Шерзод Темиров: "Мен мураббийларга мени чақиринг деб айта олмайман"

Ўзбекистон миллий терма жамоамиз навбатдаги халқаро турнир учун йиғин ўтказмоқда. Бугунги машғулотлар олдидан Шерзодбек Темиров журналистларнинг саволларига жавоб бериб ўтди. 
 
Шерзод Ўзбекистон терма жамоасининг навбатдаги йиғинида иштирок этмоқдасиз. Катанецдан кейин Каннаваро даврида биринчи марта йиғинга чақирилдингиз. Шу ҳақида нима дея оласиз? 
 
"Аллоҳга шукур, катта муддатдан сўнг яна сафга қайтиш бўлди. Худо Хоҳласа, Жаҳон чемпионати олдидан ўзимизнинг яхши фазилатларимизни намойиш этишга ҳаракат қиламиз". 
 
Ироқ чемпионатида тўпурар бўлиб турибсиз, бунга нима дея оласиз? 
 
"Ироқ чемпионатида 2-давра бошланди. Яна бизнинг олдимизда 12-13 та тур бор. У ерда ҳам рақобат кучли, кўплаб футболчилар тўпурарлар жадвалида ортимиздан келишяпти. Мавсум тугамасдан аввал бир нима дея олмаймиз". 
 
Кеча Opta'нинг рейтингини кўрганимда, Ироқ юлдузлар лигаси Суперлигадан юқорироқда турган эди. Шунга қўшиласизми? 
 
"Ироқ лигасини биздан ҳам кўра, журналистлар яхшироқ билади. Баҳо бериш эса бизга эмас". 
 
Гонконг чемпионатида ҳам бир неча мавсум кўплаб голларни урган эдингиз. Шунга қарамай, терма жамоадан чақирув олмадингиз. Шу сабаб, у чақирув сиз учун қанчалик кутилмаган бўлди? 
 
"Энди баъзи одамларнинг фикрича, Гонконг лигаси лигасининг даражаси паст деб ўйлашади. Бироқ, у ерда ҳам аргентиналик, бразилиялик ва бошқа давлатлардан кўплаб легионерлар бор. Бу албатта, мураббийнинг хоҳиши, мен унга мени чақирсин ёки бошқа нарса деб айта олмайман. Мен ўз вазифамни бажариб, терма жамоага қўлдан келганча ёрдам беришга ҳаракат қиламан.

Агар ёзда Суперлига клубларидан таклиф келиб тушса, Ўзбекистонга қайтиш имкониятингиз қандай? 
 
"Ҳозир ҳам бизнинг олдимизда таклифлар бор. Ҳали менежерим билан кўришганим йўқ, у ҳозир Нидерландияда. Келганидан сўнг гаплашиб кўрамиз!".

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!