Легионеримиз ўйиндан чиқиб кетганидан кейин жамоаси қаҳрамонлик кўрсатди

Туркия Суперлигасининг ўнинчи тур учрашувини легионеримиз Азизбек Турғунбоев ўйнаётган “Сивасспор” ва “Адана Демирспор” жамоалари ўртасидаги учрашув очиб берди.

Бу баҳсга аданаликлар мезбонлик қилди.

Беллашув “Адана Демирспор” вакиллари учун жуда муваффақиятли бошланиб, улар дастлабки 15 дақиқа ичида Юсуф Бараси ва Семих Гюлернинг аниқ зарбалари эвазига ҳисобда икки тўп фарқи билан олдинга чиқиб қолди.

Ушбу баҳсда Азизбек Турғунбоев бошланғич таркибда майдорга тушди ва биринчи бўлимда анча фаол ўйнади. 36-дақиқада легионеримиз қўполлиги учун огоҳлантириш олди.

Орадан икки дақиқа ўтиб, Фоде Койте ғалабага ишониб қолган мезбонлар дарвозасига биринчи жавоб тўпини киритди.

Танаффусда “Сивасспор” бош мураббийи Бюлент Уйғун иккита ўзгаришни амалга ошириб, жамоани бошқа тактик схемага ўтказди. Сариқ карточка олган Азизбек Турғунбоев  ва Квинси Мениг ўрнига иккинчи бўлимни илк дақиқасида Ян Беганськи ва Ҳарри Родригеш ўйингат қўшилди.

Азизбек Турғунбоев ўз ўрнини жамоадошига бўшатиб берганидан кейин “Сивасспор” ҳақиқий қаҳрамонлик кўрсатди. Беллашувнинг иккинчи ярмида бу жамоа вакиллари мезбонлар дарвозасига яна уч маротаба йўл топа олди.

Ҳарри Родригеш, Рей Манай ва Урош Радакович биттадан тўп киритиб, мағлубиятни ғалабага айлантира олди – 4:2.

Бу ғалабадан кейин сивасликлар очколари сонини 14 тага етказиб олди ва Европа кубокларига йўлланма берувчи юқори ўринлар учун курашга қайтди.

Тажрибали легионеримиз жорий мавсумда жамоасининг барча – ўнта учрашувида иштирок этди ва жамоадошларига учта голли пас узатди.

Азизбек Турғунбоев “Навбаҳор” тарбияланувчиси ҳисобланади. Юртимизда наманганликлар жамоасидан ташқари “Пахтакор”да ҳам тўп тепган.

30 ёшли универсал футболчи ўтган йилнинг охирида Қатарда ўтказилган Осиё кубогидаги ёрқин ўйинларидан кейин 2024 йилнинг бошида илк бор легионерга айланди. “Сивасспор” вакиллари “Пахтакор” билан шартномаси якунланган ўйинчини эркин агент мақомида ўз таркибига қўшиб олди.

Турғунбоев аслида таянч ҳудудда ўйнайдиган марказий ярим ҳимоячи ҳисобланади. Бироқ ҳар икки қанотда ҳимоядан ҳужумгача бўлган зонада ҳам муваффақиятли ўйнай олади.

Азизбек клублар миқёсида Ўзбекистон ва Туркия жамоаларида жами 242 та учрашувда майдонга тушиб, 45 та гол ва 19 та ассист муаллифи бўлган. “Сивасспор”га кўчиб ўтганидан бери турк жамоасида жами 22 та учрашувда иштирок этди, ўз ҳисобига битта гол ва учта голли узатма расмийлаштириб қўйди.

Турғунбоев 2018 йилдан бери Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси ҳисобланади. Халқаро миқёсида 35 та учрашув ўтказиб, Мексика ва Австралия каби кучли терма жамоалар дарвозасига биттадан тўп киритган. Шунинг,  Таиланд терма жамоасига қарши иккита ўйинда биттадан гол урган. Яна икки марта жамоадошларига пас узатган.

Легионеримизнинг “Сивасспор” билан амалдаги шартномаси 2025 йилнинг 30 июнигача давом этади.

Шомуродов бир шов-шув кўтарди-ю...

Ҳусанов бу клубга ҳақиқий сюрприз бўлди!
Бир неча метрдан гол уролмаган Шомуродовнинг ўйини қандай баҳоланди?

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!