Шомуродов қани?
Transfermarkt портали айни пайтда Европанинг кучли бешлик чемпионатларида ўйнаётган собиқ иттифоқ ҳудудидан етишиб чиққан футболчилардан иборат рамзий терма жамоа тузди.
Ушбу портал экспертлари рамзий жамоага Англия, Испания, Италия, Франция, Германия чемпионатлари юқори дивизионларида ўйнаётган футболчиларнинг трансфер суммалари қийматига қараган ҳолда жалб этган.
Рамзий терма жамоа қуйидагича кўриниш олди.
Дарвозабон:
Георгий Мамардашвили (Грузия, “Валенсия”, € 30 млн).
Ҳимоячилар:
Александр Зинченко (Украина, «Арсенал» Лондон, € 42 млн); Виталий Миколенко (Украина, «Эвертон», € 25 млн); Илья Забарний (Украина, «Борнмут», € 20 млн).
Ярим ҳимоячилар:
Михаил Мудрик (Украина, «Челси», € 45 млн); Александр Головин (Россия, «Монако», € 30 млн); Виктор Циганков (Украина, «Жирона», € 22 млн); Руслан Малиновский (Украина, «Женоа», € 10 млн); Далер Кузяев (Россия, «Гавр», € 10 млн).
Ҳужумчилар:
Хвича Кварацхелия (Грузия, «Наполи», € 85 млн); Артём Довбик (Украина, «Жирона», € 15 млн).
Кўриниб турибдики, бу рамзий терма жамоадан фақатгина уч мамлакат - Украинадан етти, Грузия ва Россиядан икки нафардан футболчига жой берилган.
Transfermarkt портали мутахассислар бу рамзий жамоага Ўзбекистоннинг энг машҳур футболчиси Элдор Шомуродовни киритгани йўқ. Бунинг сабаби – жорий мавсумда “Кальяри” шарафини ҳимоя қилаётгани легионеримизнинг ўтган мавсумларда “Рома” ва “Специя” жамоаларидаги натижалари юқори бўлмагани ва трансфер суммаси тушиб кетгани билан изоҳланади.
Элдор Шомуродовнинг энг юқори трансфер суммаси у Римга кўчиб ўтган давр – 2021 йилнинг октябрида 14 миллион евро миқдорида қайд этилган. Бугунги кунда 28 ёшли футболчининг нархи 6 миллион еврога баҳоланмоқда.
Кучли бешлик чемпионатларидаги иккинчи вакилимиз – Абдуқодир Ҳусанов ҳам рамзий терма жамоага киритилмади.
Ёзда Беларусь чемпионатидан Франция вице-чемпиони “Ланс” сафига кўчиб ўтган марказий ҳимоячи ҳозир кучли лигага мослашиш даврини ўтаяпти.
Шунга қарамай, Абдуқодир Франция чемпионатида икки марта майдонга тушди. “Мец” ва “Лилль” жамоаларига қарши баҳсни илк дақиқалардан бошлаган 19 ёшли футболчининг ўйини экспертлар томонидан юқори баҳоланди.
Ҳусановнинг трансфер суммаси 2023 йилнинг 16 октябрь куни янгиланган рейтингда 400 минг евродан 800 минг еврога кўтарилгани қайд этилган.
Фикрлар