Шомуродовдан кўп гол урган ҳимоячини Англияда кутишяпти

“Манчестер Юнайтед” раҳбарияти ёзги трансферлар вақтида ҳимоя чизиғини кучайтириш бўйича иш олиб бормоқда.

Манбаларнинг маълум қилишича, инглизлар “Рома”га истеъдодли ҳимоячи Жанлука Манчинининг трансфери бўйича сўров юборган. Тўрт йилдан бери А Серияда муваффақиятли тўп тепаётган ҳимоячи “бўрилар” таркибига 2019 йили “Аталанта”дан кўчиб ўтган эди.

“Рома” бу футболчи билан 2024 йилнинг ярмига қадар давом  этадиган шартномага эга. Бироқ, римликлар 30 миллион евро миқдорида таклиф бўлса, Манчинининг кетишига тўсқинлик қилмайди.

24 ёшли ўйинчи жорий мавсумда А Серияда жами 25 та баҳсда майдонга тушиб, ўз ишини пухта бажаришдан ташқари, рақиблар дарвозасига тўртта гол уришга муваффақ бўлди.

Эслатиб ўтамиз, Манчини марказий ҳимоячи бўлишига қарамай, А Серия ўйинларида аксарият ҳужумчилар, хусусан ҳисобига учта тўп ёзиб қўйган Элдор Шомуродовдан ҳам кўп гол урган футболчи ҳисобланади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!