Шавкат Саломов аслида қайси клуб билан келишиб қўйганини, "Бухоро"га қайтишига нима сабаб бўлганини биласизми?
Охирги икки йилни “Сурхон” жамоасида ўтказган тажрибали Шавкат Саломов янги мавсумни про-лигада ўтказадиган бўлди.
Хабарингиз бўлса керак, у собиқ жамоаси – “Бухоро”га қайтди. Энди Саломов ҳам “Бухоро”нинг Суперлигага қайтиши учун астойдил ҳаракат қилиши табиий. Sports.uz мухбири у билан боғланди. Футболчи эса ўз фикрларини қуйидагича билдирди.
- Тўғрисини айтаман, мен ўзи “Сўғдиёна”га кетишим керак эди, ҳаммаси аниқ бўлиб улгурганди. Кейин таъзия бўлиб қолди, янги йил арафасида Бухорода бўлдим. Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов ва ўринбосари Ботир Шаҳриёров футболга жуда катта эътибор қаратишяпти. Бухорога футболни қайтариш ҳамда тиклаш учун катта кўламдаги ишларни бошлаб юборишган. Улар билан гаплашганимда вилоятга футболни қайтаришни ниҳоятда хоҳлаётганликлари сезилиб турибди, бундан албатта хурсандман. Қолаверса, “Бухоро” клуби бош директори Жамол Алимов ҳам жамоани ривожлантириш учун катта ҳисса қўшяпти. Раҳбарият томонидан эътибор жиддий ва шароитлар яратиляпти, қолгани эса биз футболчиларга боғлиқ. Ўз навбатида, “Сўғдиёна” бош мураббийи Улуғбек ака Бақоевга вазиятни тушунтирганимда, бўлди гап йўқ, “Бухоро” учун бўлса, ёрдам беришимни қўллаб-қувватлади. Мен ҳам унга тўғри тушунгани учун раҳмат айтдим. Шундай қилиб, “Бухоро” учун тўп сурадиган бўлдим. Даврон Файзиевни олдида ҳам бошқа клублардан аниқ таклифлар бўлишига қарамай, “Бухоро”да бош мураббий бўлиб ишлашга рози бўлгани учун раҳмат. Биз барчамиз биргаликда олдимизга қўйилган вазифани бажаришга ҳаракат қиламиз.
Барибир кун келиб фаолиятимни тугатаман. Ҳозирча кучим бор, буни ўзим яхши ҳис қилиб турибман. Бор кучимни “Бухоро” учун сарфламоқчиман. Бу жамоага озгина бўлса ҳам ёрдамим тегса ва Суперлигага қайтаришга ҳисса қўшсам бундан жуда хурсанд бўламан. Шу ўринда термизлик мухлисларга бизни қўллаб-қувватлашгани учун раҳмат айтаман ва “Сурхон” жамоасига омад тилайман.
Про-лигада ҳам савия кучайса, бу ўзбек футболи учун ижобий бўлади. Бу ерда ҳам Суперлигага чиқиш учун курашадиган клублар кўпайишини хоҳлайман. Агар ростдан шундай бўлса, футболимиз икки қадам олдинга силжиган бўлади. Ҳозир “Бухоро” билан “Нефтчи” яхши таркиб йиғишга ҳаракатни бошлашган. Шунинг ўзи ҳам олдинга ташланган бир қадам деб ҳисобласа бўлади. Про-лигага келаётган ўйинчиларга қаранг, Суперлига клублари хизматларига қизиқаётган футболчилар келишяпти бу ерга.
Менга 2020 йил ёқмади, пандемия сабабли. Қолаверса, ҳар 3-4 кунда ўйинлар бўлди, машғулотлар ҳам кўп қилдик. Ўртада танаффуслар ҳам юз берди. Масалан, “Навбаҳор” билан Тошкентда ўйнадик, кейин эса Наманганга бордик. Бу ҳам нотўғрида. Тўртта турни Тошкентда ўтказгандик, кейин эса охирги тўртта турда ҳамма ўз уйида ўйнади. Бундан эса, масалан, “Андижон” фойдаланиб қолди. Агарда ўйинлар Тошкентда бўлганида қийналарди. Ўз уйида “Машъал”ни ютди. Умуман айтганда, футбол нобарқарор тарзда ўтди. Тўғриси, йиғинларни жуда кўп ўтказдик.
Футболни умуман тушунмайдиган одамгина олдиндан нимадир бўлади, деб 100 фоиз кафолат бериши мумкин. Футболни тушунадиган инсон эса, ҳеч қачон унинг устидан кафолат бермайди. Футболда нима бўлишини ҳеч ким билмайди. Шуниси билан бу спорт тури жуда қизиқарли. Дунёда биринчи рақамли десам ҳам муболаға бўлмайди. Мисол учун 2019 йили “Сурхон”да 9 та футболчи ўзгаришларсиз ўйнаган, якунда клуб 6-ўринни олган. Ўтган йили таркиб янада кучайтирилди, аммо “Сурхон” қаерда қолди? Кўряпсизми, бу футбол, - деди Саломов.
Фикрлар