Шамол бўлмаса, дарахтнинг учи қимирламайди! Йеличич, Хомяков...Фёдоровнинг курсиси қимирлаб қолди(ми)?

Ҳозирги пайтда “Локомотив” осмонини қора булутлар қоплаган. Пандемиядан кейин  темирйўлчилар қаторасига учта ўйиндан бери фақат ютқазмоқда. Бундай салбий натижа эса “Локомотив”дек клубга ярашмайди.

Ҳар ҳолда бунгача асосан чемпионлик учун курашган жамоанинг мағлубиятлар гирдобига тушиб қолиши ғалати туюлар экан. Аммо бу – футбол ва унда ким ютишию, ким ютқазишини олдиндан айтиб бўлмайди. Шуниси аниқки, “Локо” ўз даражасида ўйин кўрсата олмаяпти.

Тўғри, клубни етакчилар тарк этишди, жамоа ўйинида эса муаммолар бор, йўқ эмас. Бироқ ҳар қандай вазиятда ҳам натижага жавоб берадиган одам – бу бош мураббий! Ўз майдонида “Металлург” (0:3) ҳамда “Сўғдиёна”га (1:2), сўнг “Бунёдкор” (2:0) майдонида мағлубиятга учрагач, кутилганидек, “Локо” устози Андрей Фёдоровнинг истеъфоси ҳақидаги гаплар кўпайди ва бу табиий ҳол эди, аслида.

Охирги учрашувдан кейинги матбуот анжуманида журналистлар томонидан мураббийнинг ўзига ҳам истеъфоси ҳақида савол беришганида, ҳали раҳбарият бу масала бўйича ишдан бўшаш ҳақида айтишмаганини маълум қилганди. Шу кунгача Андрей Витальевичнинг ишдан бўшаганлиги хусусида ҳеч қандай расмий хабар чиққани йўқ ва мураббий клубдаги ишини доимгидек давом эттириб келмоқда.

Лекин шамол бўлмаса, дарахтнинг учи қимирламайди, деган гап бор. Шуниси аниқки, Фёдоровнинг эгаллаб турган курсиси қимирлаб қолган. Қолаверса, сўнгги пайтларда “Локомотив”нинг бош мураббийлиги учун айрим мутахассисларнинг ҳам номзодлари борасида эшитиб турибмиз.

Масалан, “Локо” учун бегона бўлмаган мураббий – Мирко Йеличичнинг яна собиқ клубига қайтиши мумкинлиги ҳақидаги гап-сўзлар қулоғимизга ҳам чалинди. Уни илгари ҳам темирйўлчиларга бош мураббийлик қилган ҳолда самарали фаолият олиб борганини яхши биламиз. Ҳозирда эса у Ўзбекистон миллий терма жамоасида жисмоний тайёргарлик бўйича мураббий сифатида ишламоқда. Хўш, унинг “Локо”га қайтиши қанчалик ҳақиқатга мос тушади? Бу ҳақида клуб матбуот хизмати билан боғланганимизда Йеличич бор эътиборини терма жамоага қаратганини, бошқа клубда ишламаслигини айтишди. Яъни, клубда Мирко Йеличич масаласи кўрилмаяпти.

Бундан ташқари, яна бир номзод мураббий сифатида Александр Хомяков ҳам тилга олинмоқда. Аслини олганда, бу вариант анчадан бери мавжуд бўлиб, ҳаттоки, мураббий “Андижон”да ишлаб юрганида, аниқроғи жорий мавсум аввалида, Фёдоров келмасидан олдин ҳам “Локо” унинг хизматига қизиқиш билдиргани борасида хабарлар йўқ эмасди. Айни пайтда ҳеч қаерда ишламаётган мутахассиснинг номзоди яна “Локомотив”нинг рўйхатидан жой олган бўлса, бундан ажабланмаймиз.

Бироқ Александр Андреевичнинг ўзи билан шу ҳақида гаплашганимизда, бундай хабарни тасдиқламади ва клубдан унга ҳеч ким алоқага чиқмаганини айтди. Бундан ташқари, Хомяковнинг иш услуби “Локомотив”га қанчалик мос келаркин? Боиси, у асосан иқтидорли ёшлар билан ишлашга одатланган, ёши катта, тажрибали ўйинчилар билан эса кўп ҳам ишлайвермаслигини бунга қадар бошқарган клубларида гувоҳ бўлдик. “Локомотив”да эса ёш футболчилар билан бирга, тажрибали ўйинчилар ҳам бор. Хуллас, Хомяковнинг темирйўлчиларда иш бошлаши ҳам ҳозирча қуруқ сафсатага ўхшаб турибди, яна ким билади дейсиз?!

Умуман олганда, Андрей Фёдоров вазиятни тезроқ ўнгламаса бўлмайди. Акс ҳолда у аниқ ишидан айрилиб қолиши турган гап. Ахир кетма-кет мағлубиятлар кимга ҳам ёқарди? Ҳозирча “Локомотив” матбуот хизмати Фёдоровнинг истеъфога чиқмаганини ва ўз ишини давом эттираётганини маълум қилди. Демак, навбатдаги баҳсга ҳам “Локо”ни унинг ўзи тайёрламоқда. Воқеалар ривожини эса кузатишда давом этамиз.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!