Шавкат Саломов - "Бухоро"дан нега кетгани, "Сурхон"даги ҳаёти, ўзи ва МТЖ ҳақида
«Сурхон» клуби ўтган турда сафарда «Бухоро» устидан ишончли ғалабага эришди. Термизликларнинг сардори ва етакчиси Шавкат Саломов эса «Сурхон»га мавсум бошида «Бухоро»дан кўчиб ўтганини яхши билсангиз керак. Бухородаги ғалабада эса Саломовнинг ҳам ҳиссаси катта бўлди. Анчадан бери ушбу футболчи билан суҳбатлашишни режалаштириб юргандик. Ниҳоят, Бухородаги ғалабадан кейин Шавкат Саломов таклифимизни қабул қилиб, саволларимизга ўз жавобларини қайтарди.
«Муҳаммадиев мени «Бухоро»га қайтармоқчи бўлди»
- «Сурхон» Бухорода ўта муҳим беллашувда уч очкони қўлга кирита олди. Айтинг-чи, ушбу ғалабанинг моҳияти нимада бўлди?
- Жамоамиз бу ўйинга жиддий ҳозирлик кўрганди. Мураббийларимиз эса футболчиларни ўйинга ҳар томонлама яхши тайёрлай олишганди. Биз бу учрашувга ҳар доимгидек тайёрлангандик. Термиздан келиб бизни қўллаб-қувватлаган мухлисларимизга катта раҳмат. Мураббийлар штабига ҳам раҳмат. Бунгача 3-4 та ўйинда ютқазиб қўйгандик. Бундай пайтда ўйинчиларни руҳлантириш жуда муҳим ҳисобланади. Қийин вазият эди, шунга қарамай, мураббийлар ҳаммасини тўғрилай олишди. Асосийси, шу жамоани тўплаган инсонга раҳмат. Мавсум бошланишига 10 кун қолганида шундай жамоани йиғиб, бугун шундай натижа кўрсатаётганимизнинг ўзи катта гап. Айниқса, биринчи йил учун яхши дейиш мумкин. Шунингдек, ҳозирда бош мураббий бўлиб ишлаётган Владимир Андреевга ҳам миннатдорчилик билдирмоқчиман. Ишқибозларимиз эса бизни ҳар қандай ҳолатда ҳам ёлғизлатиб қўйишмаяпти ва қўллаб-қувватлашяпти. Биз фақат ўша мухлисларимиз учун ўйнаймиз.
- Бухороликсиз ва сиз ушбу жамоада бир неча йил тўп сурган ҳолда катта ҳиссангизни қўшгансиз. Аммо сиз ва бошқа етакчилар у ердан кетдинглар. Бугунги кунда эса «Бухоро» охирги ўринда боряпти. Мана, «Сурхон» сафида собиқ клубингизга қарши ўйнадингиз, уларни кўрдингиз. Айтинг-чи, «Бухоро» сизда қандай таассурот қолдирди?
- Жамоа яхши, ёмон эмас. Пас ўйин кўрсатишяпти. Муҳсин Муҳаммадиев ёмон мутахассис эмас. У билан биринчи даврадан кейин гаплашганман. Жамоа ниманидир ўзгартиришга ҳаракат қиляпти-ю, аммо ҳужумларининг охири, якуни йўқ. Бош мураббийнинг қилаётган ишлари ва меҳнати ҳозирча фақат жарима майдони атрофигача бўлмоқда. Ҳар қандай мураббийнинг қисқа фурсат ичида жамоани тайёрлаши осон бўлмайди. Албатта, жамоа ўйинида пас орқали ҳаракатланишни йўлга қўйгани кўриниб турибди. Лекин ҳаммаси фақат жарима майдони ичигача холос. Футболда энг асосий нарса жарима майдонининг ичи ва гол ҳисобланади. «Бухоро»да эса шу нарсалар етишмаяпти. Ҳужумларни якунлашни ҳам фаоллаштириш керак. Умуман олганда, жамоада мураббийнинг иши кўриниб турибди.
- Боя биринчи даврадан кейин Муҳаммадиев билан гаплашганингиз ҳақида айтдингиз. У сизни «Бухоро»га таклиф қилганмиди?
- Ҳа, Муҳсин Муслимович мени қайтармоқчи бўлганди. Лекин мени «Сурхон» билан мавсум охиригача шартномам бор. Шунинг учун унга «Сурхон» мени қўйиб юбормаслигини айтдим. Агар мени кетишимга рухсат беришса, майли «Бухоро»га қайтаман дедим. Аммо улар менинг кетишимга рози бўлишмасди.
- «Бухоро»нинг Суперлигада қолиш имкониятини қандай баҳолаган бўлардингиз?
- Имконият ҳар доим бор. Ҳеч қачон олдиндан таслим бўлмаслик керак. Бу – футбол. Унда шунга ўхшаш вазиятлар ҳам бўлиб туради. Шунинг учун ҳам футбол биринчи рақамли спорт туридир.
