Шомуродовнинг “Женоа”си нохуш анъанасига чек қўйиб, “Наполи”ни тиз чўктира оладими?

Бугун тунда Тошкент вақти билан 00:45 да А Сериянинг 21-туридан ўрин олган “Женоа” ва “Наполи” ўртасидаги қизиқарли беллашув бошланади.

unnamed_83

Бу икки жамоа Италия футболи тарихида ўз ўрнига эга қадимий клублардан ҳисобланади. “Женоа” ва “Наполи” қарама-қаршилиги узоқ муддатдан буён – қарийб 100 йил, янада аниқроқ айтганда, 95 йилдан бери давом этиб келмоқда.

Бугунги кунда “Наполи”, шубҳасиз, генуяликлардан ҳар томонлама устун. Неаполликлар кейинги йилларда совринли ўринлар ва Чемпионлар лигаси йўлланмаси учун мунтазам курашаётган қудратли жамоалар қаторида зикр этилмоқда.

Таркибда Калиду Кулибали, Костас Манолас, Жованни Ди Лоренцо, Тьемуа Бакайоко, Пётр Зелиньски, Маттео Политано, Виктор Осимхен, Ирвинг Лосано, Дрис Мертенс, Лоренцо Инсинье каби ўз ишининг усталари кўплиги ҳам “Наполи”нинг кучли жиҳатларидан ҳисобланади.

1115873143_0_0_0_0_600x0_80_0_0_09795670952f4d3a14cbe7da53326315

Неаполликлар кўп гол уриб, кам тўп ўтказадиган жамоа ҳисобланади. Женнаро Гаттузо шогирдлари 19 та учрашувда рақиблар дарвозасини 43 марта аниқ нишонга олган. Жамоа бор-йўғи 19 та гол ўтказган ва бу кўрсаткич бўйича ўз дарвозасидан 18 та тўп олиб чиққан “Ювентус”дан кейин иккинчи ўринда.  

“Наполи” аслида генуяликлар учун анча ноқулай рақиб эканини айтиш жоиз. Умумий статистикадаги кўрсаткичлар ҳам шундан далолат бермоқда. Жамоалар 95 йил давомида жами 108 марта ўзаро куч синашган. Генуяликлар шулардан 31 тасида ғолиб чиққан, 36 олти марта дуранг қайд этилган ва 41 та учрашувда неаполликларнинг қўли баланд келган. Тўплар нисбати ҳам шунга яраша “Наполи” фойдасига – 149:130.

Эътиборга молик жиҳати шундаки, “Женоа” тўққиз йилдан бери “Наполи”ни таслим қила олмаяпти. Генуяликлар сўнгги бор 2012 йилнинг 29 январида ўз майдонида 3:2 ҳисобида устун келган. Шундан бери неаполликлар генуяликларга қарши бирорта учрашувда имкониятни бой бермади. Аксариятида зафар қучди. Айниқса, жорий мавсумнинг биринчи даврасида “Наполи” ўз майдонида “Женоа”ни 6:0 ҳисобида қақшатқич мағлубиятга учратгани аламли бўлди.

Бугунги ўйин олдидан вазият тамоман ўзгарган. Давиде Баллардини келганидан кейин “Женоа” барқарор жамоага айланди. Генуяликлар бу мутахассис қўл остида А Серияда тўртта ғалаба, иккита дуранг ва бир мағлубият қайд этди. Ҳужумкор ўйнашга интилаётган жамоа кўп гол уриб, кам ўтказяпти. Бугунги баҳс мезбонлари сўнгги тўрт ўйинда ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолди.

Генуяликларнинг кучли томони ва асосий қуроли Элдор Шомуродов ва Маттиа Дестро ҳужум тандемидир. Ўзбекистонлик легионер голли вазиятлар яратиб бермоқда, унинг италиялик шериги гол уришга киришиб кетган. Бугунги ўйинда бу икки футболчига кўп нарса боғлиқ бўлади. Шомуродов “Женоа”га қарийб ўн йилдан бери давом этиб келаётган омадсиз серияга барҳам беришда ёрдамлашиши керак. Бу унинг қўлидан келишига ишонамиз. Чунки, ҳамюртимиз кучли рақибга қарши ўзгача иштиёқ билан ўйнайди. Буни “Ювентус”, “Милан”, “Сассуоло”га қарши ўтказилган учрашувларда кўрганмиз.

dva_2

“Наполи”га эса, аксинча, барқарорлик етишмаяпти. Жамоа янги йилда “Кальяри”, “Удинезе”, “Фиорентина”, “Парма”ни енгган бўлса, ўз майдонида “Специя” ва сафарда “Верона”га имкониятни бой берди. Бу факт “Женоа”ни ҳайиқмай ўйнашга ундаши керак.

Хуллас, айни пайтда ҳар икки жамоа турнир жадвалида турли позицияларни эгаллаб тургани ва уларнинг мавсумга қўйилган вазифалари бир биридан кескин фарқ қилишига қарамай, бизларни кескин ва муросасиз курашларга бой ўйин кутиб турибди.

Шомуродов Дестрони энг зўр футболчига айлантирди!

"Шомуродовдан нега ҳайратланишим керак?"

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Marufjon
06/02/2021 08:19
Элдордан бугун гол кутмасам хам аввало майдонга тушишишини кутяпман. Машғулот вақтида кичик жароҳат олган дейишгани учун хижолат бўлиб турибман. Агар ўйинга тушса хеч йўқ голга асисентлик қилишини кутаман.