Шомуродов билан юзага келган вазият ҳамманинг эътиборини тортди

“Рома” Европа лигаси умумий босқичининг учинчи турига келиб, ниҳоят халқаро миқёсдаги илк ғалабасини нишонлади.

УЕФАнинг нуфузли мусобақасида Испаниянинг “Атлетик” клуби билан дуранг ўйнаб, Швецияда “Эльфсборг”дан мағлубиятга учраган Иван Юрич шогирдлари бу гал “Олимпико”да Киевнинг “Динамо” жамоасини мағлуб этди.

Учрашувдаги ягона голни Артём Довбик биринчи бўлимда пенальтидан киритди. Шу тариқа, Довбик Европа Лигасида ўз юрти дарвозасини ишғол қилган биринчи украиналик футболчи сифатида тарихга кирди.

Довбик иккинчи бўлим бошида ўз ўрнини Элдор Шомуродовга бўшатиб берди. 29 ёшли ҳужумчимиз майдонга тушганидан кейин ўзига берилган имкониятдан фойдаланиб қолишга уринди.

Италиялик экспертлар Шомуродов “динамочилар”га қарши фаол ўйнагани, “Рома”нинг ҳужум чизиғини кучайтира олганини алоҳида эътироф этмоқда.

Қолаверса, учрашувнинг кульминацион нуқтаси қаҳрамони ҳам Элдор Шомуродов бўлди. Легионеримиз кураш қизғин кечаётган паллада жамоасининг иккинчи голини уриб, ғолиблик масаласини ҳал қилиш учун жуда қулай вазиятга эга бўлди.

Захирадан майдонга тушган Лоренцо Пеллегрини ва Пауло Дибала жуда чиройли комбинация уюштириб, рақиб ҳимоя чизиғини кесиб ўтди. Аргентиналик жаҳон чемпиони бир пас билан Шомуродовни дарвозабон қаршисига чиқарди. Элдорнинг қулай ҳолатда берган зарбаси дарвоза тўсини ёнидан ўтиб кетди.

Элдорнинг кучли даражада афсуслангани унинг юзидан ва реакциясидан кўриниб турган. Шу паллада жамоа сардори Пеллегрини қилган иш бутун Италия  матбуотида кенг муҳокама қилинмоқда.

- Учрашувнинг энг муҳим воқеаси Артём Довбикнинг голи эвазига римликлар Европа лигасидаги биринчи ғалабасини қўлга киритгани бўлди. Бироқ Пеллегринининг Шомуродов гол уролмаган вазиятда тутган йўли ундан ҳам муҳим аҳамият касб этди.

Ўзбекистонлик ҳужумчи учрашув охирига келиб, ғолиблик масаласини ҳал қилишга жуда яқин келди. Бироқ яқин масофадан деярли бўш қолган дарвозасини ишғол қилолмай, гол уриш учун ўта қулай имкониятни  қўлдан чиқаргани беллашувнинг энг шов-шувли вазияти бўлди.

Шомуродов олдига биринчи бўлиб Лоренцо Пеллегрини етиб келди ва шундоқ ҳам мураккаб вазиятни бошидан ўтказаётган легионер ҳужумчини тинчлантириб, ўйинни шу тақлид давом эттиришга ундади.

“Рома” сардорининг мураккаб вазиятда қолган ўзбек ҳужумчисини қўллаб-қувватлагани “Рома”да ҳамон жамоавий муҳит яхши эканини кўрсатди ва бу мухлису мутахассислар эътиборидан четда қолмади.

Пеллегрини кейинги пайтда танқидлар остида қолиб кетаётганига қарамай, майдонда  ҳамон сардорлик вазифасини бажариб келаётгани талабчан римлик мухлисларга жуда манзур бўлди, - деб ёзмоқда romaforever.it портали эксперти Франческа Ди Нора.

Эслатиб ўтамиз, Элдор Шомуродов жорий мавсумда Италия чемпионати ва Европа Лигаси турнирларида етти маротаба майдонга тушган бўлса-да, умумий ҳисобда атиги 145  дақиқа тўп тепди. Ҳамюртимиз бу вақт мобайнида битта гол уришни ҳам уддалаган.

Легионеримиз ўйиндан чиқиб кетганидан кейин жамоаси қаҳрамонлик кўрсатди

Бир неча метрдан гол уролмаган Шомуродовнинг ўйини қандай баҳоланди?
Ҳусанов бу клубга ҳақиқий сюрприз бўлди!

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Азизжон
26/10/2024 13:53
Шома скора дома