Шарофиддин Лутфуллаев олимпиада рейтингида пешқадамга айланди

Хабарингиз бор, 31 август куни Япония пойтахти Токио шаҳрида ўтказилган дзюдо бўйича жаҳон чемпионати баҳслари якунига етди.

Халқаро дзюдо федерацияси ушбу мусобақадан кейин янги олимпиада рейтингини эълон қилди. Биз учун қувонарлиси, 60 кг.гача вазн тоифасида жаҳон чемпионатининг кумуш медалини қўлга киритган ҳамюртимиз Шарофиддин Лутфуллаев тўртинчи поғонадан бирваракайига рейтинг пешқадамига айланди. Эндиликда сурхондарёлик полвон ҳисобида 3 607 очко бор. Бу ҳақда спорт вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Рейтингнинг иккинчи поғонасидан 3 510 очко билан жаҳон чемпионатининг бронза медали совриндори қозоғистонлик Елдос Сметов жой олган. Амалдаги жаҳон чемпиони грузиялик Лукхуми Чхвимиани эса 3 386 очко билан кучли учликка якун ясаб берган.

Умид қиламизки Шарофиддин Лутфуллаев рейтингдаги пешқадамлик мавқеини энди Токио олимпиадасига қадар бой бермайди ва тўрт йилликнинг энг нуфузли анжуманида ҳам Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!