
Шомуродов трансфери барбод бўляпти!
Элдор Шомуродов “Рома”дан “Болонья”га кўчиб ўтишга яқин эди. Томонлар ўртасидаги музокара якуний босқичга киргани ҳақида хабар тарқатган Жанлука ди Марцио трансфер амалга ошиши мумкинлигини таъкидлаганди.
Ўтказилган музокаралардан сўнг “Болонья” мутасаддилари пойтахтликлар қўйган талабни қабул қилмади. “Рома” спорт директори Тьягу Пинто раҳбарият билан келишган ҳолда, ўзбекистонлик легионернинг ижара шартномасига “Болонья” уни мавсум охирида 9 миллион еврога харид қилиши мажбурияти кўрсатилган бандни киритган эди.
“Болонья” римликларга бу суммани кўтара олмаслигини билдирди. Болоньяликлар мажбурий трансфер суммасини пасайтириш ёки бу бандни шартномадан умуман олиб ташлашни талаб қиляпти.
Трансферларни таҳлил қилиб бораётган экспертлар “Рома” вакиллари “Болонья”нинг талабини жавобсиз қолдириши эҳтимоли катта эканини таъкидлаяпти.
Чунки, ўткир ҳужумчига эҳтиёж сезаётган “Торино” ва “Сассуоло” Шомуродов атрофидаги вазиятни кузатиб бормоқда. Айниқса, “Сассуоло” жамоаси римликлар “Болонья” олдига қўйган талаб асосида Элдорни трансфер қилишга тайёрлиги айтилмоқда.
Шунингдек, манбалар “Вулверхэмптон” ўзбек футболчисининг трансферини бирданига сотиб олишга тайёрлиги ҳақида ёзмоқда. Бироқ, Шомуродовнинг ўзи Англия премьер-лигасига кўчиб ўтишдан А Серияда қолишни маъқул кўрмоқда.
Европа футболига ихтисослашган https://www.euro-football.ru нашрининг ёзишича, Шомуродовнинг Италияда қолиш истаги шу қадар кучлики, ўзбекистонлик ҳужумчи Германиядан бўлган бир жуфт таклифни ҳатто кўриб чиққани йўқ.
Шу омилларни ҳисобга олиб, экспертлар Элдор Шомуродовнинг А Сериянинг ўртамиёна клубларидан бирига ўтиши мумкинлигини таъмин қилмоқда. Дарҳақиқат, “Рома” раҳбарияти ҳам Шомуродов трансфери тезроқ ҳал бўлишини кутяпти.
Пойтахтликлар эркин агент мақомида юрган Андреа Белоттини Жозе Моуриньо билан ишлашга кўндирган. Бироқ, молиявий фэйр-плей қоидалари бузилмаслиги учун Италия миллий терма жамоаси ҳужумчиси билан шартнома Элдор Шомуродовнинг трансфери ҳал бўлганидан кейин имзоланади.
Шомуродов Ўзбекистон чемпионатида “Машъал” ва “Бунёдкор” жамоалари шарафини ҳимоя қилган. Ҳамюртимиз 2017-2020 йиллар давомида Россия премьер-лигаси вакили “Ростов” жамоасида тўп тепди. Легионеримиз Россия премьер-лигасида 80 та учрашувда ўн олтита гол ва ўнта ассист, Россия кубогида ўнта беллашувда битта гол ва бир жуфт голли пас, Европа лигаси саралаш турнирида битта ўйинда ўз ҳисобига битта аниқ зарба ёздириб қўйган.
Шундан сўнг, Элдор Шомуродовни “Женоа” 2020 йилнинг октябрида 9 миллион евро эвазига ўз сафига қўшиб олди. Генуя клубида саккизта тўп киритган футболчимизни ўтган йили ёзда Жозе Моуриньо ўзи қабул қилиб олган “Рома”га таклиф этди.
Римдаги фаолият форвардимиз учун кутилганидек самарали бўлмади. Асосан захирадан ўйинга қўшилган Элдор жами 40 та учрашувда бешта гол ва олтита ассист муаллифи бўлди.
Шомуродовнинг “Рома” билан тузган шартномаси 2026 йилнинг ёзигача давом этади.
Европа клуби: Шомуродов асосий ҳужумчимиз ўрнини эгаллаши керак!
Шомуродовнинг “Вулверхэмптон” бўйича позицияси аниқ бўлди!
Белотти кутиб тур, Шомуродов кетвосин!
Фикрлар