Шаҳбоз Эркинов: "Муртазоев совуганидан кейин нималар қилиб қўйганини тушуниб етгандир"

“Андижон” клуби Ўзбекистон Сoca-Cola Кубок 1\8 финал босқичида “Турон”ни қабул қилиб, 3:2 ҳисобида ғалаба қозонди ва чорак финалга чиқди.

Ушбу учрашув қаҳрамонларидан бири Шаҳбоз Эркинов бўлди. “Бургутлар” ҳужумчиси бирин-кетин иккита гол уриб, жамоасининг ғалабасига катта ҳисса қўшди. Шу боис тажрибали ҳужумчига бир қатор саволлар билан мурожаат қилдик.

- Аввало, жамоани муҳим ўйиндаги ғалаба билан табриклайман. Бундай қайноқ дербидан қандай таассуротлар қолди?

- Таассуротлар ҳам ижобий, ҳам салбий. Яхшиси, адреналин катта бўлди. Айниқса, биринчи таймнинг ўзида 3 та гол урганимиз анча ишонч бағишлади. Ўйинни бошқача бошладик. Ўтган ўйинни таҳлил қилганимизда Виктор Кумиков бизга тушунтириб бердики, 90 дақиқанинг 60 дақиқасида агрессив ўйнаган эканмиз. Видеолавҳалар орқали бизга тушунтириб берди. 30 дақиқасида кўнгилдагидек ўйнамаганимиз эвазига ташаббус “Турон”га ўтган. Яна шу нарса такронланмаслиги учун учрашув бошидан тажовузкор ўйин кўрсатишга ҳаракат қилдик ва бу фойда берди. Негатив тарафи иккинчи таймда бўлди. Барибир хоҳлайсизми-йўқми, яна бироз бўшашдик, ҳимояга қайтдик. 3:0 дан кейин ўша мувозанатни сақлаб қола олмадик. Бу нарса панд берди. Ҳумоюн Муртазоевни қилган иши ўйин ҳақида ёмон асорат қолдирди.

- Унинг хатти-ҳаракатига сизда қандай реакция пайдо бўлди? Ҳар ҳолда ўша вазият “провакация” эди...

- Уни бундай йўл тутишга бизнинг футболчимиз Горон Милойкони ўтган сафар шунга ўхшаш ҳаракат қилгани сабаб бўлди, деб айтишди. Ишонасизми, буни биз кўрмаганмиз, ҳеч кимнинг хабари йўқ эди. Ўйиндан олдин раҳбарият олдимизга кириб, ўтган сафар шунақа иш бўлган экан, деб айтишди. Милойкони уларга нисбатан ичи қоралиги ёки ғаламаслик нияти бўлганида бу ҳақида бизга айтган бўларди. Ўша учрашувдан кейин деярли 10 кун вақт ўтди. Бу ҳақида умуман гап-сўз бўлгани йўқ. Фақат кечаги баҳсдан аввал уларнинг раҳбарияти шунақа иш бўлганди, дея бизникиларга айтибди. Натижада учрашувдан олдин бу хусусида раҳбариятимиз бизга эътироз билдириб, бундай қилмасликни айтиб, ҳурматни сақлаш муҳимлигини уқтирди. Кейин бу хусусида Горондан сўрасак, ҳаммаси ҳиссиётда бўлди, нимага бундай бўлганини билмайман, деди. Ўзи кўрган бўлсангиз, у шунақа ҳиссиётли бола. Бошқа ўйинларда ҳам гол урганимизда мухлисларимиз олдига бориб қандайдир қилиқлар қилади, алламбало ҳаракатлари бор. Лекин Горон уларга нисбатан атайлаб, бир нима қилгани йўқ. Хуллас, унга барчамиз тушунтирдик. Аммо ўзимизнинг ўзбеклар шунақа иш қилгани ҳайрон қолдирди. Тўғри, балки қайтармоқчи бўлгандир. Ҳумоюнни яхши биламан, у қилиқ қиладиган бола эмасди. Балки совугандан кейин нималар қилиб қўйганини тушуниб етгандир. Ўйин пайтида мен кўрмадим. Кечки пайт видеода кўриб, кўпчилик дўстларим ҳам мендан сўрашди, бу нима қилиқ деб?! Кейин видеода унинг қилиғини кўриб, жаҳлим чиқиб кетди. Қаттиқ таъсир қилади. Яхшиҳамки, ўйин пайтида унинг ҳаракатини кўрмаган эканман, акс ҳолда биз ҳам унга нисбатан қизишиб кетишимиз мумкин эди ва бу охири яхшилик билан тугамайдиган ишга айланиб кетиши ҳеч гап эмасди. “Бунёдкор”да ҳам, “Машъал”да ҳам бирга ўйнаганмиз. Муртазоевнинг иши қаттиқ ҳайрон қолдирди. Бу водий дербиси, халққа қараб бундай иш қилиши маданиятимизга ҳам тўғри келмайди. Менимча, ўзи тушуниб етгандир.  

эркинов ш3

- Ўйинни бурилиш нуқтаси – бу сизнинг бирин-кетин урган иккита голингиз бўлди. Шундай бошлашингизни кутганмидингиз?

- Ҳамма ўйинда тезроқ гол уришга ҳаракат қиламиз. Айниқса, уйда ўйнаётганда ҳамма жамоа 10-15 дақиқада гол уришни истайди. Биз бундай мухлислар қаршисида ўйин бошида голлар уриб олганимиз ажойиб бўлди. Бу нарса ҳар доим ҳам ўхшайвермайди. Бироқ кеча ўхшади.

