Шомуродов ва Лукаку тандемини кўрамизми?
“Рома”да мавсум якунланиши билан таркибда жиддий ўзгаришлар бўлиши кутилмоқда. Янгланиш асосан ҳужум чизиғида бўлади.
Бир неча манбалар жамоанинг етакчи ҳужумчисига айланган Пауло Дибалани катта клублар олиб кетиб қолишини ёзмоқда. Аргентиналик жиҳон чемпионининг ўзи ҳам Европа Чемпионлар лигасида мунтазам қатнашадиган грандлардан бирига ўтишга қарши эмас.
Қолаверса, Рим клуби раҳбарияти Жозе Моуриньо ўрнига мураббий қидира бошлагани ҳам Дибаланинг танловига таъсир қилиши аниқ. Чунки бу ҳужумчи ўтган йили ёзда бир неча яхши таклифлар борлигини қарамай, айнан Моуриньонинг чорлови билан “бўрилар” сафига қўшилган эди.
Calciomercato нашрининг таъкидлашича, римликлар англиялик ҳужумчи Тэмми Абрахамдан қутилиш ҳаракатига тушиб қолган. Дебют мавсумида тўпурарлик салоҳиятини кўрсатган 25 ёшли форвард бу йилги чемпионатда “ўтириб” қолди. Абрахам мавсум бошланганидан бери 38 маротаба майдонга тушиб, атиги еттита гол урди. Моуриньо Тэммига аввалгидек ишонч билдирмаяпти ва уни сотиб юборилишига қарши эмас.
Рим клуби Абрахам бўйича бир режани амалга оширмоқчи. Унга кўра, Тэмми янги ҳужумчи қидираётган “Челси”га қайтариб юборилади. Лондонликларда ўз тарбияланувчисини 80 миллион еврога қайта сотиб олиш ҳуқуқи бор. Ҳозир Абрахамнинг нархи бу суммага тортмайди.
Манбаларнинг ёзишича, римликлар Абрахамни ортга қайтариб, “Челси”га керак бўлмай қолган бошқа юлдуз – Ромелу Лукакуни ўз сафига қўшиб олмоқчи.
Бельгиялик форвард учун “Челси” 2021 йилда 115 миллион евро сарфлаган эди. Рекорд даражада қиммат трансферга айланган Лукаку “Челси”да яна ўзини кўрсата олмади ва ижара асосида келган жойи – “Интер”га қайтариб юборилди.
Жорий мавсумда “Интер” сафида Ромелунинг ишлари кутилган даражада юришгани йўқ. Миланликлар қимматбаҳо ўйинчини тўлиқ трансфер қилиш фикридан қайтди. Мавсум якунланиши билан Лукаку “Интер” ва “Челси”га керак бўлмаган футболчига айланади ва ўзига янги жамоа топиши керак.
Трансфер мутахассислари “Рома” ва “Челси” раҳбарияти Абрахам ва Лукаку рокировкаси орқали ҳужум чизиғидаги муаммоларни бартараф этиши мумкинлигини таъкидламоқда.
Биз учун қизиқ томони, мавсум якунланиши билан Элдор Шомуродов ижара муддатини тугатиб, “Специя”дан Римга қайтади.
Агар кутилаётганидек, Пауло Дибала ва Тэмми Абрахам “Рома”ни тарк этадиган бўлса, клуб раҳбарияти Элдор Шомуродовни яна таркибга қайтариш эҳтимоли ошади.
Демак, трансфер мутахассисларининг схемалари амалга ошадиган бўлса, Элдор Шомуродов жаҳон футболининг яна бир юлдузи Ромелу Лукаку билан рақобатлашиш ва ёнма-ён ўйнаш имкониятига эга бўлишни кутишимиз мумкин...
Шомуродов Антонио Конте қўл остида тўп тепиши мумкин
Бугун “Афсунгар”нинг таваллуд куни
Фикрлар