Шомуродовга бир қараб қўй, Моуриньо!
Италия матбуоти пойтахт жамоаси – “Рома” атрофидаги воқеаларни ёритишни, жамоа, мураббийлар, футболчилар ҳаракатларини таҳлил қилишни яхши кўради.
Бу мамлакатдаги энг нуфузли нашрлардан бири La Gazzetta dello Sport Элдор Шомуродов фаолиятига эътибор қаратди. Албатта, бу бежиз эмас. Бунга Жозе Моуриньо четга чиқариб қўйган легионеримизнинг Европа лигаси доирасида Болгарияда “Лудогорец” дарвозасига урган голи ва кўплаб мутахассислар томонидан “Рома”нинг ўша баҳсдаги энг яхши футболчиси, деб эътироф этилгани асос бўлди.
La Gazzetta dello Sport нашри шундай ёзади:
- Разграддаги зулматда қуёш нури полади. Мураббийлар кам фойдаланаётган ҳужумчида барибир қайта юксалиш пайти келади – бу имконият эртами-кечми барибир тақдим қилинади. Агар ҳужумчининг захирада қолиб кетаётганининг асосий сабаби трансфер бозоридаги вазият билан боғлиқ бўлса, Элдор Шомуродовнинг самарадорлик кўрсатгани унинг қайтишининг аҳамиятини янада ошириб юборади.
Ўтган йили Жозе Моуриньо танлаган ҳужумчи учун Европа лигасидаги “Лудогорец”га қарши деббт учрашувнинг 23 дақиқаси Шомуродовнинг елкасидан босиб турган “тоғ”ни ағдарди ва уни таъқиб қилаётган мавҳумликка барҳам берди.
Мавҳумлик голлар билан яшайдиган марказий ҳужумчилар учун жуда ёмон ҳолат ҳисобланади.
Аслида Элдор Шомуродовнинг А Сериядаги кўрсаткичлари ёмон эмасди. Ўтган мавсумда А Серияда жами 766 дақиқа тўп тенган форвард учта тўп киритди.
Бу кўрсаткичнинг аҳамиятини қолган таниқли ҳужумчилар натижаси билан солиштирамиз: “Лацио” вакили Ведат Мурики 206 дақиқа ўйнаб гол уролмади, Шомуродовнинг жамоадоши Стефан Эл-Шаарави 1045 дақиқада учта, “Верона”дан Кевин Лазанья 1174 дақиқада иккита, “Фиорентина”дан Артур Кабрал 749 дақиқада иккита гол киритди холос.
Бу борада ўзбек ҳужумчисини “Фиорентина”да 736 дақиқада учта гол урган Кшиштоф Пёнтек, “Наполи” сафида 560 дақиқада уч бор тўп киритган Андреа Петанья, “Интер” учун 866 дақиқа ўйнаб, ўз ҳисобига бешта тўп ёздирган Алексис Санчес қаторига қўшиш мумкин.
Жозе Моуриньо ёзги трансферлар вақтида жамоа ҳужум чизиғини ўзи истаган даражада кучайтира олди. Клуб бир неча клублар оғиз солган Николо Дзаньолони таркибда сақлаб қолди. Эркин агент сифатида Пауло Дибала ва Андреа Белотти каби юлдуз тўпурарни жамоага қўшишни уддалади.
Бош мураббийга керак бўлмай қолган олдинги чизиқ вакилларидан Жастин Клюйверт “Валенсия”га, Феликс Афена-Гьян “Кремонезе”га, Карлес Перес “Сельта”га жўнатилди. Ҳужумчилардан фақатгина Элдор Шомуродовнинг бозори юрмай қолди. Аслида энг кўп харидорга эга футболчи ҳам Шомуродов эди.
Қизиғи шундаки, мавсум стартида “Рома”да ҳужумчилар билан боғлиқ муаммо вужудга келди. Тэмми Абрахам, Николо Дзаньоло, Стефан Эл-Шаарави бир неча ўйин давомида жамоага ёрдам бера олмайдиган даражада шикастланди.
Мавсумолди йиғинида қатнашмаган Андреа Белоттининг жисмоний ҳолати талабга жавоб бермаётгани кўриниб қолди. Пауло Дибала ҳужумда ёлғизланиб қолган бир пайтда жамоа жонига Элдор Шомуродов аро кирди.
“Лудогорец”га қарши баҳс ўзбек ҳужумчиси ҳозирнинг ўзида бошқа ҳужумчилардан яхшироқ тайёргарликка эга эканини кўрсатиб берди.
Энди кўпчилик мухлису мутахассисларни Жозе Моуриньо жамоадаги вазиятдан келиб чиқиб, Элдор Шомуродовга қанчалик ишонч билдиришига қизиқмоқда.
Тўпурар легионеримиз Туркия, Польша, Қатар, Саудия клублари таклифини рад этди ёхуд навбатда Германия жамоаси турибди!
Фикрлар