Шомуродов Жозе Моуриньонинг ишдан ҳайдалишига сабабчи бўлиши мумкин
Италия А Серияси саккизинчи турида энг қизиқарли учрашувлардан бири “Кальяри” ва “Рома” ўртасида бўлади.
Бу баҳс футбол оламида ўз ўрнига эга бўлган икки машҳур мураббий – Клаудио Раньери ва Жозе Моуриньонинг ўзаро рақобати сифатида мухлису мутахассислар диққат марказида турибди.
“Кальяри” ҳам, “Рома” ҳам бу мавсум анча бўш ўйнаяпти. Сардинияликлар ҳали ғалаба қозонмаган, еттита ўйиндан фақат икки очко жамғара олган холос. Клаудио Раньери шогирдлари мусобақа жадвалида энг охирги поғонада турибди. Тажрибали мураббий бу ҳолатдан чиқиб кетиш йўлларини қидирмоқда.
“Рома”га барқарорлик етишмаяпти. Жозе Моуриньо шогирдлари бир ўйинда йирик ҳисобда ғалаба қозониб, айрим учрашувларда кутилмаган ўз дарвозасидан кўп ўтказиб юборяпти. Чемпионлик ва УЕФА чемпионлар лигаси йўлланмаси учун курашиши кутилган “Рома” саккиз очко билан аутсайдерларга яқин жойлашиб олган.
Олтинчи турда “Рома” А Серия дебютанти – Элдор Шомуродовни римликлар 18 миллион еврога пуллаган “Женоа”га тўқнаш келиб, ўйинда 1:4 ҳисобида мағлубиятга учраган эди. Италия матбуотининг ёзишича, клуб хўжайини Дэн Фрнкин ўша мағлубиятдан кейин Жозе Моуриньони ҳайдаб юборишга қарор қилган. Бироқ спорт директори Тиагу Пинто орага аралашиб, ҳамюртига озгина имкон беришни сўради.
Corriere dello Sport нашрининг маълумотига кўра, Моуриньонинг истеъфоси кун тартибидан олингани йўқ. Гарчи аввалги турда римликлар “Фрезиноне”ни 2:0 ҳисобида юрган бўлса-да, Сардинияда бўладиган ўйин Моуриньо учун ҳал қилувчи бўлиши кутиляпти.
Португалиялик мутахассиснинг ўзи ҳам истеъфога тайёр кўринади. Моуриньо буни гап орасида қистириб ўтди.
- Ҳозир бор эътиборимни “Рома”га қаратганман. Бор кучимни охиригача сарфлайман. Келажакни ҳеч ким башорат қила олмайди. Лекин мен Саудия Арабистонида мураббийлик қилишимга аминман.
Саудияда миллий чемпионат ривожланяпти. Бу Криштиану Роналду эффекти. У машҳур юлдузлардан биринчи бўлиб, у ерга борди ва футбол оламидаги тенденцияни ўзгартириб юборди. Саудия лигасида рақобат бор, чунки у ерга маҳоратли футболчилар кучга тўлган пайтида йўл олмоқда, - деди Жозе Моуриньо.
“Кальяри” ва “Рома” ўртасидаги учрашув А Сериядаги ягона вакилимиз Элдор Шомуродов учун ҳам алоҳида аҳамият касб этади. Чунки легионеримиз ҳамон “Рома” ўйинчиси ҳисобланади. “Кальяри”да мавсум охиригача ижарада ўйнайди.
Шомуродов бир ўйинда ҳар икки мураббийга ўз салоҳиятини кўрсатиб қўйиши керак. Бунинг учун бу баҳсдан яхши имконият бўлмайди.
“Кальяри” бош мураббий Клаудио Раньери бу гал таркибда катта ўзгаришлар қилишга ваъда берган. Бир неча нашрлар олдинги чизиқда Гаэтано Ористаниога имконият беришини таъкидламоқда. Иккинчи ҳужумчи ўрнига уч футболчи – мавсумга тайёргарликни кеч бошлагани учун ҳамон юқори спорт формасига чиқа олмаётган Элдор Шомуродов, мушакдаги жароҳатлари безовта қилган Андреа Петанья ва Леонардо Паволетти. Уларнинг бирортаси ҳали гол ура олмаган. Мураббийлар штаби ёш Ористанионинг ёнида тажрибали шу уч футболчидан бирини илк дақиқалардан ўйнатиши керак.
“Кальяри”нинг мавсумдаги икки голига муаллифлик қилган Зито Лувумбо ўтган турни ўтказиб юборди. Мутахассисларнинг таъкидлашича, унинг ҳам жисмоний ҳолати ҳали 90 дақиқани фаол ўтказишга етмайди.
“Кальяри” ва “Рома” учрашуви 8 октябрь куни Тошкент вақти билан 21:00 да бошланади.
Фикрлар