Шомуродовнинг А Сериядаги дебют голи "Женоа"нинг очко олиши учун кифоя қилмади

Италия А Сериясининг 9-туридан ўрин олган "Женоа" - "Парма" учрашуви ўз якунига етди. Қизиқарли вазиятларга бой тарзда ўтган беллашувда меҳмонлар 2:1 ҳисобида зафар қучди. 

Эътиборлиси, ушбу баҳсда ҳамюртимиз Элдор Шомуродов асосий таркибда майдонга тушди ва 50-дақиқада А Сериядаги дебют голини урди. Бу билан у Италия чемпионатида гол урган илк ўзбек футболчисига айланди. Ўйиннинг 69-дақиқасида ватандошимиз захирага олинди. 

Элдор гол ургунига қадар меҳмонлар етакчиси Жервиньо 2 маротаба мезбонлар дарвозасини ишғол қиланди. Якунда, ўша дубль меҳмонларга ғалаба келтирди. 

Учрашув якунлангач, "Женоа" 5 очко билан 19-поғонада қолди. "Парма" очколари сонини 9 тага етказиб, 16-поғонага кўтарилиб олди. 

  • 90'

    Учрашув якунланди. Матнли трансляцияни Абдулвосид Валихонов олиб борди. 

  • 90+'

    Дестро ҳужумда тўпни қўли билан ўйнади. 

  • 90+'

    Ўйиннинг асосий вақтига 5 дақиқа қўшиб берилди. 

  • 90+'

    Грасси жароҳат олган кўринади. 

  • 89'

    Бани ўрнига Дестро майдонга тушди. 

  • 84'

    Бани сариқ карточка ишлаб олди. 

  • 81'

    Жервиньонинг зарбасини Сапата қайтаришга эришди. 

  • 79'

    Меҳмонлар тўпни ўзида ушлаб турган ҳолда, рақиб босимидан қутулишга интилмоқда. 

  • 75'

    "Парма" хотиржам ўйнашда давом этмоқда. 

  • 72'

    "Женоа"нинг ҳужумлари тинимсиз равишда давом этмоқда. 

  • 69'

    Шомуродов ва Лерагер ўрнига Пандев ва Зайц майдонга ташланмоқда. 

  • 67'

    Баделнинг зарбасини дарвозабон иккинчи урунишда ушлаб олди. Шомуродов шеригини тўп билан таъминлаган эди. 

  • 65'

    Корнелиуснинг узатмаси ҳимоячилар томонидан қайтарилди. Шунингдек, офсайд ҳам бўлган экан. 

  • 63'

    Элдорга узатилган тўп бироз кучли чиқди. 

  • 62'

    Эрнани Скоццарелла ўрнига майдонга тушди. 

  • 60'

    Роландо Маран ортиқча гаплар учун сариқ карточка ишлаб олди. 

  • 59'

    "Парма" футболчиси тиббий ёрдам олмоқда. 

  • 58'

    Бузи ("Парма") сариқ карточка ишлаб олди. 

  • 57'

    Элдорга узатилган яна бир узатмани ҳимоячилар ўтказмади. 

  • 56'

    Стураронинг узатмасини Бруно Алвес қайтариб юборди. Элдор томон тўп бораётганди. 

  • 53'

    Голдан руҳланган "Женоа" ҳужумга ташланмоқда. 

  • 50'

    ГОООООООООООООЛЛЛЛЛЛЛЛЛЛЛЛЛЛЛЛ!!! Элдор Шомуродов ҳисобни қисқартирмоқда. Жарима майдони ичида айланиб олган ҳолда берилган зарба дарвозадан жой олди. 

  • 47'

    ГОЛ! Ҳимоядаги пала-партишликдан Жервиньо фойдаланиб кетди. 

  • 46'

    Иккинчи тайм бошланди. 

  • 45'

    Танаффус. 

  • 45+'

    Пеллегринининг узоқ масофадан йўллаган зарбаси жуда ноаниқ кетди. 

  • 45+'

    Биринчи таймга 2 дақиқа қўшиб берилди. 

  • 45'

    Жервиньонинг зарбаси дарвоза устунига тегиб қайтди. Дарвозабон ҳам реакция кўрсатгандек кўринди. 

  • 44'

    Жервиньо деярли бўш қолган дарвозани ишғол қила олмади. 

  • 43'

    Голданига узоқ масофадан зарба бериб кўрди. Ноаниқ. 

  • 41'

    Жервиньонинг зарбаси ноаниқ кетди. 

  • 39'

    "Парма" футболчиси Пеллегринининг юзига зарба бериб юборди. Ҳакам карточка кўрсатмади. 

  • 37'

    "Парма" тартибли ҳимояланмоқда. 

  • 35'

    Стураро ҳужумда қоидани бузди. 