- Биринчи таймдаги 3:0 жамоани бўшаштирдими? Танаффус пайтида бош мураббий қандай кўрсатма берганди?

- Бўшашмаслигимиз ҳақида алоҳида уқтирганди. Ҳозир улар майдонга чиқиб, тезроқ югуради, таркибида ўзгаришлар қилади, рақибни йўқотадиган нарсаси қолмади, шу боис мувозанатни йўқотмаслигимиз ҳақида бизни қаттиқ огоҳлантирди. Орқага ётиб олмаслигимизни роса уқтирди. Аммо майдонга чиқиб, мураббийимизни барча айтган кўрсатмаларини тўлиқ бажара олмадик, ҳаммаси аксинча тус олди. Оқибатда дарвозамиздан 2 та гол ўтказиб юбордик ва охири бироз хавотирли ўтди.

эркинов ш1

- Асосий рақобатчига қарши кетма-кет икки марта майдонга тушиш қанчалик оғир?

- Фақат рақобатчилиги учун эмас, балки ҳар қандай жамоа билан у аутсайдер бўлса ҳам бир жамоа билан бирин-кетин икки марта ўйнаш қийин. Айниқса, бир рақибни икки марта мағлуб этиш оғир. “Турон” эса тўғридан-тўғри рақобатчимиз. Бу дерби эди ва мухлислар ўртасида ҳам рақобат бор. Албатта, осон бўлгани йўқ. Худога шукрки, юзимиз ёруғ бўлди.

- Аҳамиятлиси, “Андижон” ушбу чемпионатда “Турон” билан уч марта ўйнади ва уччаласида ҳам ютди. Бу нимадан далолат? Ўша ўйинларни бир-биридан фарқли томонлари нимада бўлди?

- Ҳаммаси қийин. “Турон” муносиб рақобатчи. Про лигада бу жамоани асосий рақобатчи деб ҳисоблайман. Ўтказган ҳеч бир ўйинимизни ажратиб кўрсатмайман. “Турон”да ҳурматга лойиқ ўйинчилар бор. Жамоа ҳам яхши футбол кўрсатади. Улар билан ўйнаш осон эмас. Шукрки, барчасида ютдик.

- “Андижон” чорак финалга чиқди. Аксар клублар кубок баҳсига катта эътибор қаратмайди. Жамоанинг бу борадаги реал мақсади қандай?

- Бу босқичдан бошлаб, Суперлига клублари ҳам иккинчи даражали сифатида қарашмайди. Балки шу босқичгача жамоалар унчалик жиддий эътибор қилишмагандир ва аралаш таркиб туширгандир. Лекин чорак финалдан барча янада жиддий эътибор қилади. Биз ҳам ҳаракат қиламиз. Кўп нарса қуръага боғлиқ.

- Қуръадан қандай рақибни кутяпсиз? Тўғри, кучсиз рақиб қолмаган. Шундай бўлса ҳам айтинг-чи, “Андижон”га ким қулайроқ?

- Менинг тахминимча, бизга гранд клуб тушса керак. Бу бизга янги чақирув бўлади. Охиригача курашамиз.

эркинов ш2

- Бу мавсумда тўпурарлик салоҳиятингизни оширяпсиз. Чемпионатда 7 та голингиз бор, кубокда ҳам гол уришни канда қилмаяпсиз. Голга чанқоқлигингизни исботлаяпсиз. Сизда янгича иштиёқ пайдо бўлдими?

- Футбол ўйнагим келяпти. Кучим бор. Футболга меҳр бор, шунинг учун ҳали сўнгани йўқ. Ҳаракат қиляпман. Жамоамиз ёрдами билан голлар уриляпти. Бундан буёғига ҳам яна голлар уришга ҳаракат қиламиз.

- Жамоа яхши ўйнаяпти, фақат учрашув охирларида бироз бўшашиб қоляпти. Натижада айрим вазиятларда ўзига-ўзи муаммо туғдиряпти. Бу руҳият билан боғлиқми?

- Фақат “Турон” билан иккита ўйинни ҳисобга олиб айтсак бўлади. Ҳисобда олдинда эдик. Улар чемпионатда лидер эди. Энди биз 1-ўриндамиз. “Турон” билан баҳсларда кўпроқ натижани ушлаб қолиш учун ўйналди. Қолган учрашувларда ундай эмас. Қайтанга, жисмонан кучли бўлганимиз учун рақиб жамоаларни “босардик”. 75 дан 90-дақиқагача гол урардик. Аминманки, агар “Турон” билан ўйинларда дуранг ёки ютқазаётган бўлганимизда ҳеч қачон бунақа бўлмасди. Ўйинга куч қўшсак қўшардикки, асло ўйинни ташлаб юбормасдик. Ҳаммаси руҳият билан боғлиқ. “Турон” бизга муносиб рақиб. Мухлислар бизни қўллаб-қувватлаб туришса, бу бизга катта далда беради.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Bek 56
25/08/2022 07:41
Шахбоз ва Андижонга галаба тилаймен .
Baxil Alihuja
24/08/2022 16:57
Шахбоз укагинам, адолатли булиш керак! Сизларни уйинчи килик килса майли-ю, сизларга килишса булмайди-ми? Аввал узларингни уйинчини эплаб олинглар, кейин ракиб уйинчиларига осиласан!!!
Abbos Nosirov
23/08/2022 18:59
Шахбоз харакатларингни тезлаштир,узингга фойда
араббаевич давлат
23/08/2022 16:41
яшавор андижон