Шавкат Мирзиёев Бекободда "El Golazo" футбол академиясига ташриф буюрди

Ушбу мактаб Испаниянинг таниқли "Реал Мадрид" клуби жамғармаси кўмагида ташкил этилган бўлиб, ўтган йили октябрда фаолият бошлаган. Табиий ва сунъий чимли стадионлар, фитнес зали, ўқув бинолари ва ётоқхонада замонавий шароитлар яратилган. Ўқув-машғулотлари “Реал Мадрид” футбол клуби анъаналарига мос равишда олиб борилади. Мураббийларнинг уч нафари испаниялик.

Бугунги кунда академияда 200 нафардан ортиқ ўқувчи сабоқ олмоқда. Бу ерда ўқиш истагидаги ёшлар кўп. Шу боис 11 ёшдан 17 ёшгача болалар танлов асосида қабул қилинади. Яқинда 48 нафар иқтидорли тарбияланувчи Испанияда маҳорат ошириб келди.

Давлатимиз раҳбари академияда яратилган шароитларни кўздан кечирди, болалар билан суҳбатлашди.

"Шундай замонавий шароитларда ўқиётганингиз, ёниб турган кўзларингизни кўриб, хурсанд бўлдим. Келгусида сизлардан машҳур футболчилар, чемпионлар етишиб чиқишига ишонаман. Энг муҳими, соғлом бўлиб улғаясиз, фарзандларингизни ҳам спортга ошно қилиб тарбиялайсиз. Мақсадимиз - ёшлар ўртасида ана шундай муҳитни шакллантириш", - деди Президент.

Давлатимиз раҳбари мутасаддиларга бу футбол мактаби тажрибасини оммалаштириш бўйича кўрсатма берди.

 

Манба: Президент матбуот хизмати.

 

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!