоа сафида тажрибали ўйинчилар бор эди. Ўз-ўзидан биз ҳам бу рақибга бошқача кайфиятда майдонга чиқдик ва яхши ўйин намойиш қилдик. Ўйинимиз қовушди, ҳаракатларимиз ўхшади. Шунинг учун буни табиий қабул қилса бўлади. Гуруҳдан чиқдик, энди буёғига кучсиз жамоалар йўқ. Шунингдек, ғолиб мусобақани давом эттиради, мағлуб турнирни тарк этади. Чорак финалда Қирғизистон жамоаси билан ўйнаймиз. Ўйлайманки, бундан кейин жиддий рақибларга қарши баҳсларда ўз ўйинимизни намойиш этишга ҳаракат қиламиз ва кўзлаган мақсадимизга етамиз", - дейди футболчи.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!