  • 34'

    Пеллегринининг ноаниқ узатмаси сабаб "Женоа" ҳужуми барбод бўлди. 

  • 32'

    Бурчакдан узатилган тўпни ҳимояга ёрдамга келган Шомуродов қайтариб юборди. 

  • 31'

    Сапата жарима майдони ичидан тўпни "тозалади". 

  • 30'

    Скамакка дарвозага 2 метр яқинликдан аниқ зарба бера олмади. 

  • 27'

    Жарима майдонига узатилган тўп учун Шомуродов курашга киришди. Аммо Лаурини иккинчи қаватда тўпни қайтариб юборди. Баделнинг тайёргарликсиз берган зарбаси дарвоза устидан ўтиб кетди. 

  • 25'

    Генуяликлар тўпни назорат қилишда давом этмоқда. Аммо вазиятлар яратилиши лозим. 

  • 23'

    "Парма" ҳужуми ноаниқ пас сабаб тўхтаб қолди. 

  • 21'

    Сеппе ўз вақтида тўпга чиқиб, генуяликларнинг ҳужумини бартараф этди. 

  • 19'

    Гальоло ўрнига Лаурини майдонга тушмоқда. 

  • 19'

    "Парма" футболчиси жароҳат олган кўринади. 

  • 18'

    "Женоа" ҳимоячиси Жервиньо манзилига узатилган тўпни ўтказмади. 

  • 16'

    Шомуродов жарима майдонига супер тарзда ёриб кирди. Зарба берди. Дарвозабон уни ушлаб олди. Элдор барчасини тўғри бажарди. 

  • 15'

    Жарима майдонига узатилган тўпга Скамакка аниқ зарба йўллай олмади. 

  • 13'

    Стураронинг зарба беришига ҳимоячилар йўл қўймади. 

  • 12'

    "Женоа"нинг яна бир ҳужуми зарбасиз якунланди. 

  • 10'

    ГОЛ! Жервиньо рақиб ҳимоячиларининг ҳимоядаги бўш ҳаракатидан унумли фойдаланиб, ҳисобни очди. Жарима майдонига узатилган тўпни футболчи осонлик билан дарвозага жойлаб қўйди. 

  • 8'

    Корнелиуснинг зарбаси йўллашига сўнгги нуқтада генуяликлар йўл қўймади. 

  • 7'

    Элдорнинг узатмасини шериги муваффақиятли ривожлантира олмади. 

  • 7'

    Тўпни "Женоа" ушлаб турибди. 

  • 5'

    Бурчак зарбасидан узатилган тўпга Корнелиус аниқ йўналиш бера олмади. 

  • 4'

    Жервиньо жарима майдонига ёриб кирди. Голданига сўнгги паллада тўп йўлига ғов бўлди. 

  • 4'

    Шомуродов тўпни тўхтатишда кичик хатога йўл қўйди. 

  • 3'

    "Парма" тўпни назорат қилиш орқали "Женоа"нинг илк дақиқалардаги фаоллигидан қутулишга интилмоқда. 

  • 1'

    Скамакканинг зарбаси у қадар кучли чиқмади. 

  • 1'

    Пеллегринининг ўнг қанотдан узатган тўпи ҳимоячига тегиб, дарвозабонга бориб тушди. 

  • 1'

    Учрашув бошланди. 

  • 0'

    Ўйин Диего Армандо Марадона хотирасига 1 дақиқалик сукут билан бошланади. 

  • 0'

    Тўпни "Женоа" ўйинга киритиб берадиган бўлди. 

  • 0'

    А Серия мадҳияси янграб ўтди. 

  • 0'

    Жамоалар майдонга тушиб келишмоқда. 

  • 0'

    Бугунги учрашувда Маттиа Перин дисквалификация туфайли қатнаша олмайди. Унинг ўрнида генуяликлар постида Палери майдонга тушади. 

  • 0'

    Шомуродов жамоаси ўйинолди машғулотларда. 

  • 0'

    "Женоа" стадиони ўйинга тайёр ҳолатда турибди:

  • 0'

    "Парма" эса ўйинни қуйидаги футболчилар билан бошлайди. 

  • 0'

    "Женоа" таркиби қуйидагича:

  • 0'

    Ассалому алайкум, азиз футбол мухлислари. Италия А Серияси 9-турида ҳамюртимиз Элдор Шомуродов ҳаракат қилаётган "Женоа" клуби "Парма"ни ўз уйида қабул қилади. Ушбу баҳсни Абдулвосид Валихонов матнли трансляция тарзида эътиборингизга ҳавола этади. 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Qudratilla Abdullayev
01/12/2020 08:16
Italiyalik Muxlislar Fikrini chiqaringlar adminlar. Shomurodov haqida qanday fikrda ular??