«Бухоро»дан нега кетганимни ҳалигача билмайман»
- Бухоро фарзанди бўлсангиз-да, нега мавсум бошида улар сизни клубда олиб қолишмаган?
- Яхши савол бердингиз. Менинг ўзимга ҳам шу савол жуда қизиқ. Ҳалигача билмадим, мен кимга нима деган эканман. Лекин ҳалигача ўзим ҳам бу саволнинг жавобини билмайман.
- Нима бўлганда ҳам сиз эндиликда фаолиятингизни «Сурхон»да давом эттиряпсиз. Айтинг-чи, бу ердаги фаолиятингиздан қанчалик қониқяпсиз?
- Биласизлар, Сурхондарёда неча йилдан бери футбол йўқ эди. Худо хоҳласа, ўйлайманки, бундан буёғига «Сурхон» энди ҳар доим Суперлигада бўлади. Вилоят ҳокимятига, ҳомийлар ва раҳбарларга катта раҳмат айтмоқчиман. Қўлларидан келганича, бизга ёрдам кўрсатиб келишяпти. Мухлисларимизга ҳам миннатдорчилик билдираман. Улар футболни қанчалик соғинишганини биз сезиб турибмиз. Ҳар бир учрашувда бизни қўллаб-қувватлашяпти. Анчадан бери у ерда футбол бўлмагани учун ўзига яраша камчиликлар бор эди ва буни аста-секин ҳал қилиб келишмоқда. Бундай муаммо ва камчилик эса исталган клубда бўлади. Ахир 15-20 йилдан бери ўйнаётган клубларда ҳам камчилик бўлади. «Сурхон»га келганимга афсусланмайман. Биринчи даврада бизга қийин бўлди. Айниқса, иккинчи бўлимнинг охирларида толиқиб қоладиган бўлиб қолгандик. Лекин бир нарсани ҳам тўғри тушуниш керакки, бизнинг жамоамиз қисқа фурсат ичида бирданига йиғилганди. Шунинг учун жисмоний томондан кучи етмаётганди. Ҳозир эса йигитлар бир-бирини яхши тушуниб ўйнашяпти. Юқорида айтганимдек, бу жамоани йиққан инсонга раҳмат ва уни янада кучли ҳурмат қила бошладим. Нимага? Агар таркибга қарасангиз, кимларни олди? Фарғонада ишлари юришмаган Ҳусниддин Ғофуров, Аброр Исмоилов, Олмалиқдан Владимир Бубанья, Абдуқаҳҳор Ҳожиакбаров, «Бухоро»дан Раҳматилло Бердимуродов…улар доим ҳам барқарор ўйин кўрсатишмаётганди. Бу ерга келиб эса қандай ўйнашяпти?! Ҳаммаси ажойиб. Бизда топ-даражадаги ўйинчилар йўқ эди. Лекин бизда меҳнаткаш жамоа йиғилди.
- «Сурхон»нинг мақсади учинчи ўринни қўлга киритиш эканлиги ҳақида кўп эшитдик. Шу ростми?
- Жамоамизда аниқ мақсад бор. Аммо нечанчи ўрин учун курашаётганимизни айта олмайман. Раҳбарият олдимизга қўйган вазифани бажаришга футболчилар билан бирга ҳаракат қиламиз.
«Ашурматов ёзги йиғинни ўзи истагандек ўтказа олмаганди»
- Мавсум бошланганидан бери «Сурхон»да мураббийлар алмашинуви ҳам тез-тез кузатилди. Бундай ўзгаришлар футболчиларга ҳам таъсирини кўрсатмадими?
- Яхши эсга солдингиз, ўз ўрнида Бахтиёр Ашурматовга раҳмат дейман. У ёмон мураббий эмас. Лекин футболда шундай ҳолатлар бўлиб турадики, нима қилсангиз ҳам ишингиз ўхшамай қолади. У жамоани биринчи давранинг охирги турида қабул қилиб олди. Олдинда эса бизни «Насаф»га қарши ўйин кутиб турганди. «Насаф»ни эса биласиз, Ўзбекистоннинг кучли жамоаларидан бири. Нафақат «Сурхон», балки «Пахтакор», «Локомотив» каби клубларни ҳам қийнаб қўяди. Ўша учрашувда жамоамиз ютқазиб қўйди. Кейин ёзги йиғинга киришдик. Аммо тайёргарликни мураббий хоҳлаганчалик ўтказа олмадик. Чунки жамоамизга бир қатор бразилиялик футболчилар келишганди. Уларнинг имкониятларини мураббийлар ўйинлар орқали кўриб олишмоқчи бўлди. Масалан, битта учрашувда уларнинг ўйини чиқмаса, яна ўйин ташкил этилди. Ваҳоланки, биз югуришимиз, машғулот қилишимиз, жисмоний томондан ҳолатимизни яхшилашимиз керак эди. Ўша легионерларни кўриш учун яна ўйинлар ташкил этилди. Мисол учун айнан легионерларнинг кучини билиб олиш учун «Металлург» билан ўйин ташкил қилдик. Бироқ 15-дақиқадаёқ майдонда келишмовчилик ва тартибсизликлар туфайли ўйин тугатилди. Натижада бразилияликларнинг нималарга қодирлигини яна кўра олмадик. Шу тариқа, битта машғулотдан кейин яна ўйин бўлаверди ва шу аҳволда ёзги йиғин ҳам тугади. Натижада тайёргарлик биз учун кўнгилдагидек бўлмади, мураббий ҳам ўйинчиларни тўлақонли равишда ўзи истаганчалик кўра олмади. Ашурматовни ёмон дея олмайман, шунчаки вазият шунақа бўлиб қолди. Кейин эса раҳбарият билан гаплашгач, Бахтиёр ака кетди.
