Шомуродовга суперклубдан қачон жой очилади?
Италия А Сериясини мунтазам кузатиб бораётган футбол мухлислари эътиборини бир фактга қаратган бўлса, ажаб эмас. Ўзига хос хусусиятларга эга бўлган итальян футболида етакчи жамоаларнинг ғалабаларига катта ҳисса қўшаётган ҳужумкор футболчиларнинг аксарияти ёши ўтиб бораётган “қариялардир”.
Шунингдек, А Серияда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатларидан етишиб чиққан бир неча футболчи тўп суради. Хусусан, арманистонлик Генрих Мхитарян, россиялик Алексей Миранчук, украиналик Руслан Малиновский ва ўзбекистонлик Элдор Шомуродовнинг номини келтириш мумкин.
Булар орасида Италияда энг кўп гол ураётган ўйинчи Генрих Мхитаряндир. Катта клублар мактабини ўтаган бу футболчи “Рома” ўйинига жуда мос тушди. Арман йигити жорий мавсумда еттита гол уриб, саккизта голли пас оширди. Қизиғи шундаки, 32 ёшли ярим ҳимоячи гранд клубларда тўпурарлик қилаётган футболчилар орасида энг ёшларидан бири ҳисобланади.
Катта жамоалар шарафини ҳимоя қилаётганлар тўпурарлар орасида Мхитаряндан Чиро Иммобиле бир ёшга кичкина холос. А Серия тўпурарлари баҳсида етакчилик қилаётган “Ювентус” етакчиси Криштиану Роналду ва “Рома” ҳужумчиси Эдин Жеко бу йил ўттиз олтига киради. “Милан”нинг олтита учрашувида 10 та гол урган жамоанинг асосий юлдузи Златан Иброҳимович қирқни қоралаб қўйди.
Айни пайтда “Сампдория”дан “Ювентус”га ўтиши кутилаётган Фабио Квальярелла шу ойнинг ўзида 38-бор туғилган кунини нишонлайди. Бу рўйхатга “Интер” ҳужумчиси Ромелу Лукаку тўғри келмайди холос. Бельгиялик ҳужумчи бу йили 28 ёшга тўлади.
Таъкидлаш жоизки, юқорида тилга олинган тўпурарлар қанчалар зўр бўлмасин яқин йиллар ичида фаолиятини якунлаши ёки камтарроқ клубларга ўтиб кетиши ҳақиқатга яқинроқ. Чунки, футболда ёш барибир муҳим роль ўйнайди. Буни Златан Иброҳимовичдек жисмонан бақувват ва чидамли ўйинчининг жароҳатлар тўридан чиқиб кета олмаётгани ҳам тасдиқлаб турибди.
Албатта, суперклублар ёши ўтиб бораётган футболчиларнинг ўрнига олдиндан бошқаларини кузатиб бориши сир эмас. Шу маънода, “Женоа” етакчисига айланиб бораётган Элдор Шомуродовнинг ҳам катта жамоалар назарига тушишига умид қиламиз. Зотан, ҳамюртимизнинг ўзи Генуя клуби унинг фаолиятида кўтарилиш учун бир босқич эканини таъкидлаган. У фаолиятини охиригача “Женоа”да ўйнамоқчи эмас.
Хориж нашрлари Баллардини жамоасининг сўнгги икки ўйинида энг яхши футболчи, деб эътироф этилган Элдорнинг Италияда тобора ҳурмати ошиб бораётгани ҳақида ёзмоқда. Бошида Италиянинг айрим инжиқ ва талабчан мутахассислари ва мухлислари ўзбек йигитини тан олишни истамади. Элдорнинг меҳнатсеварлиги, камтарлиги ва итальян тилини тез ўзлаштиришга иштиёқи баландлиги маҳаллий журналистлар ўртасида унга эътиборни кучайтириш баробарида “Женоа” мухлисларининг меҳрини ҳам уйғотди.
“Спорт Экспресс” нашрининг ёзишича, Италиянинг энг кекса жамоасини лигада олиб қолиш учун тўртинчи маротаба ёрдамга келган Давиде Балларидини аввалига ўзбек ҳужумчисига ишонч билдирмаган бўлса-да, энди унинг фикри ўзгарган. Тажрибали мураббий ҳудди генуялик мухлислари каби Шомуродов ўз ўйини билан “Женоа”га катта ёрдам беришига тобора ишончи ортиб бормоқда.
Ҳозирча, А Серия жадвалида охиридан битта юқорида жойлашган “Женоа”нинг ўйинида ижобий ўзгаришлар сезила бошлади. Давиде Баллардини ҳужум чизиғида бошланғич таркибга қайси футболчи муносиб эканини билиб олди. Қишки трансферлар даврида генуяликлар кўп ўйинларда панд бераётган ҳимоя чизиғини кучайтириш энг долзарб масала эканини тушуниб етди. Бу борада амалий ишлар қилинмоқда.
“Женоа” А Сериядаги навбатдаги учрашувини 9 январь куни ўз майдонида “Болонья”га қарши ўтказади. Бўлажак ўйинда Элдор Шомуродов яна ўзини кўрсата олишига умид қиламиз.
Фикрлар