
Шомуродов: “Ювентус”га қарши гол уриш – яхши, аммо иккита бўлганида ажойиб бўлар эди!”
Миллий терма жамоамиз сардори ва "Рома" ҳужумчиси Элдор Шомуродов яна бир бор жамоаси учун кечанинг қаҳрамонига айланди. У "Ювентус"га қарши ўйинда захирадан майдонга тушди ва муҳим гол муаллифи бўлди. Учрашув 1:1 ҳисобида якунланди.
Учрашувдан сўнг Шомуродов "DAZN" телеканалига қуйидаги фикрларини билдирди:
— Захирадан майдонга тушишдан олдин мураббий Раньери менга Довбикка ёрдам беришимни айтди. Иккинчи тайм яхши бошланди, афсуски, ғалаба қозона олмадик. Биз иккинчи голни уриш имконига эга эдик. Бироқ, бир очко “Ювентус”га қарши ўйинда ёмон эмас.
Ўзбекистонлик футболчи ўз голидан мамнун бўлганини, аммо имкониятлар кўпроқ бўлганини қўшимча қилди:
— Хурсандман, албатта. Аммо агар дубль қила олганимда, бу янада яхши бўларди.
Элдор шунингдек, келаётган "Дерби" ҳақида ҳам гапирди:
— Биз яхши тайёргарлик кўришимиз керак ва бу вақтгача нимани уддалаган бўлсак, шуни давом эттиришимиз лозим. Муҳими – мухлисларни хурсанд қилиш" - дея ўз фикрлари билан ўртоқлашди терма жамоамизнинг етакчи футболчиси.
Маълумот ўрнида, 29 ёшли форвард жорий мавсум римликлар сафида 30 та учрашувда майдонга тушиб, 6 та гол ва 3 та голли узатмага муаллифлик қилган.
Фикрлар
Келгусида рақиблар дарвозасига урадиган голларинг давомли бўлсин!