Шомуродов Англия, Испания ва Германиядан таклиф олган!

Элдор Шомуродовнинг Италиядаги фаолиятини нафақат ҳамюртларимиз, балки россиялик мутахассислар, журналистлар, блогерлар ва мухлислар ҳам диққат билан кузатиб бормоқда. Аслида ҳужумчимиз “Ростов”да ўйнаб юрган кезларида ўзининг камтарлиги ва меҳнатсеварлиги билан  барчанинг ҳурмат эътиборини қозонган.

Ўз навбатида, Шомуродовнинг инсоний жиҳатлари ва футболчи сифатида профессионал кўникмалари кучли бешликка кирувчи А Серияда ҳам ўз ўрнини топишида муҳим аҳамият касб этмоқда.

130482532_4124083874269168_165043085782609572_o

“Женоа”даги  муваффақиятли ўйинлари орқали ҳамюртимиз бошқа мавқеи баланд клублар эътиборига тушгани ҳеч кимга сир эмас. Футбол оламида Шомуродовнинг манфаатларини ҳимоя қилаётган ва унинг “Ростов” ва “Женоа”га трансферларини амалга оширган “ProSports Management” консалтинг компанияси президенти Герман Ткаченко ҳамюртимиз маълум вақт ўтиши билан кучли жамоаларда ўйнаш имконияти юзага келиши, “Ювентус”нинг ўзбек ҳужумчисига эътибори, турли таклифлар ва легионеримиз нега айнан “Женоа”ни танлагани ҳақида гапирди.

Энг аввало, Ткаченко ёзда  Шомуродовга бўлган таклифлар ҳақида қуйидагиларни маълум қилди.

- Бизда Шомуродов бўйича Италиядан ташқари, Бундеслига, Премьер-лига  ва Ла Лига клубларидан аниқ талифлар бор эди. Лекин улар орасида энг қизиқарлиси ва манфаатлиси “Женоа” варианти бўлди. Шунинг учун Элдор Италиянинг тарихий клубини танлади ва А Серияда ўйнашга қарор қилди, - дейди россиялик мутахассис. 

Дарҳақиқат, Шомуродов қатор кучли ва номдор клублардан таклиф бўлаётган бир пайтда А Серия аутсайдерларидан бирини нега танлади?  Ҳатто, Элдорга “Женоа” оғиз солган паллада, Италиянинг “Фиорентина” ва “Верона” каби генуяликлардан кучлироқ клублари ҳам ҳамюртимизни ўз сафига чорлаб, “Ростов” клубига трансфер сўровини юборган эди.

“ProSports Management” консалтинг компанияси раҳбари бу вазиятни қуйидагича изоҳлади.

- Шомуродов фаолияти ривожланиши ва келажакда юксалишга эришиш учун “Женоа” таянч нуқта вазифасини ўтаб беришига ишонади ва буни билади.  У ҳозир ўтиш даврини бошдан кечиряпти ва бу босқич муваффақиятли давом этмоқда, - деди Ткаченко.

Шунингдек, Герман Ткаченко ҳаммани қизиқтираётган мавзу – Италиянинг энг қудратли клуби – “Ювентус”нинг Элдор Шомуродовга қизиқиши ҳақидаги хабарларга муносабат билдирди.

цццц_1_1

- “Ювентус”нинг ўзбек ҳужумчисига қизиқаётгани ҳақидаги хабар ва мақолаларни ўқиш жуда мароқли. Лекин, ҳозирча иш аниқ таклифларга етиб борган йўқ. Бироқ, клублар ўзаро маслаҳатлашган бўлиши эҳтимолдан ҳоли эмас, - деди Шомуродовнинг агенти.

Гарчи Элдор Генуяга йўл олган пайтда “Женоа” аутсайдер мақомидаги жамоа бўлганига қарамай, энди вазият ижобий томонга ўзгарганини таъкидлаш лозим. Айниқса, жамоа бошқарувига Давиде Баллардини келганидан кейин генуяликлар мусобақа жадвалида хавфли ҳудудни тарк этиб, 12-поғонага кўтарилиб олди. Ушбу мураббий қўл остида “Женоа”  бешта ғалаба, иккита дуранг ва бир мағлубият қайд этди. Биз учун муҳими эса, Элдор Шомуродов аввалги бош мураббий Роландо Маран каби Давиде Баллардинини ҳам жойи асосий таркибда эканига ишонтира олди.

“Женоа” Италия А Сериясининг 22-тур учрашувини 13 февраль куни сафарда “Торино” футболчиларига қарши ўтказади. Ушбу баҳс Тошкент вақти билан 19:00 да бошланади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
MUXAMMADSOLI TOSHBOEV
09/02/2021 12:20
JENAO da bir yaxshi oynayapti ancha moslashdi jenaoda yana but yil oynasin