Шаҳрам Ғиёсов: "Ҳасанбой Дўсматовнинг менежерларида ажойиб режа мавжуд"
Бугун, Рио Олимпиадаси чемпиони, юртдошимиз Ҳасанбой Дўсматов профессионал боксда ўз дебют жангини ўтказди. Натижа қандай тугаганлигидан хабарингиз бор. Албатта, биз учун қувонарли нокаут билан ғалаба қозонган боксчимизга яна бир ҳамюртимиз, ажойиб чармқўлқоп устаси Шаҳрам Ғиёсов секундантлик қилди.
Биз Шаҳрам билан боғланиб, мазкур жанг борасидаги фикрларига қулоқ тутдик...
- Фақатгина ажойиб фикрларни билдириш мумкин. Барчани ушбу ғалаба билан табриклайман. Биз кутганимиздек бўлди. Ўз устида мана уч ойдан буён қаттиқ мехнат қилди. Бу ерга келганида вазни 56-57 кг эди. Сабр билан ишлади, кучли режим ва диета эвазига вазнини 48.5 кг тушира олди.
Ўзининг жанг олиб бориш услуби ҳам ажойиб эди. Шундай бўлсада, мураббий Тони Диас бу жанг учун муносиб тактика қўя олди. Хабаринглар бор, баъзи бир сабабларга кўра, бир неча бор рақиб алмашди. Мазкур мексикалик боксчи ҳам шунчаки “совға” эмасди. Профессионал рингда 17 та жанг ўтказиб улгурганди. Бир сўз билан айтганда дебют учун зўр жанг бўлди.
Ўзинглар ҳам бунга гувоҳи бўлдинглар, биринчи раундда рақиби жиддий қаршилик кўрсатди. Иккинчи раундда эса жигар қисмига ажойиб зарба йўллай олди. Мураббийлар ҳам асосан жигар қисмига зарба беришини сўрашган эди. Кўрсатмани биз ўйлагандан ҳам яхшироқ қилиб бажара олди. Бу вазн тоифасида нокаут қилиш жуда қийин бўлади. Ҳасанбой эса буни уддалади. Ҳозирда мураббийлар, менежерлар умуман олганда барча хурсанд. Уларда ажойиб режа бор.
Яъни, тез орада жаҳон чемпионлик камари учун жанг ташкил қилиб берамиз дейишмоқда. Бизга бундай баҳсларни ўтказишимизга ҳали бор. Бунда эса, шундай имконият мавжуд. Демоқчиманки, бундай нуфузли камарлар учун рингга кўтарилишга Ҳасанбой яқинроқ. Ўз ўрнида муносиб рақиблар ҳам бор. Ҳозирча шундай режа қилинмоқда. Янги йилдан кейин яна АҚШга келиб машғулотларни бошлайди ва навбатдаги жангларини ўтказади.
Секундантлик қилиш жуда қийин бўлар экан. Ундан кўра, ўзим жанг қилсам осон бўларди. Рақиби зарба йўлламоқда, худдики менга тегаётгандек бўлди. Шукрки, барчаси яхши бўлди. Бутун Ўзбекистонни ғалабаси деб ўйлайман. Насиб қилса, бундан кейинги жангларида ҳам ғалаба қозонишига ишонаман.
Фикрлар