- Ҳозирда «Сурхон»да икки нафар бразилиялик легионерлар бор. Бироқ улар кўпроқ захирада қолишмоқда. Шундай экан, жамоага қанчалик ёрдам бера олишяпти?
- Улар ёрдам бера олишади. Аммо жамоага мослашиб кетиши осон жараён эмас. Шуни унутмаслик керакки, улар қозоқ, тожик ёки қирғиз эмас-ку, Бразилиядан келишган. Боз устига янги жамоага келиб, дарҳол мослашиб ўйнаб кета оладиган топ-футболчилар ҳам эмас-ку. Улар бошқа савиядаги ўйинчи ва кўникишига вақт керак. Аммо «Бухоро» билан учрашувда улардан бири иккинчи голга яхши пас берди. Ҳаммасига вақт керак дейишади-ку.
«Кучим етса яна бир-икки йил ўйнамоқчиман»
- Футболчи сифатида ўз олдингизга қўйган мақсадингиз нима?
- Агар яна кучим етса, максимал даражада бир-икки йил ўйнамоқчиман. Қолганини эса кўрамиз.
- Демак, футболчилик фаолиятингиз охирлаб боряптими?
- Албатта. Агар кучингиз етмаса футбол ўйнаб нима қиласиз? Бирор жойга борсангиз, албатта ёрдамингиз тегиши керак-да. «Сурхон»га фойдам тегаётган бўлса, бундан хурсандман.
- Яна «Сурхон»да қолишингиз мумкинми?
- Ҳозирча ҳеч нима ҳақида ўйламадим. «Сурхон» клуби менга яна янги шартнома таклиф қилган. Бу «Бухоро»нинг таклифидан олдин бўлганди. Бундан хурсанд бўлдим, мен учун ёқимли эди. Раҳбарият менга ишонч билдириб, яна қолишимни сўрашди. Мавсум якунлашига яқин гаплашиб оламиз, лекин таклиф учун раҳмат айтдим. Ҳозир мени шартнома ёки бошқа нарса қизиқтирмайди, хаёлларимда фақат «Сурхон» қанча юқорига кўтарилса, мени шу қониқтиради.
- Футболчилик фаолиятингиздан кейин нима қилишни ўйлаяпсизми?
- Буни вақт кўрсатади, ҳозир ҳеч нима дея олмайман. Аввал яна футболчи сифатида ўйнаб тураверай-чи.
- Қолаверса, сиз фаолиятингиз давомида кўплаб тажрибали мураббийлар билан ҳам ишлагансиз. Шавкат Саломов учун энг кучли мураббий ким?
- Буни айта олмайман. Кимлар билан ишлаган бўлсам, барчасидан ўзим учун оз-оздан нимадир ўрганганман. Барибир битта мураббийдан тўлиқ равишда ҳамма нарсани ўргана олмайсиз. Бирор мураббийни ёмон деб айтиб бўлмайди. Шуни ҳам ёзингки, мен Улуғбек Бақоев учун хурсандман. Жамоада ҳеч нима ўзгармади, деярли ўша футболчилар, ўша таркиб…мана шундай жамоани ўйнатиб юборганига хурсандман. Бақоев билан яқин муносабатдаман. Гарчи «Сўғдиёна» бизнинг рақобатчимиз бўлса-да, ўсишга эришаётганидан хурсандман (кулади).
- Илгари терма жамоамизда ўйнаган футболчи сифатида сиздан Ўзбекистоннинг ЖЧ-2022 иккинчи саралаш босқичининг старти ҳақида сўрамоқчиман. Бугунги кунда терма жамоамиз атрофида турли гап-сўзлар юрибди…
- Бу – футбол. Унда ғалаба билан мағлубият доим ёнма-ён юради. Лекин мен терма жамоамизга ишонаман. Бизнинг футболчиларимиз кучли ва уларнинг салоҳияти ҳам юқори. Фақат ўша куни вазият шундай бўлиб қолди, ўйинимиз чиқмади. Энг ачинарлиси, ўшанда бутун жамоамизнинг ўйини қовушмади. Бундай ҳолатлар эса футболда бўлиб туради. Саралаш босқичи баҳслари энди бошланди. Ҳали ҳаммаси олдинда. Мен йигитларга ишонаман. Терма жамоамизни доим қўллаб-қувватлашимиз керак.
Фикрлар