
Шомуродов “Рома”нинг “топ-5”даги тарихий рекордини таъминлаб берди!
Чемпионатни жуда оғир бошлагант “Рома” мавсумнинг ҳал қилувчи палласига келиб, Европа Чемпионлар лигаси йўлланмаси учун даъвогарга айланди.
Римликлар 35-турда “Фиорентина”ни 1:0 ҳисобида мағлубиятга учратди. Бу гал ҳам Элдор Шомуродов ягона голга ассистентлик қилди. Биринчи бўлим якунланиши арафасида унинг бош билан узатган тўпини Артём Довбик Давид де Хеа дарвозасига жойлади.
Ўзбек ҳужумчиси иштирок этган айнан мана шу гол “Рома” учун ўта аҳамиятли бўлиб чиқди ва иккита рекорд келтирди.
Биринчи рекорд – Европа топ-чемпионатлари миқёсида қайд этилди. “Рома” жорий мавсум давомида тўққиз маротаба 1:0 ҳисобида зафар қучди. Шу ғалабалардан саккизтасида Клаудио Раньери бошқарувида, биттаси аввалги бош мураббий Иван Юрич даврида қўлга киритилди.
Opta статистика марказининг маълум қилишича, Европанинг энг кучли беш чемпионатида ҳали ҳеч бир жамоа бу мавсум тўққиз маротаба 1:0 ҳисобида ғалаба қозона олгани йўқ.
Бундан ташқари, римликларнинг 2024 йилнинг декабридан бошланган мағлубиятсиз серияси 19 та учрашувга етди. “Бўрилар” ҳозиргача 14 та беллашувда ғолиб чиқиб, беш бор дуранг ўйнаган. Бу кўрсаткич ҳам “топ-5” лигалари учун мавсум рекорди ҳисобланади. Италия, Англия, Франция, Германия ва Испания чемпионатларининг қолган гигантлари ҳам бунақа серия намойиш этолгани йўқ.
Элдор Шомуродов бевосита иштирок этаётган бу ғалабалар туфайли “Рома”нинг 1:0 ҳисоби бўйича рекорд кўрсаткичи ички чемпионатда ҳам юқори даражага етди.
Элдор 33-турда “Верона” дарвозасини ишғол қилиб, кичик ҳисобдаги ғалабалар сони бўйича “Рома” учун мавсум рекордини ўрнатганди. Бу рақам еттитани ташкил қилганди.
Пойтахт “бўрилари” кейинги кетма-кет иккита учрашувда ҳам шу ҳисобда зафар қучди. Энг эътиборли жиҳати шундаки, “Интер” ва “Фиорентина”га қарши ўтказилган бу баҳсларда Матиас Суле ва Артём Довбикнингбиттадан ғалаба голига айнан ўзбек футболчиси ассистентлик қилди.
35-тур якунларига келиб, бир гол эвазига ғалаба қозониш бўйича “Рома”дан кейинги ўринларни чемпионат пешқадами “Наполи” (етти марта 1:0 ҳисобида зафар қучган) ҳамда “Фиорентина” (бешта минимал ғалаба) эгаллаб турибди.
Шу тариқа, “Рома”нинг мавсумдаги 1:0 ғалабалари сони тўққизтага етди. Бу қарийб ярим аср муқаддам ўрнатилган рекорднинг такрорланиши бўлди.
1965-1966 йилларда Оронцо Пульезе ва 1974-1975 йилларда Нилс Лидхольм бош мураббийлик қилган даврда римликлар тўққизтадан учрашувни минимал ҳисобдаги ғалаба билан якунлаган. Яна учта мавсумда саккиз мартадан 1:0 ҳисоби кузатилган.
Энди римлик чарм тўп усталари бу кўрсаткич бўйича мутлақ рекорд ўрнатиши учун “Аталанта”, “Милан”, “Торино” билан бўладиган охирги учта баҳсдан биттасида 1:0 ҳисобида зафар қучиши кифоя қилади.
Эслатиб ўтамиз, Элдор Шомуродов жорий мавсум А Серия ўйинларида 24 маротаба майдонга тушиб, “Эмполи”, “Монца”, “Ювентус” ва “Верона” жамоалари дарвозаларини ишғол қилган. Шунингдек, “Болонья”, “Монца”, “Интер” ва “Фиорентина”га қарши баҳсларда жамоадошларига голли пас узатган.
Ҳусановни захирага “михлаган” ўйинчи хушхабар олди!
Ғалабага улкан ҳисса қўшган Шомуродовнинг ўйини қандай баҳоланди?
Фикрлар